Айрилиқ дарди ёмон бўларкан. У бандасини кеча-ю, кундуз тарк этмайди. Ҳатто, ухлаган пайтида ҳам миясига ўрлаб, турли балолар, кўнгилсиз вазиятлар, армон ва алам тошларини ирғитаверади.
Нафиса ҳам етти ухлаб тушида кўрмаган ташвишни елкасига илди. Онасидан айрилишни сира тасаввурига сиғдира олмасди. Бошига тушгандан кейин ҳам ҳануз бу айрилиқни тушида кўраётган каби карахтланаверди. Ўйлади, одамларга боқди. Бу кўргиликни тушга йўйгиси келаверди. Афсуски, ҳақиқатдан қочиб қутулиб бўлмайди. Насибадек метин ирода соҳибасининг ўлими ҳақ бўлиб чиқаверди.
Охири аста-секинлик билан бўлса-да, тақдирга тан бера бошлади. Имкони борича ўзини ёлғиз ҳис этмасликка уринди. Ўпкаси тўлиб келган кезларда орқа-кетига қарамай, қабристонга чопди. Таниш қабр тепасида соатлаб ўтиришни, тўлиб кетганда айтиб-айтиб йиғлашни одат қилди. Шугина Нафисага тасалли бергандек бўлди. Қабристондан чиққач, ўзини ҳийла енгил ҳис эта олди ва яна ишга шўнғиди. Шу тахлит кунлар, соатлар, дақиқалар, сониялар ўтаверди.
Мана, қадрдони, волидасининг оламдан ўтганига эллик беш кун тўлибди. Ҳар кунгидек эрта тонгда уйқудан уйғонди-ю, Муниса деган хизматчи аёл тайёрлаб қўйган кофедан бир-икки ҳўплади. Таом ейишга иштаҳаси йўл бермади. Ҳар доимгидек бўғзига нимадир тиқилган-у, бир тишлам нон ҳам ўтмайдигандек бўлаверди.
Мунисага қилинажак ишларни тайинлагач, йўлга чиқиб, одатига кўра рулни қабристон тарафга бурди. Аммо бугун узоқ ўтириб қолмаслиги зарур эди. Дўконларда, тунги клубда ишлар қалашиб кетган, бу ишларни хизматчилар ёлғиз уддалай олишмайди.
Нафиса бирровга кириб чиқишни хаёл қилиб машинасини доимий жойга тўхтатди-да, пастга тушиб таниш қабр томон йўл олди.
* * *
… Ҳали қабргача етиб бормаганди. Кутилмаган манзарага кўзи тушди-ю, таққа тўхтади.
Онасининг қабри тепасида қандайдир эркак орқа ўгирганча ўтирар, боши эгик ҳолда сукут сақларди.
Нафиса ҳайрон бўлди-ю, яна уч-тўрт қадам олдинга юрди. Шундагина эркакнинг кимлигини илғади.
У Билол эди.
Қабр тепасида ўтирганча фақат сукут сақларди…
Нафиса хаёллари тўзғиб кетгандек карахтланди. Юришни ҳам, тураверишни ҳам била олмай боши қотди.
Шу тобда Билол унга худди фариштадек туюлиб кетди. Отаси эканини билса-да, шу кунга қадар уни айблар, аҳён-аҳёнда Билол кўз ўнгида гавдаланди дегунча нафрати ҳам қўзғалиб қўярди. Аммо барибир унга раҳми келаверарди. Қалбининг туб-тубида бир учқун зоҳир эди. Учқун ҳадеганда кўксини куйдириб, ўзини танимас, билмас падари томон талпинишга ундаб турарди.
Ҳозир эса…
Ҳозир Билолнинг тутаётган ишидан жуда-жуда таъсирланиб кетди. Онаси раҳматли айтмоқчи турфа хил найранглари ҳам, Фурқат деган укаси иккови кўрсатган қора кунлар ҳам ёдидан чиққандек туюлди.
Шундай ҳислар оғушида аста қабрга яқин борди. Билол эса ўрнидан қўзғала қолмади.
Нафиса ҳеч нарсага тушунмай, унинг олд тарафига ўтди…
Ўтди-ю, шунча дардига яна бир оғир дард қўшилгандек бўлди.
Билол икки қўли билан Насибанинг портретини тутган кўйи кўксига босиб олган. Ўзи эса юм-юм йиғларди…
Қабристонда кимдир йиғласа, ёнидагилар даҳшатга тушмайди. Одамлар шунга одатланишган. Агар уйда кимдир худди шундай йиғласа, дарддошлар албатта унга жўр бўлишади. Ҳовли қиёматга айланади. Йиғлайверишади, бир-бирларини қучганча фарёд чекаверишади.
Нафиса ҳам қўйиб беришса, ўзини отасининг бағрига отаёзди. Аммо ундай қила олмади. Журъати етмади. Қолаверса, болалик аламлари ҳам йўл берай демади.
— Нега йиғлаяпсиз? — Нафиса охири бардоши етмай, отасига юзланиб сўз қотди. — Эркак киши ҳам йиғлайдими? Йиғламанг! Мен йиғлаяпман-ку, етар шуям!..
Билол уни кўргач, даст ўрнидан туриб кетганди. Қўлларидаги суратни эса худди биров тортиб оладигандек кўксига янада маҳкамроқ босиб олганди…
Ҳозир-ҳозир Нафисанинг саволига, гапларига жавоб қайтариши лозим эди. Жавоб қайтариши шарт эди. Шундай қилди ҳам. Жавоб берди. Фақат…
Бу манзара Нафиса учун кутилмаган, икки ҳисса кучлироқ, оғриқлироқ зарба бўлди.
У кар-соқовлар тилида нималардир деган каби бармоқлари ёрдамида Нафисага нималарнидир уқтирган бўлар, уқтиргани сайин кўзларидан янада кўпроқ ёш қуйиларди.
— Бу… Нимаси тағин? — Нафиса отасининг кар-соқовлигига гувоҳ бўлгандаёқ адо бўлаёзганди. — Ким… Ахир… Сиз ундай эмасдингиз-ку! Қ-қачон?.. Нимага?..
У қалбида беркиниб олган дардларини тўкиб солишга уринар, аммо тилига тўмтоқ жумлаларгина кўчарди. Гўёки тили ҳам, онги ҳам ўзига бўйсунмасди. Шу тахлит Билолга аламли боққанча тураверди. Отаси эса анча вақтгача унга ўз тилида гапираверди. Охири толиқди чоғи, гапиришдан тийилиб, чуқур хўрсинди-ю, Насибанинг қабри тепасида тиз чўкди.
Унинг ҳар бир ҳаракати Нафисанинг бекитиқ аламларини қайта-қайта қўзғар, энди товуш чиқариб, пиқиллаганча йиғлашга тушганди…
Билол тиз чўккан кўйи бир муддат бошини эгган ҳолда сукут сақлагач, дафъатан қаддини ростлади-да, икки қўлини фотиҳага очди. Шу баҳонада нималардир дея ғўлдиради. Чамаси дуо қилди. Дуо якун топгач, юзларига фотиҳа тортди ва шошилмасдан ўрнидан қўзғалди-да, Нафисага маъюс тикилиб қолди. Нигоҳлари дардлидан дардли эди. Нафиса бу нигоҳларни ўқий олганди…
Ўқий олмаса яхшийди. Уларда Билолнинг армонларидан тортиб алам ва надоматгача балқиб турарди.
— Йўқ, бунақаси кетмайди, — деди Нафиса кетишга чоғланиб. — Юринг, манзилингизга элтиб қўяман! Юринг!..
Билол тушунди. Сўз қайтаришни ўзига эп кўрмадими, сал чеҳраси очилган бўлди-ю, Нафисага эргашди.
* * *
Нафиса юраги қонга тўлганиданми, кафега қандай етиб келганини ҳам пайқамабди.
Келди-ю, Билолни эргаштирганча ичкарига кирди. Биларди, бу одам нонушта қилмаган. Қайданам нонушта қилсин. Кўражак кунларини онаси раҳматли ипидан игнасигача айтиб берган. Аммо қачон бу одам кар-соқовга айлана қолди? Бу ҳақда Насиба лом-мим демаганди. Ё у ҳам билмаганмикан? Қаёқдан ҳам билсин?!. Қанча йил ўтиб кетган орадан. Гаплашмаган, кўришмаган. Демак, билмаган. Лекин не сабаб бўлиб шу кўйга тушди бу одам?..
Саволлар кўп эди. Ечимини топиш учун эса вақт керак. Ҳозир бундай ташвишларга ўрин бера олмайди. Ишларини битирмаса, олға юрмаса, кун кўриш, қаршисида ҳозир бўлажак ташвишлар, муаммолар, балки кўргиликларга қарши курашга отланмаса бўлмасди.
Тилашга Билолдан хабар олишни тайинлади-ю, дўконларни айланиш учун жўнаб кетди. Чиқиб кетаётиб ҳам бир неча марта ўша устун ортидаги стол томон кўз ташлади. Ҳар гал Билол икки қўлини баланд кўтариб дуо қилаётганига гувоҳ бўлди. Гувоҳ бўлиб жимгина кета қолса кошкийди. Бу манзарани ҳар кўрганда, юрагининг аллақаери узилиб кетаётгандек азобланаверди… Ўртанаверди… Тўлғонаверди…
Келиб тўхтагани каттакон супермаркет эди. Дўконлари орасида шуниси катта ва ташвиши ҳам ўзига яраша. Миллионлаб сўм маблағ айланади. Сал сергак турмаса, чув тушиши, миллионлаб сўм пулдан айрилиб қолиши ҳеч гап эмас.
Бошқарувчиси ювошдан келган, ҳар гапини салмоқ билан гапиришга одатланган Мўмин ака деган одам. Нафиса бу одамга ўзига ишонгандек ишонса-да, барибир эҳтиёт шарт ҳар гал ҳамма нарсани ипидан игнасигача суриштиради. Мўмин ака ҳам эринмайди. Ҳар бир бўлиб ўтган ишни, сарфланган пулларни, кирим-чиқимни алоҳида дафтарга ёзиб қўяди. Нафиса сўраган заҳоти ўша дафтарини кўтарганча хонага киради-ю, яна эринмасдан бирма-бир ҳисоб беради. Топшириқлар олса, яна шу дафтарнинг бошқа бир саҳифасига ёзиб қўяди.
Лекин бу сафар қўлида дафтари кўринмади. Нафиса сезган бўлса-да, эътибор бериб, суриштириб ўтиришни истамади. Ҳали бу ердан чиқиб тағин ўнлаб «точка»ларга бориши керак. Соатлаб ўтиришга вақти ҳам йўқ…
Бу ҳам етмаган каби ҳар келганда жилмайиб турадиган Мўмин ака бугун ғамгин тусда эди.
— Нима бўлди сизга, Мўмин ака?
Аслида бу ҳақда ҳам суриштириб ўтиргиси йўқ эди. Негадир дўкон ичкарисига қадам қўйди дегунча юраги ғаш тортиб, суриштиришга мажбур бўлди.
— Сиз мендан ниманидир яширяпсизми? Гапирсангиз-чи! Нима муаммо?
Мўмин ака атрофга аланг-жаланг қараб олди-да, Нафисага тегишли хона томон ишора қилди.
— Анави… Азизов бориди-ку, — деди аста шивирлаб. — Прокурор-чи! Ўша яна пайдо бўлди. Ярамас худди ўз уйига киргандай хонангизга кириб ўтириб олган. Ҳали чой, ҳали кофе, ҳали кабоб буюравериб чарчатди.
— Вой, нима иши боракан тағин маразнинг? — дея асабий лаб тишлади Нафиса. — Гум бўп кетувди-ку отинг ўчкур!
— Жуда «сур», уятсиз одамакан ўзиям, — деди Мўмин ака. — Одамда сал уят, андиша, маданият бўлса-да, синглим! Бу ердагилар ўйнаб ўтиргани йўқ-ку! Тўғрими?
— Ҳа, майли, қандай келган бўлса шундай кетади, — деди Нафиса хонаси томон юришга чоғланаркан. — Сиз менга кечагиминан бугун шу вақтгача бўлган тушумни, харажатлар рўйхатини тайёрлаб опкирарсиз кейинроқ. Кейин нима опкелиш керак, шуларниям ҳисоблаб чиқинг!
— Хўп бўлади, Нафисахон! — қўлини кўксига қўйиб маъюс жилмайди Мўмин ака. — Илойим Насибахонни Оллоҳ раҳматига олсин! У кишининг руҳлари ҳаммамизни қўллаб турсин! Жудаям ажойиб аёл эдилар-да, минг афсус! Шундай яхши одамлар нега эрта оламдан ўтишаркин-а, Нафисахон? Уларнинг ўрнига анави гўрсўхта прокурорга ўхшаганлар ўлса бўлмайдими? Турган битгани зарар-ку бу исқиртларнинг!
— Худоям зарари кўплиги учун ҳузурига чақирмаса керак-да, — деди Нафиса. — Худониям безор қилади бунақа юзсизлар! Майли, кирай-чи ҳазрати олийларининг ёнига! Тағин обориб қамаб қўймасин!..
* * *
Мўмин ака айтганича бор экан. Прокурор стол устига дастурхон ёздириб, устини ноз-неъматга тўлдириб олибди. Нафиса кириб келгани ҳамоно хижолатга тушдими, ё йўлига мулозамат учунми, даст ўрнидан туриб ўзини нари олди.
— Ие, Нафисахон, келдингизми? — мулойимлашган кўйи ҳол сўраган бўлди. — Маросимларни яхши ўтказиб олдингизми? Насибахоннинг жойи жаннатда бўлсин!..
— Омин!
Нафиса қовоғини уйганча столнинг дастурхондан холи бир четига сумкачасини қўйиб қайтадан Азизовга юзланди.
— Келинг, хуш кепсиз! — деди барибир аламини сир тута олмай кесатиқ аралаш. — Яна нима айб иш қипмиз? Тинчликми, амаки?
— Нафисахон, келинг, шу… Айбдан гап очмайлик, — ялтоқланган оҳангда сўз қотди прокурор. — Мен сизнинг олдингизга яхши ниятда келганман. Агар… Манавилар ёқмаган бўлса, узр сўрайман. Очиғи, уйда нонушта қилишга улгурмовдим. Шунга… Ҳаддим сиғиб буюртировдим-да!
— Биз остонамизни ҳатлаб ичкарига кирган меҳмонларни сира ранжитмаймиз, — деди Нафиса. — Сираям хижолат тортманг. Ундан кўра мақсадингизни айтинг, қўлдан келса албатта адо қиламиз!
— Раҳмат-э, Нафисахон, — дея кафтларини бир-бирига ишқалаб қўйди прокурор. — Сизданам ёруғлик чиқаркан-ку!
— Хўш, қандай яхши ниятда келгандингиз? Тезроқ гаплашсак яхши бўларди. Ишларим жудаям кўп!
— Олдин манави омонатингизни олиб қўйинг! — Азизов қўйин чўнтагидан конверт чиқарди-да, шоша-пиша стол устига қўйди. — Мен сиздан пул олмайман. Флэшкангизам ичида турибди. Қўлимниям теккизганим йўқ.
— Йўқ, нега? — дея конвертга кўз ташлаб қўйди Нафиса. — Олинг! Кўнгилдан чиқариб берганман бу пулларни! Ҳалолингиз бўлсин!
— Ундай деб одамни хижолатга қўяверманг, Нафисахон! Ҳарқалай, сиз билан биз энди бир-биримизга бегона эмасмиз!
— Киммиз унда? Ота-бола тутиндикми?
— Нафисахо-он, — дея бош қашиб олиб ортга тисланди прокурор. — Жа ерга урманг-да энди одамни! Ёшим энди қирқдан сал ўтди холос-ку! Ҳеч бўлмаса ака-сингил денг, ярашади!
— Майли, бунинг аҳамияти йўқ, — гапни калта қилишга уринди Нафиса. — Нима ишингиз бориди менда? Илтимос, мени тўғри тушунинг! Ишларим жудаям кўп!
— Айтаверайми? Хафа бўлмайсизми ишқилиб?
— Ҳар ҳолда мени хафа қиладиган гап айтмассиз!?.
— Унда айтаман…
Прокурор худди катта мажлисда нутқ сўзлашга шайланган нотиқ каби аввал қаддини обдон ростлаб олди-да, икки қадам олдинга юриб, оҳиста бош эгди ва сўз бошлади.
— Мен… Сизни севиб қолдим, Нафисахон!
— Нима? Нима дедингиз?
— Сизни ёқтириб қолдим. Илтимос, менга турмушга чиқинг! Неча вақтлардан бери ёлғиз эдим. Аёлим хиёнат қилгандан кейин ҳаммасидан совигандим. Аёлларга ишонмай қўйгандим. Сизни кўрдим-у, қайта дунёга келгандай бўлдим. Ўтирсам ҳам, турсам ҳам сизни ўйлайдиган бўп қолдим. Ҳар куни тушимга кирасиз. Қийналиб кетдим, Нафисахон! Илтимос, мени рад қилманг! Ўлай агар, сизни бошимда кўтариб юраман! Пичоғингиз мой устида бўлади, ҳа!..
Нафиса бундай гапларни прокурордан эшитишни сира кутмаганди. Тўғри, у ҳам ёлғиз қолган пайтларида, юраги тушкунлик домида қолган лаҳзаларда қўллаб-қувватлайдиган, эркалаб овутадиган, кўнглини кўтарадиган бир инсон ёнида бўлишини жуда-жуда хоҳлай бошларди. Ҳатто, орзу қиларди. Лекин онасидан ҳам ёши улуғ, бунинг устига кимсан прокурорнинг муҳаббат изҳорига берилиши гоҳ кулгисини қистатиб, гоҳ жаҳдини қўзғай бошлаганди. У нима дейишни-да билмай карахтланиб қолди. Уришиб ташлай деса, бу юзсиз дарров тўнини тескари кияди. Тирноқ орасидан кир қидира бошлайди. Яхши гапирса, буни ризолик аломатига йўяди-ю, ҳаддини унутади. Хўш, нима десин? Бундай вазиятда тартибли, ҳаётнинг аччиқ-чучугини тотиб кўрган одамлар қандай йўл тутадилар? Нима қилса, бу одам уни тинч қўяди?..
Нафиса ўйга толганди…
Билмаган экан. Кўнгли шу қадар нозик эканки, шу тобда унга-да бўйин эгмай, оғриб берди. Қалбининг аллақаерида яшириниб ётган туйғулар қўзғолон қилиб, прокурорни ҳайдаб солишга ундай бошлади. Қалби бу одамни сира-сира кўрмас бўлди. Қайсарларча типирчилаб, нафрат ва аламларга кенг йўл очиб қўйди…
Хайрият, яхшики тафаккур бор. Угина оғир вазиятда Нафисанинг ёнига кирди. Қандай жавоб қилишни, вазиятдан силлиқчасига чиқиб кетишни уқтира бошлади.
— Мен… Сизни тушуна олмадим, — деди ниҳоят Нафиса ўзини сал қўлга олиб. — Қанақанги муҳаббат ҳақида гапиряпсиз? Ҳали бунақанги нарсаларга ишим тушиб кўрмаган. Кечирасиз-у, мен сиз ўйлаганчалик енгилтак қиз эмасман. Тартибли, ор-номусли хонадонда катта бўлганман. Қолаверса, Нормат тоғам эшитса борми, сизни жуда қаттиқ хафа қилади-да лекин!..
— Мен ҳам сизни тушунаман, — деди бўш келмай прокурор. — Ҳозир жавобини айтасиз, эртагаёқ тўй қиламиз деётганим йўқ. Ўйлаб кўринг, танангизга кенгашинг. Бир тўхтамга келсангиз, айтарсиз жавобингизни. Аммо айтиб қўяй, мендан осонликча қутула олмайсиз. Ерга кирсангиз, қулоғингиздан, осмонга чиқсангиз, оёғингиздан тортиб оламан. Ҳа, мен шунақанги бир сўзли, чўрткесар одамман.
— Ҳа, кўрдим қанақа одамлигингизни! — деди Нафиса баттар жаҳди қўзғалиб. — Ойим ўлмай туриб не кунларни бошимга солмадингиз.
— У ишларни унутинг! Буёғига ҳаммаси яхши бўлади. Айтдим-ку, менга турмушга чиқсангиз, пичоғингиз мой устида бўлади, Нафисахон! Шаҳарнинг энг олди аёли бўлиб юрасиз. Миллионлаб пул келиб тушади ҳар куни қўлингизга! Ўйлаб кўринг! Яхшилаб ўйланг! Мен кутишдан чарчамайман! Керак бўлса, бир умр кутиб яшайман!.. Хўп, хайр унда! Қўнғироғингизни кутаман! Йўқ, уч-тўрт кундан кейин кириб ўзим хабарлашаман. Илтимос, раъйимни қайтарманг! Яхши қолинг!
Шундай деди-ю, прокурор ўқ урган каби хонадан чиқиб кетди.
Нафиса эса азбаройи алам қилганиданми, хўрлиги келганиданми, эшик ташқаридан шарақлаб ёпилган заҳоти ҳўнграб йиғлаб юборди.
(давоми бор)
Манба: Hordiq.uz “Замин” янгиликларини “Twitter”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Эрон Исроил билан кенг кўламли урушга тайёрлигини маълум қилди
Грецияда минглаб одамлар НАТОга қарши намойиш ўтказди
Энди «Доимий яшаш жойига рўйхатга қўйиш» қулайлашди (видео)
100 млн сўмгача бўлган кредитлар соддалаштирилган тартибда ажратилади
Германия разведкаси раҳбари: “Россия яқин йилларда НАТОга ҳужум қилиши мумкин”
Словакия бош вазири Путиннинг таклифини қабул қилди
Бош кийимсиз юришнинг организмга қандай таъсири бор?
Эрдўғон: “Туркия Ғазо можароси тугамагунча Фаластинни қўллаб-қувватлайди”