16:10 / 14.12.2018
6 395

Аёл тафти

Аёл тафти
— Онанг қани? Яна қаерларгадир санғиб кетдими? «Уйга боряпман, чучвара қиламан», деб қўнғироқ қилган эди-ку…

Маҳмуд эшикдан кира солиб, остонада қарши олган қизига дўқ қилди. Лазокат дадасидан худди шунақа муомалани кутаётган бўлса-да, барибир, аччиғи чиқди, шекилли, киприклари пир-пир учди.

— Чучварани тугиб кетди, ҳозир ўзим бир зумда пишириб келаман. Ҳалиги… болалари гап талашиб… Хуллас, охири жанжалга айланиб, ҳаммасини машинага босиб олиб кетишибди. Директори қўнғироқ қилди.

— Онанг «Мен бормасам бўлмайди, осмон узилиб, ерга тушади», деб чопқиллаб кетгандир. Директор раҳбар бўла туриб, нега тарбиячига қўнғироқ қилади? Ўзининг сўзи ўткирроқ-ку?! — Маҳмуд жаврашдан тўхтамади.

Лазокат дадасига гапириш ортиқча эканини билиб, эътирозларига изоҳ бериб ўтирмади.

Чунки нима деса ҳам дадаси гапига гап топиб беришини билади. Лазокатнинг ойиси — меҳрибонлик уйининг тарбиячиси. Салима учун ўша кўнгли кемтик болалар аёлнинг жону жаҳони эди. Ҳатто дугоналари:

— Салимахон, сиз тўкис оилада ўсган бўлсангиз. Мунча бу етим болаларни деб ўзингизни ўтга, чўққа урасиз? — деб ҳайрон қолишарди.

Салима дугоналарнинг бу саволига жавоб бера олмайди. Институтни тугатгач, кимлар болалар боғчаси, кимлар мактабларнинг бошланғич синфига кетаётганда у ўзи хоҳлаб меҳрибонлик уйини танлади.

Ўқитувчилари: «Қизим, илмий иш қилсанг, институтда қолсанг бўлади», дейишганда ҳам: «Раҳмат, устоз. Мен ана шу кўзлари мунгли болаларнинг ёнида бўламан», деганди Салима.

Маҳмуд унга уйланаётганида:

— Мен ишимни ўзгартирмайман, ҳаётим енгил кечмайди, бир тарафимда доим ўша кўнгли ярим болаларнинг дард-ташвиши бўлади, — деганида қалби шу қизга мойил бўлиб тургани учун ортиқча эътироз билдирмаган эди. Аммо хотини ўн беш йиллик рўзғорига айлангач, икки фарзанд кўргач, ёши ўта бошладими ё яқинда у чавандозлик бўйича мусобақага тайёрлаган болалар кўнглидагидек натижага эриша олмаганиданми, Маҳмуд анча жиззаки бўлиб қолди…

— Акамга ҳам овқат сузаверайми, келиб қоладими?

Дадасининг кўнглини олиб, онаси билан орасида пайдо бўлаётган оғир тошни юмшатиш учун Лазокат салат тайёрлаган, пишириқ пишириб, дастурхонни чиройли қилиб безатган эди.

— Йўқ, унинг тегишини пиширмай тур, ҳали машқлари бор, агар онанг ҳадеганда етимхонасига «Болаларимга тил ўргатасан», деб судрайвермаганида, аканг мусобақада нимагадир эришар эди…

Маҳмуд қизининг шунча ҳаракат қилиб санъаткорона тузаган дастурхони бошида ҳам жаҳлдан тушмади. Лазокат дадасига чой қуйиб узатар экан: «Хўп, акам-ку, етимхонага қатнаб, етарлича машқ қилолмади. Хўш, бошқа шогирдларингиз-чи, улар етимхонага бормаган бўлсаям, сиз кутган натижага эриша олмади-ку!» деса бўлади. Бундай дейиш хаёлига ҳам келди. Лекин бу билан дадаси жаҳлдан тушмайди. Шунинг учун индамай чучварани сузиб келди-да:

— Олинг, дадажон, кўкатлардан, қаймоқдан солинг, — деди.

* * *

Салима Маҳмудни уйғотиб юбормай деб, оёқ учида юриб кирди. Лекин аёлининг шарпасини сезган заҳоти Маҳмуд бошини ёстиқдан кўтарди.

— Ҳа, жаноб қози, келдингизми? Албатта, бир-бирининг оғзи-бурнини қонга белаган етимчалар учун мелисалардан тиз чўкиб, узр сўрагандирсиз? «Мен кафил, бошқа бундай қилмайди», деб ялингандирсиз? Балки, бармоғингиздаги никоҳ узуги, бўйнингизда қолган ягона занжирингизни заргарга бериб, пулини жаримага тўлагандирсиз?

Салима бўйин томирлари бўртиб, нариги хонада болалар ётибди, демасдан бор овози билан жанжал чиқараётган эрининг оёқ тарафига ўтириб «уф» тортди.

— Қўйинг, дадаси, асабийлашманг. Ҳаммаси жойига тушди, эртага ўтмайдиган бўлди ташвишимиз. Бормасам, иш катталашиб кетарди. Бола-да, булар ҳали… Қони қизиган даври. Тўғри йўлга солмасангиз, адашиб кетишади. Ҳукуматнинг, бизнинг шунча меҳнатимиз сувга оқмасин, дейман-да!

Салима иложи борича майин овозда гапиришга ҳаракат қилди.

— Ўзининг ота-онаси болаларига ачинмаганида, сен нега уларни деб жон койитасан? Ўз болаларингни ўйласанг-чи! Зафарнинг ярим умри етимчаларингга дарс қилдириш билан ўтади. Ахир ўзиям бу йил институтга кириши керак-ку. Бор-йўғи беш ой қолди. Лазокатни-ку, қозон-товоқдан бўшатмайсан. Муштдай қиз ҳалитдан рўзғор бошида…

— Дадаси, ўзининг ота-онаси ўйламаса, биз ҳам уларни ташлаб қўйишимиз керакми? Ахир уларнинг гуноҳи нима? Сиз олий маълумотли мураббий бўла туриб, кўнгли ярим болаларни етимчадан олиб, етимчага солсангиз, оми одамлар нима дейишади?

Салиманинг энди тили қичишди. Баъзан ўзиям ҳаддидан ошаётганини биларди. Чунки ҳозир меҳрибонлик уйида яшаётган ўғил-қизларнинггина эмас, учирма бўлиб кетганларнинг ҳам ташвишини қилаверади. Мана, масалан, Азиза исмли қиз турмушга чиқадиган бўлди.

— Етти ёшидан қанотимда ўсган. Беғубор қиз. Келин қилиб олсангиз, кам бўлмайсиз. Ахир бу тақдирни унинг ўзи атайлаб танламаган-ку. Ким ота-онали бўлгиси келмайди? Сепини мана биз қилиб берамиз, — деди.

Бўлғуси қайнонани кўндиргач, Салима: «Элдан кам қилмайлик, дадаси, бизга Худо беради», дея ялиниб-ёлвориб эрига бир зотдор отини соттирди. Маҳмуд паст одам эмас, лекин хотинининг ишини пулни шамолга совириш, деб баҳолайди. Меҳрибончиликнинг меъёри бўлиши керак, дейди. Салималарнинг уйи кошона бўлмаса-да, бошпанасиз қолган собиқ меҳрибонлик уйининг болаларига қўналға бўла олади. Эри билан чиқиша олмаган қизлар, ишхонасида ўрнаша олмаган йигитлар: «Аяжон, (ҳаммаси Салимани «ая» деб чақиришади) сиздан бошқа кимим бор», — деб келишаверади.

Салима ўзи емаса ҳам, косасини уларнинг олдига қўяди.

— Ҳаммаси яхши бўлади, бу кунлар ўтиб кетади, — дея таскин беради.

Уларни етаклаб, эшикма-эшик юради, кимларгадир ялиниб-ёлворади.

Эҳтимол, ҳозир Маҳмудни жунбушга келтираётган фақат бугунги жанжал-тўполон деб хотинининг ярим кечаси келгани учун эмасди… Ишдаги аламзадалиги ҳам қўшилган. Хуллас, шу кеча эр-хотиннинг ғиди-бидиси узоқ чўзилди.

— Бор, ўша етимхонангга кўч-кўронингни олиб кўчиб кет! Сенинг охири кўринмайдиган ташвишларинг жонимга тегди. Қизингниям олиб кет. Ўзи мендан берухсат исмини Лазокат қўйганингнинг алами ҳалиям унутилмайди. Нима эмиш, етимхонадаги устозининг исми эмиш! Аммо Зафарга тегма, уни ўзим йўриғимга соламан, — деди Маҳмуд.

Эридан койиш, уришиш кутса-да, «Кет!» деган кескин сўзни кутмаган Салима гангиб қолди.

— Кетсак, кетаверамиз, — дея ўрнидан турди.

Маҳмуд бундай бўлишини қайдан билибди? Жаҳл устида айтиб юборган эди, холос…

Кейин: «Ада, ойимларни қайтариб олиб келайлик», — деган Зафарга ҳам «Қўявер, ойингсиз ҳам кунимиз бип-бинойидек ўтяпти», — деди.

Лекин қилган ишига Худонинг қаҳри келдими, Маҳмуд Салима кетгач, бир ҳафтадан сўнг тўсиқдан сакраётган от устидан сапчиб кетиб, ёмон йиқилди. Фалокат деб шуни айтишса керак-да, бўлмаса, ҳар куни кўриб юрган майдони, ҳар куни миниб юрган оти…

Дўхтирлар: «Умуртқангиз шикастланган, бу қисмини гипс қилиб бўлмайди. Қимирламай ётасиз, холос», дейишди.

Ўғлининг бир-икки соатини ҳам меҳрибонлик уйидан қизғанар эди, энди Зафар доим ёнида, усиз иши битмайди. Тўғри, жиянлари, сингил, куёвлари хабар олиб туришибди. Лекин ҳаммаси шошилади, ҳаммасининг ўз ҳаёти бор. Маҳмуд оғриқ қолдирувчи дориларни ичиб, карахт бир аҳволда ётар экан, Салима хаёлидан кетмай қолди.

… Маҳмуд Зафарга бир неча бор: «Онангсиз ҳам яшайверамиз», дегани учун ўғлига энди. «Уларни қайтариб олиб кел», дейишга уяларди.

Шундай кунларнинг бирида Салима қизи билан бирга кириб келди. Лазокат ҳеч нарса бўлмагандек дадаси ётган тахта каравотга тиз чўкиб, Маҳмуднинг юзидан ўпди.

— Дадажон, ёмон оғрияпсизми? Нима қилай? Қанақа овқат қилиб берай? — деб парвона бўлди.

Салима:

— Тузукмисиз? Биз энди эшитибмиз. Зафар ҳам айтмабди. Дориларингиз борми? Нимадир олиб келиш керак эмасми? — дея уй ишларига уннаб кетди.

Лазокат онасининг ёнига кирди. Тухум қовурилавериб, ёғ босган қозонлар ярақлади.

«Нафас олсам, ҳаво етмаётгандек туюлар, бошим оғирлашарди. Хотиним уйни тозалаб, деразаларни очгач, қушдай енгилман. Аслида, бу ҳаётда одам одамга керак экан», дея ўйлаган Маҳмуднинг қароғида ёш ҳалқаланди…
Қутлибека РАҲИМБОЕВА

Манба: Hordiq.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Аёл тафти