20:22 / 28.12.2018
5 126

Гўр азоби… (11-қисм) (мистика)

Гўр азоби… (11-қисм) (мистика)
Ойнинг ўн беши қоронғи бўлса, ўн беши ёруғ бўлишига яна бир карра амин бўлдим. Оҳларим худога етдими, ё тасодифми, билмадим, мени домида олиб турган ботқоқлик дафъатан ғойиб бўлди. Мен кўзларимга ишониб-ишонмай, нуқул атрофга аланглар, кимнидир қидирардим. Аммо теваракда ўзимдан бўлак ҳеч ким йўқ эди.

— Бу мўъжиза, — дея ҳайқирдим бор овозда азбаройи енгил тортганимдан. — Мен ботқоққа чўкмадим! Мен омон қолдим!!!

Шу маҳал қаердандир барзанги қаршимда ҳозир бўлди. Унинг қай ҳолатда, қай йўл билан пайдо бўлганини илғамай ҳам қолдим. Умуман, бунинг менга қизиғи ҳам йўқ эди. Қизиғи йўқ эди-ю, лекин келгуси ҳаётим, қисматим, кечмишларим шу гўрсўхтага боғлиқ эканини ҳам сезиб турардим. Шу сабабли унга қўполлик қилишга, уни ранжитишга қўрқдим. Тағин бир балога гирифтор қилмасин дея мажбуран жилмайдим.

— Ҳа, хурсандсан, тинчликми? — сўради барзанги. — Ботқоқдан қутулганингга қувоняпсанми?
— Албатта, — дедим янада оғзимнинг таноби қочиб. — Чўкиб кетаман деб бўларим бўлганди. Хайрият, чўкмадим. Омон қолдим.

— Хўш, энди нима қилмоқчисан? Режаларинг борми, бойвачча?
— Ие, қанақа бойвачча? — дедим беихтиёр қовоғим уйилиб. — Масхара қиляпсанми?

— Нега энди? Биз фаришталар масхаралаш нелигини билмаймиз. Сендан тўғриликча сўраяпман.
— Нега бойвачча деяпсан унда?

— Бунинг сабабини кейин билиб оласан…

Мен шунча пайтдан бери ўзга хилқатларда яшаб, анча кўниккандим. Зулмат, барзангининг муносабати, иблис билан мулоқот… Ишқилиб, буларнинг барчаси менга худди қадрдондек яқин бўлиб қолганди. Гарчи бир неча маротаба уйимга борган бўлсам ҳам, хунук манзараларга гувоҳ бўлганим ҳақиқат бўлса-да, айни паллада шу дунёдан бошқасини тасаввур эта олмаётгандим. Асосийси, қайғу йўқ. Қийнашса ҳам, устингдан кулишса ҳам барибир бу ерлар бошқача эди. Туну кун милиция, солиқчи, прокурорлардан хавотирланиб, гўё игна устида ўтирган каби безовталанмайсан. Кечқурун бошимга не ташвиш тушаркан деб қайғу чекмайсан…

Шундай дейман-у, барибир ўзимнинг уйим яхши эди. Пулим кўп, ресторанларда кечки овқатни тановул қилардим, истасам, қўриқчиларни алмаштирардим. Хоҳласам, жононларнинг манаман деганини сотиб олиб айш қилардим. Билмадим… Энди… Ҳаммаям бир кун шу дунёга келади-да барибир! Дунё сўраганлар ҳам шу дунёда абадий яшашмоқда. Мен уларнинг олдида ким бўлибман?!. Эҳ, қанийди менга яна бирта имкон берилса! Худо қандай шарт қўйсаям майлийди. Ўзимнинг дунёмга қайтарса бўлдийди. Э, ким ҳам менинг оҳларимга қулоқ тутиб ўтиради. Ана, барзанги ҳозир-у нозир! Мени яна қаергадир олиб борса керак. Ҳойнаҳой синовлари, қийноқлари ҳали вери тўхтамас…

— Нега туриб қолдик? — сўрадим хаёлларимни йиғиб олиб. — Кетдик! Қаерга борамиз энди?

— Сени бир жойга олиб бораман, — деди барзанги. — Аммо айтиб қўяй, ҳовлиқмайсан, иблиснинг йўриғига тушмайсан. Мен нима буюрсам, шуни қиласан.

— Иблис сен бор жойга кела олмаслигини аллақачон тушуниб етганман, — дедим кулиб. — Буйруқни сўзсиз бажаришимга эса шубҳа қилмасангам бўлади. Ишонсанг, сенга ўрганиб ҳам қолдим. Фақат, илтимос, нима қилсанг қил, койийсанми, ҳақоратлайсанми, чидайман. Фақат мушт тушириб қолма, жўра! Сенинг муштларинг адабимни бериб қўйяпти ҳар гал! Зил-замбилга ўхшайди муштларинг!

— Хотиринг жам бўлсин! — деди барзанги. — Мушт туширмайман. Туширадиганимни тушириб бўлганман. Қани, олдимга туш!
* * *
Барзангининг бу гапидан сўнг хотирим жам бўлди. Кўнглим бир яхшиликни сезгандек кайфим чоғланди. Ортиқ зулмат қаърида азоб чекмаслигимни ҳис этдим.

— Сенга бир жойни кўрсатаман ҳозир, — деди барзанги йўл-йўлакай. — Аммо суриштириб асабимга тегма! Борганда кўраверасан.
— Жинни бўлибманми асабингга тегиб, — кулдим барзангига қараб. — Муштингни дўлайтирарсан дарров!

— Анча ақлинг кирибди. Кўрдингми, бу хилқат манаман деганнинг ақлини киритиб қўяди.

Мен аскар каби барзангининг олдига тушганча зулмат бўйлаб кетиб борардим. Хаёлан иблисни ҳам ёдга олардим. Негадир кўринмаганидан ҳайрон бўлардим.

— Э, овсарман-да ўзим ҳам, — ўйладим охири. — Барзанги иблисни келтириб қўярканми?!. Булар ҳам бир-бирига кушанда-ку! Ишқилиб, ёруғ дунёга ўхшаб булардаям бир-бирини кўролмаслик балоси бор экан-да! Қуриб кетсин!

Қанча йўл босдик, билмайман. Жуда олисда бир қатим нур кўзга ташланди. Нурни кўрибоқ барзанги юришдан тўхтади.

— Шу ерда тур, — буюрди менга. — Кўрдингми ҳов анави нурни!
— Кўрдим, кўр эмасман, — дедим негадир жаҳлим чиқиб. — Қандай нур бу? Уёқда нима бор ўзи? Ёруғ дунёми? Мени ўз дунёмга қайтарасанми? Шунақами? Қайтарасан-а?

— Адашдинг, — деди барзанги овозини ҳийла пасайтириб. — Бу ёруғ дунёмас. Ёруғ дунё ортда. У ерга зулмат орқали борилишини биласан-ку! Бординг-ку ўзинг!
— Унда нур қаерда? Нега мени бу ерга опкелдинг? Кўзимни куйдиришгами?

— Кўзинг бўлса куяди-да, — деди барзанги баттар жаҳли чиқиб. — Ҳадеб ижикилайверишни бас қилсанг-чи! Гапиришга қўясанми ўзи, йўқми?
— Бўпти, гапиравер! Кўрман, соқовман!

— Бу нур боқий дунёнинг ўзгинаси, — гап бошлади барзанги. — Биз турган жой эса ерости йўли. Шу йўл орқали марҳумлар сен кўриб турган жойга чиқиб олишади. Ҳақиқий ҳаёт ўша ердан бошланади.
— Унда менам бора қолай ўша ёққа! Нега турибмиз? Кимни кутяпмиз?

— Сенга мумкин эмас, — барзанги чуқур хўрсиниб жавоб қилди. — Биз сен билан ортга қайтишга мажбурмиз. Уёқларга бизни киритишмайди.
— Нега?

— Буни билишинг шарт эмас.
— У ҳолда тағин зулмат, ботқоқликда қийналиб ўларканман-да! Шундайми?

— Қийналмайсан.
— Ҳа, алда! Алдайвер! Сениям жа яхши билволдим. Илгари фаришталар алдамайди деб хаёл қилардим. Мана, алдаётганингга гувоҳ бўлиб турибман.

— Ҳаддингдан ошма! — дафъатан бақириб берди барзанги. — Ё мушт егинг келяптими?
— Бўпти, гапиравер! Айтдим-қўйдим-да энди!

— Биз сен билан биринчи амални адо этишимиз лозим. Оллоҳдан шундай фармон келган. Шу амални мен бажартиришим керак.
— Кейин-чи?

— Кейин ҳушингдан айриласан.
— Ие, нега? Тағин-а?

— Ишон, уёғини сенга ошкор қила олмайман. Ҳаққим йўқ. Оллоҳнинг иродаси шундай…

Боя пайқамадимми, ё бепарволикка йўл қўйдимми, вужудимда ҳеч бир ўзгариш сезмагандек эдим. Ҳозир иккинчи бор барзанги Оллоҳ номини тилга олгач, борлиғимни ёқимли ҳислар чулғаб олди, аслида мавҳум танам билинар-билинмас титрай бошлади.

— Ана, дастлабки ўзгаришни сездим, — деди барзанги менга қаттиқроқ тикилиб. — Иймонга қайта бошлаганинг титрашингдан сезилди. Бу яхшиликка, бойвачча, фақат яхшиликка!
— Тўғри, — дедим беихтиёр хомуш тортиб. — Шу биргина сўз борлиғимни титрашга мажбур этди. Оллоҳнинг ҳузурига яқин қолдими? Яқин орада кўра оламанми?

— Буёғи сен-у бизга номаълум. Яратган эгамнинг ўзи ҳал этади бунақа ишларни. Сенданам, менданам сўраб ўтирмайди.
— Тушундим.

— Амални адо этишга тайёрмисан?
— Тайёрман.

— Билиб қўй, бу амални адо этганингдан кейин боя айтганимдек ҳушингдан айриласан. Уёғини худонинг ўзи билади.
— Англадим.

— Унда менинг ортимдан айтилган сўзни такрорлайсан.
— Хўп.

— Айтганча, бу сўз Оллоҳнинг каломи. Эсингдами, жон таслим қила бошлаганингда уни тилингга кўчира олмагансан? Сенинг ўрнингга бошқалар тилга олган.
— Ҳа, эсимда. Шунинг дастидан даккилар, ҳақоратлар эшитганим ҳам, оқ қилинганим ҳам ёдимда.

— Қани, такрорла! «Ла Илаҳа Иллаллоҳу Муҳаммадур Расулуллоҳ!..»

Мен такрорладим. Барзанги Оллоҳнинг каломини тилга олаверди, мен такрорлайвердим. Сал ўтгач, руҳан енгиллаша бошлаганимни пайқадим. Мавҳумликка дучор этилган танам қизиб, миям тезроқ ва янада тезроқ ишлай бошлагандек туюлди. Кейин эса кутилмаганда кўз ўнгим қоронғилашди-ю, қандайдир жарликка қулаб бораётганимни ҳис этдим. Орадан бир неча сония ўтиб миям ишлашдан, ҳис этишдан тўхтади…
* * *
Кўзимни очганимда…

Не кўз билан кўрайки, касалхона палатасида ётардим. Тепамда хотиним, қизим, яна бошқа яқинларим, врачлар турганини ҳам аниқ кўрдим. Хотиним нуқул йиғлар, врачлар бир-бирларини қўл сиқиб табриклашарди.

— Ўзига келди, хайрият! — дейишарди улар. — Окахон ўзига келди! Ёруғ дунёга қайтди! Худо қайтиб берди!..

Мен шундан кейингина чуқур комада эканимни билгандек бўлдим. Миям тиниқлашиб, бир неча ўн сония ичида зулматдаги ҳаётим, иблис, ота-онам, муаллим ва бошқа-бошқаларни ёдга олишга улгурдим.

Очиғи, қизимнинг юз-кўзларига боқиб, жуда хижолатда қолдим. Чунки юзлари ойдек, кўз қарашлари илгаригидек маъюс эди. Шундай қизимга билиб-билмай зулматдан чиқиб туҳмат тошларини отганим учун ўзимни хаёлан койиб ташладим…

Мен ортиқ сукут сақлашни, тепамдагиларга соқов каби тикилиб ётишни сира хоҳламаётгандим.

Беихтиёр Оллоҳ ёдимга тушди-ю, тилга кўчирган илк жумлалар шу бўлди:
— Азизаларим, менга… Жойнамоз олиб беринглар! Мен ҳам… Намоз ўқийман!..

Бу сўзларни аранг тилга кўчирган бўлсам-да, хотиним ҳам, қизим ҳам қувончдан ёрилай деб мени маҳкам қучоқлаб олишди.

Ҳа, мен аслида ўлмаган эдим. Дафн этилмагандим. Барчаси кома ҳолатида қолганимнинг касри эди.

Мен бахтиёр эдим.
(Тамом)

Манба: Hordiq.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Гўр азоби… (11-қисм) (мистика)