14:27 / 29.01.2019
6 114

Яхшиликнинг жавоби яхшилик...

Яхшиликнинг жавоби яхшилик...
Бу воқеага анча бўлди. Тиббиёт коллежида директор ўринбосари эдим. Ўқитувчилар коллежнинг битирувчилари орасида бир талаба давлат имтиҳонларидан ўтолмаганини, диплом ололмаслигини айтиб, бу ҳақидаги далолатномага имзо чекишимни сўрашди.

Далолатнома билан танишиб чиқдим ва ўқитувчиларга ўша ўқувчини чақиришларини сўрадим. Хонамга пажмурда қиёфада, эзилган, мунгли нигоҳлари кишига илтижоли термулиб турган йигитча кириб келди. Далолатномага бир қур назар ташлаб олдим-да, талабага қарадим:

– Хўш, Очилов, яхши ўқимабсиз-ку, энди нима қиламиз? Ўқитувчиларингиз сизга диплом беришмоқчи эмас...

Гапимни тугатар-тугатмасимдан йигитча изиллаб йиғлаб юборди. Юрагим увишиб-эзилиб кетаётган бўлса-да уни овутишга куч тополмадим ўзимда. Жим кузатиб туравердим. Талаба узоқ йиғлади. Хўрсиниб-хўрсиниб кўз ёш тўкди. Ўзимни йиғидан аранг тўхтатиб унинг тинчланишини кутдим. Бироздан сўнг меҳнатдан қорайган, қадоқ бармоқлари билан кўз ёшларини артиб, индамай бошини қуйи солганча ўтираверди.

– Очилов, биз тиббиёт ходимларимиз. Касб-коримизни миридан-сиригача пухта билишимиз, умуман хатога йўл қўймаслигимиз керак. Биласиз, тиббиёт ходими инсон ҳаётига масъул шахс ҳисобланади. Жавобгарлик ҳиссини англашингиз керак. Биз сизни давлат имтиҳонларидан ўзтказиб, диплом берсак, эртага бирор тиббиёт муассасасига ишга жойлашсангиз, Худо кўрсатмасин, бирор қалтис хатога йўл қўйсангиз сиз билан баб-баравар биз ҳам жавобгар бўламиз. Шундай экан, хўш, энди ўзингиз айтинг сиз билан қандай йўл тутишимиз керак?..

Талаба ерга кириб кетгудай бўлиб букчайиб қолди. Сўнг шикаста овозда гап бошлади:
– Устоз, аслида тиббиётга қизиқаман. Бу соҳа менга бегона эмас. Отам врач-нарколог. Жуда қаттиққўл одам. Бошқа оилалари бор... Иккинчи аёлларидан фарзандлари ҳам бор. Бизга унча ёрдам бермайдилар. Боғимиз бор. Ўша ерда ишлаб, онам ва сингилларимни боқаман. Мол боқаман, дала-рўзғорнинг ишини қиламан. Устоз, уйимизнинг эркаги ўзимман. Шунинг учун яхши ўқиёлмай қолдим...

Қалтираб-титраб изтиробини тилига зўрға чиқараётган йигитчага разм солдим. Нимжон, ориққина бола экан. Кийимлари ҳам униққанроқ. Ҳаёт шафқатсизлик билан имтиҳон қилаётган болани имтиҳондан ўтказмай, дипломсиз қолдириб мен ҳам зулм қилсам ўзимни кечиролмасдим. Кўнглим бузилиб, уч баҳо қўйдим-да, талабага:

– Лекин унутманг, қачон ишга жойлашсангиз аввал албатта яхши бир устоздан сабоқ олинг. Сизга оқ йўл!.. – дедим. Бу воқеа юрагимга оғир тош каби юк бўлди. Аммо вақт даво экан ҳаммасига. Йиллар сурони битта уч баҳоим билан қутулиб қолган Очиловни ҳам хаёлимдан фаромуш қилди буткул.

Йиллар ўтиб Аллоҳ менга ўғил фарзанд берди. Бир куни чақалоқ ўғлим билан узоқроқ қишлоқдаги қариндошларимникига отландим. Йўлда биз ўтирган автомашина бузилиб, етти ёт бегона жойларда чақалоғим билан қолиб кетдим. Атрофда на дарахт бор, на бир гиёҳ. Узоқдан қишлоқ, уйлар кўринади. Қучоғимдаги ўғлим биғиллаб йиғлар, ўзим чор-атрофга қўрқиб аланглаб туравердим. Бир пайт “Устоз, устоз!” деган овоз чалинди қулоғимга. Баттар қўрқиб кетдим. Узоқдан алламбало кийиниб олган, шимини тиззасигача шимариб олган, оёқлари лой, елкасида кетмон билан бир йигит мен томонга қараб кулиб келаётганди. Нотаниш эркакнинг мен томонга келаётганини кўриб баттар қўрқиб кетдим ва жон ҳолатда боламни бағримга босиб юришга шайландим. Йигит югургилаб орқамдан етиб олди:

– Устоз, Муҳаббат опа, яхшимисиз? Ассалому алайкум! Мен ўша сиз имтиҳондан ўтказиб, диплом олишига ёрдам берган Очиловман! – деди йигит шоша-пиша. У жавобимни ҳам кутмай менга раҳмат ёғдира кетди: – Уйга юринг, меҳмоним бўлинг, опа – деди анча тўлишиб, қувватга кирган собиқ талаба Очилов. Унамадим. Қоронғу тушмай уйимга етиб олишим кераклигини айтдим.

– Унда мени кутиб туринг, бир пасда чиқаман, – деди.
Бироздан кейин Очилов тоза кийимларини кийиб, машинасига мевалардан солиб чиқди. Машинасига чиқдим. Йўл бўйи миннатдорлигини айтиб келди.

Ўшанда тўғри айтган экансиз. Ҳозир қишлоғимизда фельдшер бўлиб ишлаяпман. Ўшанда – имтиҳондан ўтказмаганингизда, диплом ололмаганимда отам мени уриб ўлдириши ҳам мумкин эди. Яхшилигингизни бир умр унутмайман, устоз. Айтганингиздай тиббиёт соҳасини ўрганяпман, шу билан бирга олий ўқув юртига ўқишга киришга ҳам тайёрланяпман. Боғимизнинг мевалари сероб бўляпти, онам ҳам, сингилларим ҳам хурсанд. Энди Аллоҳ ёрлақаб олий ўқув юртига кириб олсам бўлди эди, бошқа армоним қолмас эди, – деди собиқ талабам.

Уйга етиб келдик. Очилов менга қайта-қайта миннатдорчилик билдириб ортига қайтди. Ўша куни амин бўлдимки, яхшилик ҳеч қачон изсиз, бесамар кетмас экан...
Умида АДИЗОВА

Манба: Azon.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Яхшиликнинг жавоби яхшилик...