Яқинда қизимдан СМС олдим. «Дада, бир нарсага ҳайрон қоламан, – деб ёзибди у. — Бир ўзингиз ишлаб бизни қандай боққансиз? Битта ойликка тўртта фарзандни ўқитгансиз, ичиргансиз, едиргансиз, кийдиргансиз… Биз куёвингиз билан ишлаб, минг бир тежаб-тергаб, қизимга кеча зўрға пальто обердик».
«Худо берган, қизим, Худо берган, – деб жавоб ёздим унга. Лекин ичимдаги гапни унга айтмадим. Биз ҳам битта эмас, иккита бўлиб ишлаганмиз демадим. Аслида айтишим керак эди. Ишонмайди, лоф деб ўйлайди.
Хаёл узоқларга олиб қочади…
«Мен давлат идорасида 133 сўм ойлик олардим, — дея ичимда қизим билан гаплашаман, — кейинчалик у 150-200 га кўтарилди. Ойлик олган куним уйга бозор қилсам, онанг қувониш асносида дакки берарди: картошкани қиммат опсиз, сабзи Қўйлиқда ярим баҳосида сотиляпти, шолғомни юпқа пўстлисидан олинг, чиқитга камроқ чиқади. Табиийки, бу гаплардан кейин бозор ҳам онангнинг зиммасига тушади. Чунки, онанг биладики, менинг бойвачча феъллигим билан ойнинг иккинчи ярмида қўни-қўшнидан қарз излашга тўғри келади. Уйимизда гилам бўлмасада, олачамиз бор эди, лекин тўртта боланинг тўп-тўпидан кейин ҳам уйимиз озода турарди.
Ошхонадан тортиб балконга довур чиннидай ярақларди. Ҳамма нарса батартиб эди ва ҳозиргача шундай. Ваҳоланки, уйимизда чўримиз йўқ эди. Ўша сен, шунингдек, бошқалар ҳам пешонасига «ишламайди» деган тамға босган онанг бор эди...
Акангнинг кийимини уканг, сенинг кийимингни синглинг кийиб катта бўлдинглар. Кийимларингнинг ямоғи бўлиши мумкин эди, лекин кири йўқ эди. Ички кийимлар қарийб сотиб олинмас, машинкада онангнинг ўзи тикарди...
Неваралар туғилганида онанг бўхчадан акангнинг болалигидан қолган эски кийимларини, гарчанд кеннойинг бурнини жийирсада, чақалоққа кийдирганди. Онанг тиккан кўрпачаю ёстиқлар, дарпардаю дастурхонлар эндиликда эскилик сарқити бўлиб қайси бир токчаларда ётибди... Ваҳоланки, ортиқча кийим сотиб олишга бизнинг қурбимиз етмасди, тикувчию кўрпачига беришга ойлигим камлик қиларди.
Биласан, уйимиздан меҳмон аримасди. Вилоятлардан йўли адашиб Тошкентга келган борки, бизникида меҳмон бўларди. Улар вақт ҳам, имконият ҳам танламасди, тўғри бостириб келаверарди. Ярим оқшом бўлишига қарамасдан, худди меҳмон кутиб ўтиргандай бир пасда дастурхон безаларди. қанд-қурс, пирошка-сомса дегандай… Дастурхондаги таом ва ширинликларнинг ярми «Made in Mom» эди. Аниқроғи, ишламайдиган онангнинг «иши» эди. Чунки ошпаз ёллашга менинг ойлигим етмасди. Укаларинг бугун кийган кийимини мактабдан йиртиб ёки кир-чир қилиб келарди. Афсуски, ўшанда бизнинг шахсий тикувчимиз ҳам, кир ювиш машинамиз ҳам йўқ эди. «Ишламайдиган» онанг кийимларни тикиб, ювиб, эрталабгача қуритиб, дазмоллаб фарзандларига кийдириб, мактабга жўнатарди. Сабаби, укангнинг иккита кўйлаги йўқ эди. Бор-йўғи битта бўларди, уям акасининг эскиси. «Ишламайдиган» онанг дарсдан кейин тўртта фарзандининг ҳар бири билан индивидуал дарс қиларди. Кўзининг нурини тўкиб, сизларга эртаклар ўқиб берарди, қайта-қайта машқлар бажартирарди. Ана шуларнинг ҳосиласи ўлароқ, ҳаммаларинг ўқиб, касб-ҳунарли бўлдинглар.
Ҳа, бугун игнага ип ўтказолмай қолган онангнинг кўз нурлари сизларнинг болалигингиз қат-қатларига сочилиб кетган. «Худо берган» деган сўзларимнинг маънисига энди тушунгандирсан. Худо менга бойлик бермади, Худо менга сен айтган «ишламайдиган» онангни берди! Ва онангга қўшиб ҳамма нарсани инъом этди менга Аллоҳим!
Қатор-қатор фарзандлар берди! Уларнинг ҳар бирига яраша ақл-идрок берди. Эл-юрт ўртасида обрў-эътибор берди, бировдан кам қилмади... Топганимга барака берди! Қатор-қатор тўйлар қилдим, бирин-кетин машиналар миндим. Бировнинг қўлига қараб қолмадим. Онанг билан шаҳарма-шаҳар, ижарама-ижара юрган кунларим эвазига Аллоҳим қўша-қўша уйлар берди.
Ҳаммасига секин-секин, сабр-қаноат билан эришдик, аммо бировнинг ҳақига хиёнат қилмадик, кимсани ранжитмадик, ёлғон гапирмадик, Худодан қўрқдик. Мен нимаики мартабага эришган бўлсам унинг тўқсон фоизида қарийб бир умр «уй бекаси» тамғаси остида яшаган Онангнинг хизматлари бор!
Манба: Azon.uz “Замин” янгиликларини “Одноклассники”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
100 млн сўмгача бўлган кредитлар соддалаштирилган тартибда ажратилади
Грецияда минглаб одамлар НАТОга қарши намойиш ўтказди
Германия разведкаси раҳбари: “Россия яқин йилларда НАТОга ҳужум қилиши мумкин”
Энди «Доимий яшаш жойига рўйхатга қўйиш» қулайлашди (видео)
Организмда қайси турдаги витамин етишмаётганини қандай аниқлаш мумкин?
Бош кийимсиз юришнинг организмга қандай таъсири бор?
Медведев Россия НАТО ҳарбий базаларига зарба йўллаши мумкинлигини истисно қилмади
Эрон Исроил билан кенг кўламли урушга тайёрлигини маълум қилди