15:57 / 09.02.2019
30 061

Пайғамбарлар исмининг маъноси ҳақида

Пайғамбарлар исмининг маъноси ҳақида
Одам алайҳиссалом
Башариятнинг отаси бўлган Одам алайҳиссалом исмининг келиб чиқиши ҳақида турли фикрлар билдирилган. Баъзилар арабча «удма» сўзидан олинган солиштирма сифат, «афъалу» вазнидаги «тўқроқ» маъносидаги сўздир, дейишган. Имом Жаволиқийнинг айтишича, Одам, Солиҳ, Шуайб ва Муҳаммад алайҳимуссаломдан бошқа барча пайғамбарларнинг исмлари арабча эмас. Ибн Аббосдан қилинган бир ривоятда Одам алайҳиссаломнинг одам дейилишини сабаби у ернинг пўстидан яралганидир. Яна бошқа бир ривоятларда, Одам сурёнийча исм, кейин арабчалаштирилган, дейилади. Имом Саълабийнинг қайд этишича, иброний тилида тупроқ одом ва шундан Одам исми олинган.

Ибн Ҳайсама Одам алайҳиссаломни 960 йил яшаган, деб ёзади. Имом Нававий «Таҳзиб»ида: «Тарих китобларида уни 1000 йил умр кўргани ҳақидаги маълумот кенг тарқалган, дейилади.

Нуҳ алайҳиссалом
Жаволиқийнинг айтишича, «нуҳ» араблаштирилган ажамча сўздир. Кирмоний уни сурёний тилидан олинган бўлиб, «шокир», яъни «шукр қилувчи» маъносини англатади, дейди. Имом Ҳоким айтади: «Нуҳ алайҳиссаломнинг асл исми Абдулғаффор бўлган. У зот Аллоҳ таолодан қўрқиб кўп йиғлагани учун уни «Нуҳ», дейишган. Аксар саҳобалар, уни Идрис алайҳиссаломдан олдин ўтган дейдилар («Мустадрак»). Имом Табароний Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: «Мен: «Ё Расулуллоҳ, энг биринчи пайғамбар ким бўлган?

У зот: «Одам алайҳиссаломдир», дедилар.
- Кейингисичи?
- Нуҳ пайғамбар, (уларнинг ўрталарида 20 аср (қарн) ўтган). «Мустадрак» асарида Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан бундай ривоят келтирилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Нуҳ алайҳиссалом 40 ёшида пайғамбар қилиб юборилган ва ўз қавмини 950 йил ҳақ йўлга даъват қилган. Тўфондан кейин яна одамлар кўпайиб тарқалгунча 60 йил яшаган. Ибн Жарирнинг ёзишича, Нуҳ алайҳиссалом Одам алайҳиссалом вафот этганларидан сўнг 126 йил ўтиб Нуҳ пайғамбар туғилган. Имом Нававийнинг «Таҳзиб» асарида, Нуҳ алайҳиссаломни энг узун умр кўрган пайғамбар, дея қайд этилади.

Идрис алайҳиссалом
Баъзилар, Идрис алайҳиссаломни Нуҳ пайғамбардан аввал ўтган, дейишади. Ибн Исҳоқ айтади: «У Одам алайҳиссаломнинг пайғамбар бўлган биринчи фарзанди ва Ухнух ибн Ярод шу бўлади. Ваҳб ибн Мунаббаҳнинг айтишича, Идрис алайҳиссалом Нуҳ пайғамбарнинг бувасидир, унинг исми Ханун бўлган. У сурёнийча исм, арабчани кўп ўқигани учун уни Идрис, дейилган. Айримлар, «Идрис» ўқиш, ўрганиш маъносидаги дироса сўзидан олинган, дейди. «Мустадрак» китобида заиф санад билан бундай ривоят келган: «Идрис пайғамбар оқ танли, баланд бўйли, катта қоринли, кенг яғринли, кам тукли, аммо қалин сочли киши бўлган. Кўкракларида оқ доғ бўлган, лекин ёмон оқлик эмас эди, дейилади. Аллоҳ ўз амрини бажараётган одамга ер аҳли тарафидан кўрсатилаётган жабр-ситам ва адоватларни кўргач, уни олтинчи осмонга олиб чиқиб қўйди. Бу ҳақда «Биз уни баланд жойга кўтариб қўйдик» дейилади. Ибн Қутайбанинг айтишича, осмонга кўтарилагинад унинг ёши 53 да бўлган. Ибн Ҳиббоннинг «Саҳиҳ»ида бундай келтирилади: «У (Идрис) ҳам набий, ҳам расул ва биринчи бўлиб қалам билан ёзган инсон бўлган». «Мустадрак» китобида Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади: «Нуҳ пайғамбар билан Идрис пайғамбарнинг ораси 1000 йил ўтган».

Иброҳим алайҳиссалом
Жаволиқий айтади: ««Иброҳим» қадимги исмлардан бири бўлиб, у арабча эмас. Араблар уни турлича талаффуз қилишган, энг кенг тарқалгани Иброҳим, Иброҳом ҳам дейишган. Етти қироатда Иброҳим, Иброҳм ва Иброҳбм деб ҳам ўқилган. Маъноси, сурёний тилида «раҳмдил ота» деган маънони англатади. У Озарнинг ўғлидир. Унинг исми Тораҳ бўлган. Воқидий айтади: «Иброҳим Одам алайҳиссалом яралганидан кейин икки минг йилликнинг бошида туғилган. «Мустадрак» асарида Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳунинг ушбу сўзлари келтирилади: «Иброҳим алайҳиссалом 120 ёшдан кейин хатна қилдирган ва 200 йил яшаган. Нававий ва бошқалар 175 йил яшаган» дейишади.
«Искандархўжа» жоме масжиди
имом хатиби Абдуллоҳ ШОКИРОВ

Манба: Azon.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Пайғамбарлар исмининг маъноси ҳақида