22:20 / 26.02.2019
7 847

То отанг рози эмас, тавбанг қабул бўлмас сени...

То отанг рози эмас, тавбанг қабул бўлмас сени...
Ёш ўтгани сари инсон ўйчан, маъюс бўлиб бораверар экан. Ортда қолган ҳаётингни, қилган ишларингни сарҳисоб қиласан, хатоларингни тафаккур тарозисига тортасан, улар орасида ислоҳ этилмайдиганлари бўлса надомат қиласан, афсусланасан. Кўзингни қувнатиб, умринг ўтаётганини билдириб болаларинг улғайиб келмоқда. Уларга қараб бир қувонсанг, бир ҳаёт йўлида қилган хатоларинг, гуноҳларинг аксини фарзандларингда кўришдан чўчиб, хавотирланар экансан одам. Ёшлигингда оқибатини ўйламай, катта-кичикнинг гапига қулоқ осмай, ўзингни ҳаммадан доно, ҳаммадан ақлли билар экансану, ёшинг ўтавергани сайин қанчалар нодон, ғофил бўлганингни, топиладиган нарсаларни деб ғанимат нарсаларни бой берганингни ўйлаб эзилар экансан. Аммо кечиккан пушаймонлик дардинга малҳам бўлмайди, аксинча, надоматларинг туз бўлиб ярангни ачиштиради, қонатади...

Кенжа фарзандман. Опаларим узатилиб, акаларим уйланиб, ҳаммаси ўзидан тиниб-тинчиб кетишди. Ота ҳовлимизга мен қолдим. Уйландим. Фарзандларим туғилди. Омадим келиб, ишларим юришиб кетди. Ўзим нуфузли давлат ташкилотида ишлаганим учун акаларимнинг номига тадбиркорлик ишлари ташкил қилиб, бизнесимни йўл қўйдим. Ота-онам ҳам ўзимга ҳам акаларимнинг рўзғорига фойдам тегаётгани учун тинмай мени алқаб, дуолар қилар, уларнинг розилигини олаётганим учун ҳам ишларим гуллаб-яшнаб, даромадим кундан кунга ошиб бораётганди. Ота-онам биз фарзандларини ҳар доим аҳилликка, бир-биримизни қўллаб-қувватлашга ўргатганлар. Балки ишларимнинг файз-баракаси шунда бўлганми, деб ҳам ўйлайман.

Отам раҳматли фақат ҳалол меҳнат қилишимизни, тижоратда ҳам, хизматда ҳам ҳалоллик энг биринчи бўйсунишимиз керак бўлган мажбурият эканлигини уқтирардилар. Уларнинг айтганларига амал қилиб кам бўлмадик. Аммо ота-онамга яхшилик қиламан, фарзандлик бурчимни бажараман деб уларнинг кўнглига озор бериб қўйдим. Гарчи раҳматли отам кейинчалик мендан рози эканликларини айтган бўлсалар-да, мен аслида дилларини оғритганимни, уларнинг рози-ризоликлари кўнглим учунлигини яхши биламан.

Биз ўзбекларнинг одатимиз шу — қўлимизга уч-тўрт сўм пул тушса, уй қуришу тўй қилиш ҳаракатига тушамиз. Ўғлимга суннат тўйи қиладиган бўлдим. Аввало ишни уйимизни бузиб, бошқадан ўзимча савлатимга, топиш-тутишимга мос, ҳашамдор, қўшқаватли уй қуришни мўлжалладим. Отам эшитган заҳоти гапимни маъқулламадилар:

Қўявер, ўғлим, бу уйда бобонгнинг, момонгнинг изи бор. Болалигим ўтган, шу уйда онанга уйланганман, сизлар туғилгансизлар, тўйлар қилдим, яхши-ёмон кунларимга гувоҳ уйни бузма. Бир таъмирласангиз етади. Инсоннинг қандайлиги уй-жойи, яшаш шароити билан эмас, феъл-атвори, оқибати, одамийлиги билан белгиланади...
Отажон, сизлар бизнинг камолимиз учун меҳнат қилдингизлар, заҳмат чекдингизлар. Сизлар ҳам бизнинг давримизда чиройли уйларда яшаб, яйрашингизни хоҳлайман...
Отам рози бўлмадилар. Онам отам иккимизнинг орамизда сарсон эдилар гўё. Мен ўз билганимни қилдим. Ота-онамни Ҳаж зиёратига жўнатиб юбордиму, зудлик билан уйни бузиб қайта қуришни бошлаб юбордим.

Улар зиёратдан қайтганларида ҳамма ёқ тўзиб ётар, усталар қўли-қўлига тегмай ишлаётган эди. Отам чор-атрофга бир қур кўз ташладилар-да, бир сўз демай бошларини қуйи солдилар. Ундан кўра танбеҳ берганлари, уршаганлари яхши эди...

Уй битди. Ота-онамнинг хоналарини қадимий ва замонавий услублар уйқашлигида жиҳозлаттирдим. Уста ҳунармандларнинг меҳнати билан чиройли, кўзни қувнатадиган токчалар, китоб жавонлари ясаттирдим. Қишки-ёзги хоналар алоҳида, ҳар бирида таҳоратхона ва ибодат учун қулай юмшоқ ўриндиқлар қилдим. Афсуски, отам чин дилдан қувонмадилар. Маҳзун бўлиб:

Болам, дунё уйимни эмас, охират уйимни безатгин... - дедилар холос. Ўшанда отамдан кўнглим ранжиди. “Шундоқ уйлар қуриб берсам, мазза қилиб яшашлари учун тўкис шароитлар қилиб берсам, миннатдор бўлиб дуо қилиш ўрнига истеҳзо қилишлари нимаси энди?” деган хаёл юрагимни тилиб ўтди.
Тўй қилдим. Ҳам уй тўйи, ҳам суннат тўйи ва ҳам ота-онам учун “Ҳожи оши” бердим. Отам негадир уйга бегонадек кириб-чиқардилар. Аввалги шижоатлари, боғ-гулзорга меҳрларини кўрмасдим. Уйда худди бегонанинг уйида мажбуран тутқунликда яшаётгандай ҳис қилардилар ўзларини. Бу ҳолга эътибор бермаслик, шундоққина ўтказиб юборишнинг иложи йўқ эди. Отамга қараб эзилиб кетардим. Онам эса бизнинг аҳволимиздан эзилардилар.

Шундай уй қургинг келган экан, бошқа жойдан ер олиб ҳам қурсанг бўларди, укажон,- дедилар бир куни катта акам.- Одам кексайгани сари ота-онаси ўтган, болалиги, яхши-ёмон кунлари ўтган уйига боғланиб қолади. Унга ҳамма нарса қадрдонларини эслатади. Шунинг учун ҳам кўпчилик кексалар, одатда, боласи уйини бузиб, янги, яхши уй қурмоқчи бўлса рози бўлмайди.
Аммо менинг ниятим яхши эди. Ота-онамни шинам уйларда яшашларини, биз учун чеккан машаққатларининг роҳатини кўришларини истагандим...
Ниятинг яхшилигини ҳаммамиз биламиз. Лекин отамни ҳам тушунишинг керак эди. Энди кўп куйинма-да, отамнинг розиликларини ол...
Акамнинг ундовлари билан отамдан узр сўрадим. Розилик истадим. Маъюс кулимсираб “Ундай нарсаларни кўнглинга олма, сендан нега хафа бўлай? Розиман, ўғлим, хотиржам бўл” дедилар. Бироқ...

Бугун отам ҳаёт эмаслар. Юрагимни эса пушаймонлик изтироби кемиради. Орзу-ҳавас билан қурган уйимнинг ҳар бурчаги отамнинг норозилик акс этган юзларини, афсус билан менга тикилган нигоҳларини эслатади. Бесабрлик қилдим. Ҳашаматга ўчлик, отамга бўлган меҳримдан устун келди. Фарзандлик бурчимни ўташ учун кибрдан фойдаландим.

Оқибат отамни норози қилдим. Отамни болалиги ўтган, йигитлиги, қувончу қайғули кунларига шоҳид бўлган, отамга отасини эслатиб турган уйни бузиб, хотираларини тўзғитиб юбордим. Икки дунёга етгулик армоним бор. Аршни титратгулик оҳим, надоматим бор. “... То отанг рози эмас, тавбанг қабул бўлмас сени...” деган сатрни кўп эслайман, эслаганда кўз ёшимни тўхтатолмай қоламан. Бугун ҳашамдор уйимда бегонага ўхшайман ўзим...
Мактубни ФАРЗОНА нашрга тайёрлади

Манба: Azon.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » То отанг рози эмас, тавбанг қабул бўлмас сени...