23:48 / 05.03.2019
6 093

Визуал болани қандай тарбиялаш керак?

Визуал болани қандай тарбиялаш керак?
Ҳамма болалар истеъдодли бўлиб туғилади ва янги нарсаларни ўрганишни яхши кўради. Кичкинтой тўғри ривожланиши, янги билимларни ўзлаштириши ва мактабда яхши ўқиши учун унга тўғри ёндашиш керак.

Дунё ҳақидаги билимларни инсон сезги органлари ёрдамида олади – кўради, эшитади, ҳис қилади. Эҳтимол сизга маълумдир, одамлар уч хил бўлади: визуал (кўз орқали идрок қилиш қобилияти ривожланган), аудиал (эшитиш орқали идрок қилиш қобилияти ривожланган), кинестетик (ушлаб кўриб идрок қилиш қобилияти ривожланган). Ҳар биримизда буларнинг учаласи ҳам бўлади, аммо фақат биттаси етакчи ҳисобланади.

Фарзандингиз билан самарали ишлаш учун у ушбу уч тоифадан қайсига мансублигини билиб олишингиз керак.

Визуални қандай аниқлаш мумкин?
  • Юқорида айтилганидай визуаллар оламни кўриш орқали идрок қиладиган одамлардир.
  • Визуаллар нутқида оламни кўриб идрок этиш билан боғлиқ сўзларни (кўриш, кузатиш, бир қараганда, кўрганингиздай), шунингдек нарсанинг ташқи белгиларини тавсифловчи сифатларни (ёрқин, шаффоф, катта ва ҳ.) кўп ишлатади. Боладан бирон-бир воқеани, масалан, денгизга саёҳатини тасвирлаб беришни сўранг. Визуал денгиз кўм-кўк, қуёш сариқ эди дейди, сув юзидаги шуълаларни ва бошқа манзараларни эслайди.
  • Аудиал чайкаларнинг қичқириғи, тўлқинларнинг шовуллаши ҳақида, кинестетик эса илиқ қум ва ёқимли тўлқинлар ҳақида гапириб беради.
  • Кичкинтой гўдаклигиданоқ бир жойда ўтириб ниманидир узоқ вақт томоша қилиши мумкин. Энг муҳими, онасига кўзи тушиб турса бас. Одатда визуаллар алоҳида ухлашга осон кўникиб кетишади.
  • Боланинг кўз хотираси яхши бўлади, майда-чуйда деталларгача пайқай олади.
  • Одатда мулоқот пайти визуалларнинг нигоҳи салгина юқорига қаратилган бўлади.
  • Мактабда уйга берилган вазифаларни доскадан кўчириб олишга ҳаракат қилади. Кейинчалик бировлардан сўраб юргандан кўра ҳозир ёзиб олганим маъқул деб ўйлайди.
  • Танаффус пайти бундай болалар кўпинча синфхонада қолишади. Коридорга чиққан тақдирда ҳам ғала-ғовурга аралашмай, бошқа болаларни кузатишни афзал кўради.

Ахборотни визуалга қандай етказиш мумкин?
Албатта расмлар ёрдамида. Масалан, болага ширинликлар тишни зарарлайди, шунинг учун эрталаблари тишни яхшилаб ювиш керак дейишингиз мумкин. Лекин унга ширинликлар туфайли қурт еб қўйган тишларни кўрсатмагунингизча у айтганларингизни жиддий қабул қилмайди.

Бола билан унинг “тилида” гаплашишингиз керак. Масалан, унинг қилиқларидан норозилигингизни бармоғингизни нуқиб ёки бошингизни чайқаб билдиринг.

Бола билан гаплашганда предметнинг ташқи белгиларини, унинг қандай жойлашганини тавсифловчи сўзларни ишлатинг.
Бола яхши ўқиб-ўрганиши учун жадваллар ва бошқа кўргазмали қуроллардан фойдаланинг, матндаги энг муҳим жойларни бўяб қўйинг.

Дарсда ёки уйга берилган вазифани бажараётганда визуал бола расм, чизма, схемаларни чиза олиши учун унинг олдида доим бир варақ қоғоз туриши керак, бу унга материални яхшироқ ўзлаштиришга ёрдам беради.

Айтгандай, вақт ўтиши билан идрок қилиш тарзи ўзгариши мумкин. Мактабга боргунча болалар дунёни асосан ушлаб кўриш орқали идрок қилади, яъни кинестетик бўлади. Улғайгачгина визуал ва аудиалга айланадилар.

Манба: minbar.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Визуал болани қандай тарбиялаш керак?