14:31 / 26.03.2019
10 200

Маккажўхорининг фойдали ва зарарли хусусиятлари

Маккажўхорининг фойдали ва зарарли хусусиятлари
Маккажўхорини болалар ҳам, катталар ҳам севиб истеъмол қилишади. Асл ватани Жанубий Америка бўлган бир йиллик бу ўсимлик таркибида Менделеев даврий жадвалидаги 26 та элемент мавжуд. Мутахассисларнинг билдиришича, маккажўхори организмдан холестеринни чиқариб юбориш хусусиятига эга. Шу боис ёғли таомларни хуш кўрувчилар бу сабзавотдан кўпроқ тановул қилишлари фойдадан холи эмас. Унинг таркибида B, PP, C, ва юрак фаолиятини яхшиловчи К витаминлари, фосфор ва калий бор.

Диетологларнинг фикрича, 150 грамм жўхори катта ёшли инсонларнинг В1 витаминига бўлган талабини қондиради. Унинг таркибида склероздан ҳимоя қилувчи ва антитоксин ҳисобланган Е витамини ҳам мавжуд. Доимий тарзда жўхори истеъмол қилиш юрак инсульти ва саратон хавфининг олдини олади.

Маккажўхори мевасидан олинган мой қон таркибидаги холестеринни камайтириш, артеросклероз касаллигини даволаш ва олдини олишда қўлланилади. Шу билан бирга, организмда моддалар алмашинувини яхшилашда, қандли диабет, нефрит, буйрак-тош ва холецистит касаллиги, ўт ва сийдик ҳайдовчи восита сифатида ишлатилади. Жўхори темир, кальций, фосфор, магний ва бошқа микроэлементларнинг манбаи саналади.

Қайнатилган жўхори қандли диабет билан оғриган бемор танасидаги қанд миқдорини нормаллаштиради, аллергияга мойиллиги бор инсонларга, камқонликдан азият чекувчи, жигар, юрак хасталиги билан оғриган кишиларга яхши фойда беради.

Сурункали чарчоқ, ҳолсизликдан азият чекаётганларга 200 грамм маккажўхори қўшиб тайёрланган салат тановул қилиш тавсия этилади. Шунингдек, мунтазам маккажўхори тановул қилган кишилар хотираларидан сира шикоят қилишмайди.

Турли байрам ва тўкин дастурхонли тадбирлардан кейин тановул қилинган маккажўхори таркибидаги селен моддаси туфайли ёғларни организмдан тезроқ чиқариб юборади ва жигарга енгиллик туғдиради. Агар овқатланишдан олдин тановул қилинса, таом ҳазми енгиллашади. Шунингдек, у таркибидаги бириктирувчи тўқималар (клетчатка) туфайли қорин дам бўлишини бартараф этишда беназир восита ҳисобланади.

Маккажўхори мойи косметологияда ҳам кенг қўлланилади. Унинг таркибидаги моддалар зарарланган сочларни тиклаб, жилолантиради. Маккажўхори крахмали кўшиб тайёрланган ниқоблар ажинларга қарши восита сифатида машҳур.

Жўхори таркибидаги аминокислоталар ичаклар фаолиятини меъёрлаштиради ва мушаклар тонусини оширади. Қандли диабет, аллергияга мойил, камқон, ортиқча вазндан қийналаётган, жигар ва юрак хасталиклари мавжуд беморларга кўпроқ жўхори истеъмол қилиш тавсия этилади.

Попуги ҳам фойдали
Маккажўхорининг нафақат дони, балки попуги ҳам бир қанча доривор хусусиятларга эга. Одатда жўхори пишган маҳалда попуги йиғиб олиниб, сояда қуритилади. Таркибида эфир мойлари, елимсимон ёғли мой моддалар, С ва К дармондориси, органик кислота ва бошқа микроэлементларни кўп миқдорда сақлайди. Халқ табобатида жўхори попугидан тайёрланган қайнатма ва дамламалар ўт ва пешоб ҳайдовчи, моддалар алмашинувини меъёрлаштирувчи восита сифатида қадимдан ишлатиб келинади. Чойдек дамлаб ичилса, буйракдаги тошларни парчалайди.

Замонавий тиббиётда жўхори попугидан тайёрланган дамлама жигар, ўт пуфаги ва ўт йўлларининг яллиғланиш касалликларида сафро ҳайдайдиган, ичдан қон кетаётган маҳалларда қон тўхтатадиган ва буйрак, қовуқ тошларида сийдик ҳайдайдиган восита тариқасида фойдаланилади. Жўхори мойи эса семиришнинг олдини олиш, қондаги холестерин миқдорини камайтириш хусусиятига эга. Сўнгги тадқиқотларда, мойида биологик кучли гормонларга ўхшаш фосфат, ситосерин моддалари борлиги аниқланди. Улар холестерин миқдорини камайтириб, атеросклерознинг олдини олади.

Зарари ҳам бор
Шунча фойдали хусусиятлари бўлишига қарамай, бу маҳсулот ҳаммага бирдай тавсия этилавермайди. ХVIII асрда яшаб ижод қилган Ҳасрат ўзининг “Ҳусайн туҳфаси” асарида бундай ёзади:

Қуруқ, совуқ эрур маккажўхори,
Қабзият қилувчи кучи юқори.

Демак, жўхори дони қабзиятдан қийналаётганлар дардини янада оғирлаштиради. Шунингдек, тромбоз (томирларда қоннинг ивиб қолиши)га мойиллиги бор, қони қуюқ, кам вазнли одамларга ҳам ундан камроқ истеъмол қилиш тавсия қилинади. Қайнатилган жўхорини бир кунда 2-3 сўтадан ортиқ истеъмол қилиш ошқозон ва ўн икки бармоқли ичак фаолиятини бузиши мумкин. Бундан ташқари, иштаҳани ҳам яхшигина бўғувчи хусусиятга эга.

Бош оғриғи ва ошқозон-меъда фаолиятида муаммоси бор инсонларга қайнатилган жўхоридан кўп миқдорда истеъмол қилиш тавсия этилмайди.

Қон ивиши секин кечадиган беморлар, ортиқча вазнга мойил кишилар, ошқозон яраси ва аллергиядан азият чекувчилар маккажўхорини шифокор билан маслаҳатлашган ҳолда тановул қилишлари лозим.

Манба: Azon.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Маккажўхорининг фойдали ва зарарли хусусиятлари