Эрталабдан Севаранинг кайфияти бўлмади. Дераза оша чаппар уриб очилиб ётган атиргулларга боққанча хўрсиниб қўйди. Мактабга ҳам боргиси йўқ.
– Нега ойижоним тузалмаяпти-я? Қанча бўлди, касал ётганларига? Икки, йўғ-е, уч ой, – дея ўйлади Севара.
Баҳор ўтиб, ёз келяпти. Лекин ойиси ўнглангани йўқ.
Эшик секин очилиб, синглиси Дилноза мўралади.
– Опажон, сочимни ўриб қўйинг.
Севара синглисининг жингалак, қуюқ зулфларини чиройли қилиб турмаклади. Кейин укаси Камронни кийинтирди. Дадаси чой тайёрлаётган экан, ёрдамлашди. Дастурхон устида бир оғиз ҳам гапирмаган Севарага қараб, дадасининг кўнгли эзилди.
Ҳавода гулларнинг ёқимли ифори кезади. Шабада майин эсиб танингга роҳат беради. Синглисини етаклаб кетаётган Севаранинг кайфияти бир оз кўтарилди. Кўча бошидаги улкан симёқоч устига саватдек уя қурган лайлакларни кўриб, кўнгли анча ёзилди. Чунки ойиси доим «Лайлаклар яхшилик келтиради. Жаннат қушлари – улар», дерди. Севара ойисини жудаям соғинганини ҳис қилди. Икки кундан бери уйда укаларига қараб қолаётгани учун касалхонага боролмади. У ойисини жуда яхши кўради. Чунки онаси меҳрибон, мулойим аёл. Севарага, укаларига сира қаттиқ гапирмайди. Мадинанинг ойисига ўхшаб уларни қарғамайди. Қизча хаёллар оғушида мактабга қандай етиб келганини билмай қолди. Синфга кирганида ҳамма синфдошлари келиб бўлишган экан. Қизлар эса Мадинанинг атрофини ўраб туришарди. «Вой-бў. Мадина роса пўрим бўлиб кетибди-ку». Устида янги, оққуш патидек енгил ва ҳарир оқ кўйлак. Оёғида оппоқ туфли. У бурнини танқайтирганча гердайиб ўтирар, қизлар кўйлагини ушлаб кўрмоқчи бўлса, «торт қўлингни кир қиласан», дея силтаб ташларди. Севара сумкасини қўйди-да, Мадинага яқинлашди.
«Қуллуқ бўлсин ўртоқжон, – деди кулиб. Лекин бекор мактабга кийиб келибсан-да, кир бўлади. Севара синф сардори. Ҳозир эса Мадинага «мактабга формада келиш керак», – деёлмади. – Ҳеч нарса қилмайди. Мактабга киймасам, қаерга кияман. Ўзингда йўқлиги алам қиляптими? – деди Мадина лабини чўччайтирганча.
– Нега унақа дейсан? – Севара титраб кетди. – Менга ҳеч нарса алам қилгани йўқ. Алам қилмайдиям. Шу пайт қўнғироқ чалиниб қолди. Гулнора опа Севаранинг ёшли кўзларига қараб ҳайрон бўлди. Болалар билан саломлашгач, Мадинага кўзи тушди.
– Асқарова тур-чи, – деди у Мадинага. Бу ер қандай жой?
– Мактаб.
– Бу ер мактаб бўлса, нега формада эмассан?
Мадина индамай ер чизди. Кўз остидан Севарага қараб қўйди. Гулнора опа шу куни одобнома дарсида кийиниш одоби, либос эски бўлса ҳам тоза, озода, дазмолланган бўлиши кераклиги ҳақида гапирди.
Дарслар тугагач, Севара уйга шошди. Ахир бугун дадаси, касалхонага олиб боради. Тезроқ бориб уйларни йиғиштириши, укалари билан тайёр бўлиб туриши керак. Ойижонисини бирам соғинди-ей! Икки кун, икки ойдек узоқ туюлди. Юраги ҳапқириб, ғалати бўлиб кетди. Барибир, ота-онанг соғ-саломат бўлгани яхши-да.
У касалхона дарвозасидан кирар экан, деразадан кулимсираб турган ойисига кўзи тушди. Наҳотки, жавоб беришган бўлса! Ана, ойиси янги кийимларини кийиб олибди. Қандай яхши, меҳрибони энди уйда бўлади. Мазали овқатлар пиширади. Севара эса унга жон деб ёрдамлашади. Мактабдаги дилхиракларни унутган қизча ойисининг қучоғига отилди...
Уйга қайтишганида эса, Мадина кечирим сўраш учун дарвоза тагида уни кутиб турарди...
Саида Рустам қизи
Манба: Azon.uz “Замин” янгиликларини “Инстаграм”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Эрон Исроил билан кенг кўламли урушга тайёрлигини маълум қилди
Грецияда минглаб одамлар НАТОга қарши намойиш ўтказди
Энди «Доимий яшаш жойига рўйхатга қўйиш» қулайлашди (видео)
100 млн сўмгача бўлган кредитлар соддалаштирилган тартибда ажратилади
Германия разведкаси раҳбари: “Россия яқин йилларда НАТОга ҳужум қилиши мумкин”
Словакия бош вазири Путиннинг таклифини қабул қилди
Бош кийимсиз юришнинг организмга қандай таъсири бор?
Эрдўғон: “Туркия Ғазо можароси тугамагунча Фаластинни қўллаб-қувватлайди”