Бир форсча байт ўқиган эдим, қуйидаги маънода эди: «Агар бермакни истамаса эди, истамакни ҳам бермас эди». Демак, истак ва ато ҳамиша ёнма-ён: истак бор экан, атодан умидворлик бўлади. Умидворлик эса нафс билан ошно тутинган. Нафс истакнинг уловидир, дин эса нафснинг жиловидир.
Нафс истакни ўз йўлига солмоқчи бўлади. Истак эса унга қул бўлмаслик учун ўзини қаноат хилватларига отади, сабр овлоқларига чекинади. Чунки, биладики, нафсга қаттиқ бўйсунса, ортидан ҳою ҳавас, кибру ҳаво, шайтоний васвасалар хуружи эшик қоқиб турибди. «Маснавий»да бундай дейилган: «Дилки хоҳиш этса, қўл қилгай ҳисоб, Дил агар амр айласа, битгай китоб».
Аллоҳ таоло кимларгадир мол-дунёни, мартаба-обрўни тўкис қилиб берган. Кимнидир эса бойлик, мол-дунёдан қисган. Чунки мол-мулк мутлақо эзгулик, яхшилик тимсоли-белгиси эмас. Аллоҳнинг бойлик бермагани ҳам, бергани ҳам хайрдир, саховатдир, эзгуликдир.
Ўз ҳолича на бадавлатлилик ва на фақирлик бир неъмат ёки фалокат ҳисобланмайди. Балки ўз ўрнига кўра фақирлик энг буюк неъмат ва марҳаматдир. Агар инсон олийжаноб бўлсагина, ўзига берилган мол-давлатни тўғри йўлга сарфласагина у яхшилик келтиради, акс ҳолда катта кулфат ва фалокатлар сабаби бўлиши мумкин.
Исломда мол-дунёга қаттиқ муҳаббат ҳам, таркидунёчилик ҳам бирдай қораланган. Бойлик ва фақирлик кишига неъмат ҳам, азоб сабаби ҳам бўлиши мумкин. Зеро, инсон бойлик ё фақирлик билан имтиҳон қилинади. Бойлик инсонларга вақтинча берилган бир омонат, ҳақни топишда бир васила, деб қаралса, ҳақиқатан ҳам у бир неъмат бўлади. Фақирлик эса ёмон ишларга-гуноҳларга етакловчи ишлардан қайтарса, ҳақиқатан ҳам у буюк неъмат саналади.
Дунё бир восита холос, нимага восита бўлса, шунинг ҳукмини олади. Агар у саодатга, савобга эриштирса, дунё қийматлидир. Агар у гуноҳларга етаклаб борса, дунё энг ҳақир, паст нарсадир.
Аллоҳ таоло марҳамат қилади: «Одамларга аёллар, болалар, туганмас олтин-кумуш бойликлар, (қиммат) баҳоли отлар, чорва ва экин-тикинлар каби истак-хоҳишларга кўнгил қўйиш чиройли қилинди. Ўолбуки, бу нарсалар ҳаёти дунёнинг (ўткинчи) нарсаларидир. Аллоҳнинг ҳузурида эса энг гўзал қайтадиган жой – жаннат бордир» ("Оли- Имрон" сураси, 14-оят);
Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг бундай ҳадислари бор: «Аз-зуҳду фид-дуня юриҳул қолба вал бадана вар-роғбату фиҳа туксирул ҳамма вал ҳазана», яъни дунёга рағбат қилмаслик, аҳамият бермаслик, дунё ишларидан четланган бир обид ва зоҳид банда бўлиш қалб ва вужудга ором бағишлайди, дунёга рағбат қилиш, уни севиш эса ғам ва маҳзунликни зиёда қилади.
Мавлоно Жалолиддин Румий «Маснавийи»да бундай сатрларни ўқиймиз:
Истаса дил, кўз сўроқлар заҳри мор,
Истаса, етгай у суйи эътибор.
Истаса, бўлғай равон махсус сари,
Истаса, боргай ўшал малбус сари.
Шайх Фаридуддин Атторнинг «Мантиқ ут-тайр» асарида Исо алайҳиссалом ва шайтон мунозараси ҳақида ибратли бир ҳикоят бор: Бир куни Исо алайҳиссалом бошига ёстиқ ўрнига бир ғиштни қўйиб ухлаб ётган эди. Кўзини очиб қараса, қаршисида лаънати Иблис турган эмиш. У Исо Масиҳга: «Менинг ғиштим устига бош қўйиб ухлабсан, демак менинг молимни ишлатиб, менга ўзингни бойлабсан. Чунки жумла дунё дахлсиз менинг мулким ҳисобланади, шу синиқ ғишт ҳам менинг молимдир», дебди. Исо алайҳиссалом ғиштни олиб, отиб юборди ва ерга бош қўйиб уйқуга кетди…
Шоир инсонларга хитоб қилади: «Эй инсон, бир куни келиб дунёдаги ҳамма нарсани тарк этаркансан, шайтоннинг мулки саналган дунёга бунчалик қаттиқ боғланиш нечун? Қабрингга ғишт қўйишгунича намунча ғишт устига ғишт териб дунё иморатини қуришга рағбат кўрсатмасанг? Бир кун келиб молингга завол етишини билсанг-да бунча мол-мулк тўплашга ишқибоз бўлмасанг? Ёки Қорун каби сени ҳам ер ютиб, тўплаган молинг тупроққа қоришиб кетишини истайсанми? Бу ҳирс ва тамаъ устига қурилган дунё ўзини қудратда илоҳ санаган Фиръавн ва Намруд каби подшоҳлардан ҳам қолиб кетди-ку! «Лош демиш Аллоҳ, назар сол номига, Сен эсанг жонингни тутдинг домига», дейди шоир.
Молга ҳирс қўйиш, уни тўплашга рағбат кўрсатиш, жойига сарфлаш ўрнига бахиллик билан босиб ётиш Исломда қаттиқ қораланади. Лекин ҳадиси шарифга мувофиқ, закоти адо қилинган мол тўпланган ҳисобланмайди.
Бойлик обрў-мартаба ёки фахр-кибрланиш асоси эмас. Баъзан кўча-кўйда, тўй-маросимларда айрим нодон кишиларнинг бой-бадавлат кишиларга бошқачароқ ҳурмат-эҳтиром кўрсатишини, олдида ялтоқланиб, айланиб-ўргилишини, нима қилиб бўлса-да унга яхши кўриниш ниятида эканини кўрамиз. Ҳолбуки, ўша одам илм аҳли эмас ёки яхши фазилатлар соҳиби ҳам эмас ёхуд динига, миллатига, ватанига катта хизматларни дўндириб қўйган салоҳиятли инсон ҳам эмас. Шунчаки Аллоҳнинг иродаси билан бугун мулк-бойлик эгаси бўлган. Дунёни ато қилган Аллоҳ эртага уни олиб қўйса, у яна аслига, ўша оддий одамга айланади-қолади.
Хўш, унинг бойлигидан бошқа «фазилати» бўлмаса, бойликни салафларимиз қоралаб, мазаммат қилиб, ундан юз ўгириб ўтишган бўлса, биз оддий бир инсонни нима учун ўша қадрсиз бойлиги учун ҳурматлашимиз, бошқалардан устун кўришимиз керак? Абу Лайс Самарқандий айтганлар: «Фазилат аҳлини ҳаддидан оширмай ҳурмат қилиш мустаҳабдир. Бирор кишини бойлигидан умид қилиб, бой бўлгани учун ҳурматлаш жоиз эмас». Чунки мол ва мато ҳеч қачон инсоннинг мукаррамлигини ва мавқеини белгилай олмайди.
Ортиқча, ўрнига сарфланмаётган мол-дунё шундайин бадбахт нарсаки, инсонларни охират тадорикидан чалғитиб, шайтон васвасаларига гирифтор қилади. Оға-инилар ўртасидаги муҳаббатни кўтаради, ҳаттоки уларни ғанимларга айлантиради. Олимни тамаъ илинжида амирлар ва бойлар эшигига йўллаб хор қилади. Аёлларнинг иффат-ҳаё пардасини йиртиб, шармандаи шармисор этади. Мардни номардга муҳтож ва қарам қилиб қўяди. Умр бўйи интилиб, курашиб, севиб, унинг дардида ҳамма нарсадан: соғлиқдан, яқинлардан, ибодатдан, охират тайёргарлигидан маҳрум бўлиб бойлик тўплаган кимса унга эгалик қиломай меросхўрларига, бундан ҳам ёмонроғи, бирор золимга қолдириб кетади.
Дунёга янги келганимизда яланғоч танамизни сув билан ювиб, бир парча матога ўраб қабул қилишади. Дунё билан хайрлашаётганимизда ҳам яланғоч танамизни сувда ювиб, бир парча матога ўраб кузатишади. Бу фоний дунёдан улушимиз шу бўлгач, нега унинг бойликларига бунчалик ҳарисмиз? Нега унинг матоҳларини тўплашга уринаверамиз, сира тўймай йиғаверамиз? Дунё ортда қолади, охират эса қаршимизда турибди. Шундай бўлгач, ортда қоладиган нарсага қизиқиб, муҳаббат қўйиб нима қиламиз?
Мол-дунё жуда қаттиқ офатдир, қийин имтиҳондир. Агар у мўминнинг қўлига тушса-ку, ҳай-ҳай… У буни Аллоҳнинг бир синови сифатида қабул қилиб, уни жойига сарфлайди, яъни оиласининг нафақасидан ортганини садақа ва эҳсон қилади, молининг закотини беради, муҳтожларга хайриялар учун ажратади, Аллоҳ буюрган бошқа савобли ишларга харжлайди.
Аммо иймони суст ёки иймонсиз кимса дунёга муҳаббат қўйса, мол-дунё ишқига гирифтор бўлса, унинг ҳолига вой, деяверинг. У бойлик кетидан зир елиб-югуради, ҳаром мол тўплайди, бахиллик билан уни сарфлашдан воз кечади ва тўплаб-кўпайтиришга зўр беради. Унинг кўзини ҳирс пардаси қоплаб, ҳеч нарсани кўрмай қолади.
Хожа Аҳрор Валий ҳазратлари бундай деганлар: «Зуҳд мол йўқлиги эмас, балки ҳазрати Зул-жалолдан бошқасидан кўнгилни фориғ тутишдир. Дунёни севгучи дарвешни зоҳид демаслар ва Ҳазрати Сулаймонни шунча дастгоҳ, подшоҳлик билан зуҳд (эгаси) дерлар».
Аллоҳ берган мол-дунёни жойига сарфлаш, инфоқ-эҳсон ва садақани кўпайтириш, молга бахил бўлмаслик мўмин-мусулмоннинг иймонига далолатдир. Пайғамбар алайҳиссаломдан ривоят қилинишича, у зот бундай марҳамат қилганлар: «Энг аввал ўзингга нафақа қил, агар молинг ортиб қолса оилангнинг, яна ортиб қолса, бошқа яқинларингнинг ҳожатларига сарфла. Аллоҳ сенга озми-кўпми бойлик насиб этса, бойликни шу равишда сарфлагин». Мол-дунёни тасарруф қилишда энг мақбул, шариат талаб қилган йўл шудир.
Мол-мулк, бойлик ва пул чўнтакка кирсаю қалбга кирмаса, бу гўзал ва мақбулдир. Бордию мазкур мол-дунё қалбларни забт этса, бундан ёмон нарса йўқ. Дунёга қаттиқ муҳаббат қўйиш ўғрилик, зулм, ҳақсизлик, адолатсизликларнинг қилинишига, жамиятнинг қонун ва низомлари бузилишига сабаб бўлади.
Ҳамма ишда бўлгани каби мол-дунёга интилишда ҳам ўртача, мўътадил йўл тутган яхшидир. Юқорида зикр қилинганидай, Аллоҳ таоло инсоннинг феъл-атворида нафсининг интилишларини қўшиб яратган. Шунинг учун мен мол-дунёдан беҳожатман, дея ундан ўзни қайтариш, ато этилган неъматлардан юз ўгириш зоҳидлик белгиси эмас, аксинча Аллоҳнинг атосига ҳурматсизлик, манманлик ва риё кўринишларидандир.
Улуғ тасаввуф шайхи Суфёни Саврий кўпинча чиройли таомларни суюб еярдилар ва сафарга чиқсалар ўзлари билан қиём олиб юрардилар. Яна бир атоқли шайх Иброҳим Адҳам эса баъзан лазиз ва яхши таомларни тановул этар ва «Агар топсак, одамларга ўхшаб еймиз ва агар топа олмасак, одамларга ўхшаб сабр қиламиз», дер эдилар.
Динимизда фақирлик мақталади. Аммо фақир одам қаноатли бўлса, халқдан бирор нарса тамаъ қилмаса, уларнинг қўлидаги нарсадан умидвор бўлмаса, қандай йўл билан бўлмасин мол-дунё орттиришга ҳарис бўлмаса, шундагина у мақталувчи фақир ҳисобланади. Аммо фақирларни жуда катта ажр-мукофотлардан, савоблардан тўсадиган бир иллат борки, бу уларнинг кибридир. Фақирнинг кибри бойникидан ёмон бўлади. Сабаби, бой мол-давлатидан фахрланиб кибр қилса, камбағал ҳеч нарсага эга бўлмасдан туриб кибр қилади. Ана шу кибр ортидан у ҳамма ишда бойга тенглашишга интилади, ўзини бой кўрсатиш учун ҳар қандай алдов ва найрангларга боради, Бу билан у Аллоҳнинг тақдирига исён қилган ҳисобланади. Абу Ҳурайрадан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбар алайҳиссалом бундай деганлар: «Уч кимсага қиёмат кунида Аллоҳ таоло гапирмайди ва қарамайди ҳам, уларга қаттиқ, аламли азоб бўлади: улар – зино қилувчи кекса, ёлғончи подшоҳ ва кибрли фақир кишилардир» (Имом Муслим ривояти).
Бойлик-дунё кимгадир қалб хотиржамлиги, саховат ва мурувват орқали улкан ажр-мукофотга эришиш эшикларини очиб берса, кимнидир у бузуқликлар, айш-ишратлар, зўравонлик, ниҳоят ғулув, исён ва осийлик ботқоғига отади. Мол-дунё жоҳиллар қўлига тушиб қолса, у эгасини гуноҳ, фаҳш ишларга бошлайди. Катта бойликка эга бўлиб қолган бундай одам ўзини боса олмай, идора қилолмай қолади. Нафсининг ҳамма айтганларини бажариш учун баҳона ахтаришга тушади. Шайтон унинг кўзига Аллоҳга итоатни, ибодатларга қоим бўлишни оғир, машаққатли қилиб кўрсатади, аксинча гуноҳ ишлар, айш-ишрат ва фаровонликни чиройли қилиб қўяди. «Дунёни ямадик йиртиб олиб динимиздан, дин ҳам кетди, дунё ҳам кетди қўлимиздан», дея фиғон чекди улуғ шайх Иброҳим Адҳам.
Бир парвона шамни узоқдан кўриб, «у нур таратар экан-да», деб ўйлайдию бепарво кетаверади. Бошқа бир парвона шамга яқинроқ келади ва «у иссиқ ҳам чиқарар экан», дейдию иссиғидан бироз баҳра олади. Яна бир парвона шамнинг ичига кириб, уни синаб кўрмоқчи бўлади ва ўзи ёниб ҳалок бўлади. Дунё ҳам шамга ўхшайди. Узоқдан унинг жилосига маҳлиё бўлиб юриш осонроқ. Унинг тафтидан фойда олишни хоҳлаб қолсанг, иссиғидан бироз азият чекишга тўғри келади. Бордию унинг ичига батамом кирмоқчи бўлсанг, ҳалокатингни кутавер.
Баъзилар каби бойликни ва бойларни қоралаб-ёмонлаш ақлсизликдир. Агар бойлик ёмон нарса бўлганида Аллоҳ таоло закотни фарз қилмаган бўлур эди. Бойлик охиратни топиш, катта савоблар, ажр-мукофотларга эришишнинг воситасидир. Банданинг Аллоҳга мақбул бўлган саховат, ҳиммат, инфоқ-эҳсон, силаи раҳм, олийжаноблик каби фазилатларга эришуви йўлидир. Фақат бойликни Аллоҳ буюрган йўлларга сарф этиш билангина, бу борада мўътадил йўл тутиш орқалигина Унинг ризосига эришишга муваффақ бўлинади.
Қолаверса, «Мен бойликни ёмон кўраман, менга дунё неъматларидан ҳеч нарса керак бўлмайди», деган одам ёлғон сўзлаган бўлади. Аллоҳ таоло бандаларни дунё молига орзу-ҳавасли, яхши яшашга, фаровонликка иштиёқли қилиб яратган. Аллоҳ сизга мол-дунёни мўл-кўл қилиб берибдими, бу Унинг сизни мол-дунё билан имтиҳон қилаётгани бўлади ёки сизга инфоқ-эҳсон, хайр-саховат эшикларини очиб, савоб-ажрларга эришувингиз учун имкон бергани бўлади.
Баъзи кишилар «Бу фоний дунёга муҳаббат қўйиш, рағбат кўрсатиш, пул ва бойлик йиғиш, бу ишларни яхши кўриш дуруст эмас, мусулмон одам учун мол-дунёга интилиш, бу йўлда касб-ҳунарларни ишга солишнинг кераги йўқ», дейишади. Бу ботил, хато ва қабиҳ гаплардир.
«Овқат йўғида иштаҳа ҳам бўлмайди», деганларидек, пул-моли йўқлигида атрофидаги одамларга зоҳидликдан, қаноатдан, оз нарсага кўнишдан тинмай насиҳат қилган, бойлик ва мол-дунёни тинмай қоралаган, Аллоҳнинг марҳамати билан сал ўтмай бойиб кетгач, бойлигига маҳлиё бўлиб, инсоний қиёфасини йўқотган кимсаларни кўп кўрдик. «Мен мол-дунёдан беҳожатман», дейдиганларнинг ўзлари кўпроқ дунёга муккаларидан кетишади, уларнинг ўзлари бошқаларнинг молини талаш ёки тортиб олиш учун хаёлга келмайдиган алдов ва фитналарни ўйлаб топишади, енгил йўллар билан пул топишга ҳаракат қилишади.
Пул топиш, айниқса ҳалол меҳнат, фойдали касб орқасидан бойлик орттириш айб ёки гуноҳ иш эмас, аксинча Аллоҳ ва Унинг пайғамбари буюрган хайрли ишлардандир, савоб-ажрларга эришиш воситасидир. Фақат дунёга, мол-мулк тўплашга қаттиқ муҳаббат қўймаслик, уни керакли жойларга сарфлаш, бунда бахилликка, исрофга, риёга йўл қўймаслик талаб этилади, холос. Имоми Аъзамнинг ғоят ибратли бир гаплари бор: «Хайр ва эҳсонда исроф бўлмаганидек, исрофда ҳам ҳеч қандай хайр йўқдир».
Динимиз қаноатни тақвонинг бир қисмига тенглаштиради. Тақво эса нафс васвасаларидан ҳимоя этади. Расули акрам: «Нафс энг катта душмандир», деб таълим берганлар. Нафсни ўлдириш, унинг айтганларига юрмаслик қаноатнинг зарур шартидир. Қаноат эса ортиқча истакларнинг кушандасидир.
Аҳмад МУҲАММАД
Манба: Azon.uz «Замин» янгиликларини «Вконтакти»да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Эрон Исроил билан кенг кўламли урушга тайёрлигини маълум қилди
Грецияда минглаб одамлар НАТОга қарши намойиш ўтказди
Энди «Доимий яшаш жойига рўйхатга қўйиш» қулайлашди (видео)
100 млн сўмгача бўлган кредитлар соддалаштирилган тартибда ажратилади
Германия разведкаси раҳбари: “Россия яқин йилларда НАТОга ҳужум қилиши мумкин”
Словакия бош вазири Путиннинг таклифини қабул қилди
Бош кийимсиз юришнинг организмга қандай таъсири бор?
Эрдўғон: “Туркия Ғазо можароси тугамагунча Фаластинни қўллаб-қувватлайди”