Россия президенти Владимир Путиннинг АҚШ раҳбари Доналд Трамп билан бўлажак учрашуви арафасида унинг Будапештга парвоз қилиш режаси маълум бўлди, деб ёзди Topnews.
Маълумотларга кўра, давлат раҳбари Венгрия пойтахтига махсус Ил-96-300ПУ самолётида йўл олади. Туркия Ташқи ишлар вазирлиги тасдиқлаган маълумотга кўра, Путин самолёти учун парвоз йўналиши аллақачон келишилган, аммо Европа Иттифоқи ҳаво ҳудуди бу йўлдан чиқариб ташланган.
Путиннинг самолёти Қора денгиз, Ўртаер денгизи ва Адриатик акваторияси орқали, қисман Босния ва Герсеговина ҳамда Сербия ҳудудлари устидан ўтади. Умумий йўл узунлиги тахминан 5 минг километрни ташкил этади — бу Полша ва Руминия орқали ўтишдан қарийб икки баравар узоқ.
Бундай йўналиш танланишига икки асосий сабаб бор: Европа Иттифоқи ҳаво ҳудудидан фойдаланишга жорий чекловлар ва хавфсизлик омиллари. Манбаларга кўра, 1-сонли самолётни тутиб олиш ёки зарар етказиш эҳтимоли юқори баҳоланмоқда.
Airlive портали ёзишича, хавфсизликни таъминлаш мақсадида Путиннинг самолётига Суриядаги Хмеймим авиабазасидан Россия қирувчи самолётлари — Су-35С ва Су-30СМлар ҳамроҳлик қилади. Кейинроқ эскортга Туркиянинг F-16, Сербиянинг МиГ-29 ва Венгриянинг JAS-39 Gripen ҳаво кучлари ҳам қўшилади.
Бошқа маълумотларга кўра, об-ҳаво шароитига қараб йўналишда қисман ўзгаришлар киритилиши мумкин.
Шу билан бирга, Давлат думаси депутати Андрей Делягин Телеграмда Путинни Будапештга олиб боришнинг “эртак вариантлари”ни ҳазил тариқасида таклиф қилди.
«Келинг, фараз қилайлик — масалан, суборбитал парвоз ёки шунчаки Трамп билан битта самолётда учиш. Бу афсонавий бўларди», — деб ёзди у.
Шу билан бирга, депутат Венгрия ҳукумати Халқаро жиноий суд буйруғини бажариш эҳтимолини эслатиб, Путиннинг ташрифи хавфсизлик нуқтаи назаридан юқори эҳтиёткорликни талаб қилишини таъкидлади.
Путин ва Трампнинг Будапештдаги учрашуви яқин ҳафталарда бўлиб ўтиши кутиляпти. Унинг асосий мавзуси — Украинадаги вазият ва Россия–АҚШ муносабатларининг янги босқичи бўлиши мумкин.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!