date

Трампнинг куёви Ғазо тинчлиги ортидан миллиардлаб фойда кўрмоқдами?

Трампнинг куёви Ғазо тинчлиги ортидан миллиардлаб фойда кўрмоқдами?

Буюк Британиянинг “The Guardian” нашри Жаред Кушнер — АҚШ президенти Доналд Трампнинг куёви ва яқин маслаҳатчиси ҳақида янги сенсацион маълумотларни эълон қилди. Нашрнинг ёзишича, Кушнер Ғазо секторида урушни тўхтатишда воситачилик қилган, аммо унинг ортида катта тижорий манфаатлар ётиши эҳтимоли бор, деб хабар берди theguardian.com.

Маълумки, 10 октябрь куни икки йил давом этган ва ўн минглаб фаластинлик тинч аҳолининг ҳалокатига сабаб бўлган Ғазо уруши якунланди. Трамп Исроил парламентидаги чиқишида урушнинг тўхтаганини эълон қилди. Шу жараёнда расман ҳеч қандай лавозим эгалламаган Жаред Кушнер Трампнинг Яқин Шарқ бўйича вакили Стив Уиткофф билан бирга музокараларни юритиб, келишувга эришишда муҳим роль ўйнади.

Бироқ “The Guardian” маълумотларига кўра, бу “тинчликпарвар миссия” ортида Кушнернинг шахсий фойда олиш режаси бўлиши мумкин. Чунки у “Affinity Partners” номли сармоя фондини бошқаради — бу жамғарма Саудия Арабистони, Қатар ва БАА каби давлатлардан миллиардлаб доллар инвестиция қабул қилган.

Ғазо уруши тугагач, анклавда қурилиш ва тикланиш ишлари бошланиши кутиляпти. Шу жараёнда айнан “Affinity Partners” фонди асосий инвестор сифатида катта фойда кўриши мумкин.

Журналистлар билан суҳбатлашган собиқ дипломатлар маълум қилишича, Кушнер ва миллиардер Стив Уиткофф Ғазода кенг кўламли реконструкция дастурини илгари сурмоқда. Лойиҳа доирасида янги тураржойлар, меҳмонхоналар ва порт қурилиши режалаштирилган.

Халқаро сиёсат маркази вице-президенти Мэтт Дасс бу ҳолатни “очиқ манфаатлар тўқнашуви” деб атади. Унинг фикрича, Трамп ва унинг атрофидагилар Яқин Шарқдаги тинчлик жараёнини ҳам бизнес имконият сифатида кўраётган бўлиши мумкин.

«Бу фақат дипломатия эмас, балки катта бизнес ҳам. Урушни тўхтатиш жараёни ортида кимнинг фойда олиши масаласи ҳам бор», — дейди Дасс.

Оқ уй бу айбловларни рад этди. Президент маъмурияти вакили Кэролайн Левитт Жаред Кушнерни “дунё бўйлаб тинчлик учун ҳаракат қилаётган инсон” сифатида ҳимоя қилди.

Маълумот учун, Кушнер 1981 йилда девелопер Чарльз Кушнер оиласида туғилган ва 2009 йилда Доналд Трампнинг қизи Иванкага уйланган. Кушнерлар оиласи Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу билан кўп йиллик яқин муносабатларга эга.

Трамп президентлиги даврида Жаред Кушнер унинг маслаҳатчиси сифатида Яқин Шарқ сиёсатида муҳим роль ўйнаган.

Айтиш жоиз, Ғазо аҳолисини Миср ва Иорданияга кўчириш, анклавни “Яқин Шарқ Ривьераси”га айлантириш ғояси ҳам айнан Жаред Кушнернинг ташаббуси экани таъкидланмоқда.

Бугун эса шу “тинчлик режаси” ортида миллиардлаб долларлик манфаатлар турибдими — деган савол бутун дунёда қизғин муҳокама қилинмоқда.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Трампнинг куёви Ғазо тинчлиги ортидан миллиардлаб фойда кўрмоқдами?