Туни билан ухламай, бу ёнбошдан у ёнбошга ағдарилиб тонг оттирган бўлса-да, ёстиқдан аранг бошини кўтарди. Бутун жисми қақшаб оғрирди. Ташқарига чиқди. Ҳамма жой сув қуйгандек жим-жимжит.
– Ҳей, қаердасан?! – У шундай деб бақирдию, шу топда кимга, нега жаҳл қилаётганини ўзи ҳам билмасди.
– Дадаси... – Хотини ошхонадан оёқ учида юриб чиққандай сирғалиб келди. Хотинининг юзига ҳам қарамай ювиниш хонасига ўтди. Бошидан муздай сув қуйиб, бироз тетикланган бўлиб, нонушта дастурхонига ўтирди.
– Болаларинг қани ?
– Ўқишига кетишди... Қизингиз ичкарида... Нонушта қилмайман, деяпти...
Хотинининг қалтираб чиқаётган овозига ҳам раҳми келар, ҳам ғаши қўзирди.
– Ичкарида нима қилади, уйига қачон қайтаркан?!
– Дадаси... – Хотини йиғламсираган товушда сўз бошлаб “қилт” этиб ютинди. – Қудаларингиз сўраб келишмаяпти-ку...
– Келмайди ҳам! – У заҳрини хотинига сочиб бақирди. – Кутмаларинг қуда-пудангни! Келмайди барибир! Сенларга бошидан айтгандим, бу одамларнинг кўзи очга ўхшайди, бунақа тоифадан хайр топиб бўлмайди, деб. Ундай дединг, бундай дединг, ўз билганларингдан қолмадинг. Ана оқибати. Олти ойда тўрт марта қизинг аразлаб келди. Турмуш бунақа бўлмайди. Ўлса ўлиги ўша уйдан чиқади, тамом-вассалом!..
Чойини ҳам ичмай, жаҳл билан юзига фотиҳа тортиб ўрнидан қўзғалди. Дарвозадан чиқишга чиқдию, бир муддат қаерга боришни билмай туриб қолди. Бугун дам олиш куни. Ҳамма оиласи бағрида, кимдир меҳмон кутган, биров меҳмонга борган, кимдир ҳафта давомида тўпланиб қолган ишини адо этиш билан машғул. Яна биров якшанбани телевизор томоша қилиб, диванда ёнбошлаб газета варақлаш билан ўтказаяпти. Фақат у уйига сиғмайди. Ҳозир кўчада ҳам саросар юрибдию, йўлидан биров чиқиб қолишидан, кимгадир рўпара келишдан чўчияпти. Биров тугул, шу онда ҳатто ўзидан ҳам уялади, у. Бир кўнгли куёвининг, эркак қуданинг олдига бориб эркакчасига гаплашмоқчи ҳам бўлди. Бироқ... Уялди. Тўйдан олдинги қизи билан куёвининг “томоша”лари, никоҳ кунидаги қилғиликлари кўз олдига келиб қудасига, куёвига рўпара келишга юраги дов бермади.
Унаштирувдан кейин эрталаблари қизи ясан-тусан, пардоз-андоз қилиб уйдан чиқиб кетаётганига бир-икки кўзи тушган эди. “Ҳадеб унаштирилган йигит билан учрашиши яхши эмас”, деб ичида ғашлангандию, қизига ҳам, хотинига ҳам индамаган эди. Никоҳ базмида, ўшанда қизидан қаерга кетаётганини сўраб-суриштирмагани учун пушаймон қилди. Базм ўртасига бориб тўйхонада чироқлар ўчди. Ҳайрон бўлиб, сабабини билиш учун тўйхона маъмуриятига учрамоқчи бўлган ҳам эди, хотини уни кулиб қайтарди:
– Дадаси, чироқ ўчмади, ўзлари ўчиришди. Ҳозир ҳамма тўйда шунақа қилишади-ку? Ҳалиги, нимайди, ҳа “Лав стори” бўларкан...
– Нима деганинг у? – Лав сторининг нималиги хаёлининг четига ҳам келмай, хотинига қоронғуда қаттиқ тикилди.
– Ёшларнинг тўйдан олдинги учрашувлари суратга туширилган, ҳозир ўша суратлар меҳмонларга кўрсатилади...
– Нима деяпсан?! ؘ– Унинг ғазаби қайнади. – Тўйга келганлар учун қизинг билан куёвинг учрашувининг нима кераги бор?!
– Дадаси, ахир, ҳозир ҳамма тўйда шунақа қилишяпти-ку!? Бу урфга айланган. Унаштирилган йигит-қиз тўйгача суратга тушиб, фото альбом қилади. Тўй куни шу суратлар меҳмонларга катта экранда кўрсатилади...
– Ҳе ўша урфингни...
Шу пайт катта экран ёришиб унда қизи билан куёвининг суратлари кўрина бошлади. Бирида иккови қўлини юрак шаклига келтиришга уринган, думбага ўхшаб қолган. Бир суратда куёви қизини қучоқлаб тушган, бошқасида қизи йигитнинг пинжига тиқилган... Унинг нафаси қайтиб, бошига оғриқ кирди. Кўзларидан олов чиқаётгандек юзи ёнар, худди ҳамма қўлини бигиз қилиб уни кўрсатганча, “Ана, шарманда қизнинг отаси шу!” дегандек бошини эгиб, букчайиб қолганди. Шармисорлик томошаси анча пайт давом этди. Унинг кўзи суратларда эдию, ҳуши ўзида эмасди. Ёнида ўтирган катта экранда термулиб қизининг беҳаёлигини ғурурланиб томоша қилаётган хотинига нимадир демоқчи бўлар, лекин овози чиқмай, бўғзига тахир тугун тиқилган эди. Йигитлар қийқириб ҳуштак чалар, қизлар увиллашиб чинқирар, катталар қарсак чалар, у эса қўлларини билан бошини чангаллаб, “Бўлди, тўхтатинглар”, демоқчи бўларди. Ҳартугул чироқ ёнди. Энди экранда тўй саҳналари кўрина бошлади. Тўсатдан хотинининг кўзи унга тушди:
– Дадаси, тузукмисиз?
Хотинига нафрат билан тикилди ва деди: “Қиз туғмай ўл! Қиз узатмай ўл! Мени бугун тириклай ерга киргиздиларинг!..”
Хотини ҳеч нарсага тушунмай анқайиб тураверди. Бироз ўтгач, бундан ҳам шармандали ҳолат юз берди. Афсуски, уни ҳам тўхтатишга кучи етмади. Аввал қизи бир тўп дугоналарига орқа қилиб гулдаста отди. Дугоналари қийқириб-талашиб гулдастани илиб олишди. Кейин яна чироқлар ўчди. Тўйхона хизматчилари шамдонларни ёқишди. Юрагини жангаллаб, одамлар кўз олдида яна қандай шармандалик бўларкин, дея ўтирган эди, бир пайт куёв билан қизи даврага қўлтиқлашиб тушди?! Шу пайт ер ёрилсаю, у кириб кетса! Кўзи тиниб кетди. Келин-куёв қўлтиқлашиб ўйинга тушаяпти, йигит-қизлар қийқириб, уларни олқишлаб ирғишлаяпти. У эса, мана шу шармандаликни ҳамма қатори томоша қилиб ўтирди...
Биринчи марта қизи аразлаб келганида, хотини шикояту қарғишни бошлаганди, оғзига урди:
– Никоҳи қийилмаган йигит билан қўлтиқлашиб расмга тушган, тўй куни ўзини тиёлмай сакраб-сакраб ўйнаган қизинг, эр уйига бормасдан олдин ўзини қийматсиз қилиб бўлган эди! Энди овозингни ўчир! Тўй куни мени тириклай ерга тиқдинг икковлашиб, энди урсаям-сўксаям қизинг ўшаларнинг оёғи остида хор бўлиб яшайверсин! Қизингга айтиб қўй, ҳар куни бўғчасини қўлтиқлаб уйимга келавермасин! Сен эса, қудаларингни ғийбат қилиб, менинг бошимни қотирма!..
Ўшандан бери тўрт марта қизи аразлаб келди. Бу гал қорнидаги ҳомиласини ҳам ўйламай ҳайдаб юборишибди. Хотини қўрқа-писа, қудағайнинг: “Энди қайтиб келма, ўғлимга бошқа қизни олиб бераман!”, деб дағ-даға қилганини айтди. Хотинининг дийдиёларини эслаб, юраги санчиб оғриди. Ўзини беқадр қилган, ўз ҳурматини билмаганни биров қадрламайди, ҳурмат қилмайди. Тўйдан олдин тоғу тошларга, меҳмонхона ресторанларга бориб фото альбом қилган, никоҳ базмида куёв билан ўйинга тушган келинни қайнона ҳурмат қилармиди? Қизининг шунчаликка боришида унинг ҳам айби бор. Қизи унаштирилган йигити билан суратга тушишдан ҳаё қилмабдими, демак, у – отасини ҳурмат қилмаганидан!
Никоҳ базмида ҳамманинг кўзини ўзига қаратиб, отаси, акасининг кўз олдида тортинмай, “Ана, кўриб қўйинглар, мен эрга тегяпман”, деб ўйинга тушдими, демак, қизи отасидан ҳайиқмаган. Ҳурмат мажбуран ундирилмайди. Ҳурматга эришилади. Муносиб бўлинади. Мадомики, қизи уни ҳурмат қилмаган экан, онаси узатилаётган қизининг қилғиликларини била туриб, “Отанг билса иккимизни ҳам ўлдиради! Бу ишни тўхтат!”, демаган экан, бу – унинг айби. Энди айбини тан олиб, хатосини ўзи ислоҳ қилиши керак. Вақтида тузатилмаган хато ортидан катта кўнгилсизликлар юзага чиқади. Нима бўлганида ҳам, қизининг оиласини сақлаб қолиши керак. Шунчасига томошабин бўлиб турганидек, қизининг оиласи бузилишини ҳам томоша қилиб ўтирса, эртага яна кимга жабр бўлади? Яна ким ўртанади? Кимнинг боши қуйи солинади?
Ҳаммаси ўзига бўлади. Буёғига ҳушёр туриши керак. Кимдир паст кетиши, ўзини қурбон қилиши керак бўлса, у оила бошлиғи, ота бўлиб қизининг бахти учун ғурурини қурбон қилади. Ўзининг ғўрлиги, оиласига эътиборсизлиги учун ўзини ўзи жазолайди. Токи бу жазо унга бир умрлик сабоқ бўлсин! Ота бепарво бўлган оиланинг аҳли аёли шарманда бўлади, деган ҳаққиқатни ўғилларига уқтириш учун бош эгишга тайёр туриши керак. Ахир эгилган бошни қилич кесмайди, дейишади-ку. Ҳозир қудасиникига бориб, қудалари, куёви билан гаплашади. Ҳар қандай ҳолатда вазиятни юмшатиб, қизини оиласига қайтаради. Ота учун, “Қизи эрдан қайтиб келган”, деган маломат жуда оғир. Бу маломатни эшитганидан кўра, қудаларининг пойига бош урмоқ енгилроқдир...
У хаёлидан кечган ўйлардан руҳланиб, томоғига қадалган аччиқ тугунни ютди-да, дадил қадамлар билан олға юриб кетди...
Умида АДИЗОВА
Манба: Azon.uz “Замин” янгиликларини “Инстаграм”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Эрон Исроил билан кенг кўламли урушга тайёрлигини маълум қилди
Грецияда минглаб одамлар НАТОга қарши намойиш ўтказди
Энди «Доимий яшаш жойига рўйхатга қўйиш» қулайлашди (видео)
100 млн сўмгача бўлган кредитлар соддалаштирилган тартибда ажратилади
Германия разведкаси раҳбари: “Россия яқин йилларда НАТОга ҳужум қилиши мумкин”
Словакия бош вазири Путиннинг таклифини қабул қилди
Бош кийимсиз юришнинг организмга қандай таъсири бор?
Эрдўғон: “Туркия Ғазо можароси тугамагунча Фаластинни қўллаб-қувватлайди”