Бир вақтлар Ўрта Ер денгизи ўртасидаги Малта оролида саёҳатда бўлгандим. Борганимнинг биринчи куни жимитгина ўлканинг торгина кўчасида бир киши билан танишиб қолдим. Ота-боболари Италиядан, ўзи шу ерда туғилган экан. Сабзавот етиштираркан. У юртининг гўзаллиги, ажойиб тарихи борлиги, ватанини ҳеч нарсага алишмаслиги ҳақида шунақанги жўшиб сўзладики, беихтиёр мен ҳам Малтани севиб қолдим. Кейин билсам, орол фақат тош ва қотган лавадан иборат, чучук сув манбалари деярли йўқ, тупроқни ҳам, ичимлик сувини ҳам четдан ташиб келтиришар экан. Ана шундай яйдоқ, шароити йўқ бир ўлкани "ватан" дея севиш, фақат сайёҳларга хизмат кўрсатиш билан машғул малталикларни дунёдаги энг бахтиёр халқ, деб ардоқлаб юрган ўша малталикни кейинчалик яна кўп марта эслашга тўғри келди.
Бир тижоратчи ҳамюртим чет элдан хизмат сафари билан келган сармоядор шерикларга яктак-чопондаги содда отасининг содда қиёфасидан "уялиб", бу киши қариндошимиз, деб таништирганини эшитганимда ўша малталикни ўйладим.
Вилоятлардан пойтахтга келган ёки иш ахтариб бошқа ўлкаларга кетаётган ёшларнинг "бошқа вилоятдан келганим ёки ўзбеклигим билиниб қолмасин" деган "андиша"да бошдаги дўпписини дарров жомадоннинг энг тубига яширганини кўрганда ўша малталик эсга тушаверди.
Ўзбекнинг бир танти шоири "Ўзбек эканингиз ёлғон, йигитча, Белбоғингиз қани белингиздаги?!" ёки "Дўппи киймай қўйди одамлар… Киноларда қолғон дўппилар" дея изтироб чекканида ҳам, бошқа бир ўзбек шоирининг "Қайга бормай бошда дўппим, шуҳратим, қадрим буюк" сатрларини ўқиган бугунги ўқувчининг не куйга тушишини ўйлаганда ҳам олис юртдаги ватанпарвар малталик хаёлга келаверди.
Ватаннинг, миллатнинг яхши-ёмони бўлмайди, ватан ва миллат танланмайди. Шундай бўлгач, қай бир халқ миллий анъана ва урф-одатларидан чекина бошласа, аста-секин миллий асосларидан ҳам ажрайди. Асосларидан ажрагач эса, келгинди мустамлакачиларга осонгина қул бўлади ва улар мафкураси домига тез тушади. Бунга яқин тарихимизда мисол етарли. Алихонтўра Соғуний айтганларидек, "Ҳар бир миллатга имон-Исломини сақлаш Қуръон ҳукмича қандай фарз бўлса, шу ўхшаш ўзлигини ва ўз миллатини сақлаш ҳам фарзроқдир… Пайғамбар алайҳиссалом насабидан тонганга лаънат айтганлар. Бир миллат тили, дини, расм-одати бошқа иккинчи бир миллатга ютилишига томошабин бўлиб туриш ҳам миллатга хиёнатдан бошқа нарса эмас!"
Миллий ўзлигимизни асрашда ишларнинг катта-кичиги, кераклиси ё кераксизи бўлмайди. Фақат жиндай ғурур, номус ва ҳамият, миллатдан фахрланиш ва эътибор лозим. Аммо ҳозир кўпчилигимизда ана шу нарсалар етишмаяпти.
Атрофимизга бир назар ташланг: ҳар қадамда чет элликларнинг урф-одатларига ва кийинишига, ҳатто ўзлари "пуф сассиқ" қилган ғарб "маданияти"га тақлидни кўрасиз. Қурган кўпгина иморатларимиз Италия ёки Эстониядаги каби учбурчак, конуссимон томли бинолардан айтарли фарқланмайди. Бинолар деворию пештоқларига миллий-диний қадриятларимизга мутлақо ёт шакл-нақшлар, ҳатто хоч тасвирларини туширишаётгани билан ҳам ишимиз йўқ. Дўконларнинг "маркет"га, гўшткуйдининг "гамбургер" ва "хот-док"ка, ишбошининг "менежер"га, тижоратнинг "бизнес"га, идоранинг "офис"га, томошанинг "шоу"га айланганига кўникиб бўлдик. Ҳатто чет эллик меҳмонлар олдида ўзининг ўзбеклигидан хижолат чекадиганлар ҳам топилиб қолади. Ота-боболари икки қўллаб, қучоқлашиб саломлашган миллат фарзандлари бугун қўчқорлардай калла уриштириб, ўпишиб кўришадиган бўлишди.
Ваҳоланки, ўзбеклар турмуши, юрти, тарихи, урф-одатлари, одобию меҳмондўстлиги ҳақида тўлқинланиб ёзмаган ё мақтамаган сайёҳ қолмаган, ҳисоб. Бир жуфтгина мисол: Ўзбекистонда бўлган бир испан элшунос (этнограф) олими ўзбек қизчасининг ўрнидан туриб меҳмонга чой узатишдаги нозик назокати ва ибосига шу пайтгача тўплаган бор тадқиқотларини алмаштиришга рози эканини ёзса, Самарқанд ва Бухорода бўлган бир фаранг сайёҳи "Бу юртда қурилган ҳатто бинолар ҳам кишига хотиржамлик ва таскин бағишлайди-я", дея қойил қолганини билдиради.
Аммо ана шундай шуҳратли элнинг айрим фарзандлари бугун ўз сарчашмаларини унутиб, ўзгалар ноғорасига ўйнаб юришибди. Кийиниш ва сўзлашишдаги миллийлик ҳақида-ку, гапирмаса ҳам бўлар?! Таниқли олим Қозоқбой Йўлдошев айтганидай, "ҳозирча айнан оналарнинг ҳайбаракалласи ва қўллаб-қувватлаши туфайли ўзбек қизларининг шармандали ечиниш (чунки кийиниш деб бўлмайди) жараёни шиддат билан кетмоқда" Кўздан яширилиши лозим бўлган танани иложи борича кўпроқ очишга интилиш, кийинишда маънавияти, маданияти тамоман фарқли халқларга тақлид қилиш миллатимиз миллий илдизларига урилган болта каби бўляпти. Андишасизлик, ҳаёсизлик, номуссизлик, шайтоний истакларга қул бўлиш миллат тарихида ҳеч қачон бугунгидай умуммиллий тус олмаган эди.
Яна юқоридаги олим таърифича, "азалдан фақат тили ва кўзи гапирган ўзбек қизи" бугун ғарбона киносериаллар қаҳрамонларига тақлид қилиб, оғзи, қўли, қош-кўзи, бутун вужуди билан бидиллаб гапира бошлади. Бу борада телевидение бошловчилари айниқса улоқни олиб қочишяпти. Қўшиқчи аёлларнинг оғзини катта очиб, бўғзигача кўрсатиб куйлаши ҳам урфга киряпти. Йигит-қизларнинг тил маданияти қон қақшамоқда: сўзлаганда ажнабий сўзларни қориштириш, жумлаларни узуқ-юлуқ қилиб тузиш, бақир-чақир ва турли ҳаракатлар билан гапириш, гапда "текинхўр" сўз ва жаргонларни кўп қўллаш, сўз фасоҳатию балоғатига бутунлай бефарқлик миллий анъаналаримизга тамоман ёт экани уларни мутлақо ташвишлантирмаяпти.
Ташқи кўринишидан миллийликнинг йўқолиши одамларнинг ички қиёфасига, руҳиятигаю миллий менталитетига ҳам таъсир ўтказмасдан қолмаяпти. Иш шунга бориб етдики, эрига итоатли аёл гўё "зулм остида қолганмиш", уйига бориш учун куёвдан рухсат сўраган келиннинг "инсоний ҳуқуқлари топталаётган эмиш", қўшнисиникида ихтиёрий ҳашарда қатнашган киши "меҳнатига ҳақ олиши керак эмиш", ота-онасини ҳурматлаган ўғилнинг "эрки ўзида эмасмиш", фарзанд тарбияси ва оила бахтини бирор ерда ишлашдан афзал билган аёл "жамиятдан узилиб қолганмиш". Бундай мисолларни яна кўплаб келтириш мумкин. Халқимизнинг миллий руҳиятини англай олмаган ажнабий "маслаҳатгўй"лар наздида андиша – қўрқоқликка, ҳаё – мазлумаликка, ёрдам ва хайрия қилиш – исрофга, силаи раҳм – миллий маҳдудликка тенглаштирилади.
Тошкентдаги тўй-маъракалардаю катта издиҳомларда доим оппоқ яктак ва дўппи кийиб, қўш белбоғ боғлаб, чуст пичоғи осиб, кўкрагини кериб виқор билан юрадиган Турсунали полвон бугун ёлғизланиб қолди. Миллат маънавияти ойнаси ҳисобланган "Ойнаи жаҳон"да машҳур раққосалар Мукаррама Турғунбоева, Қизлархон Дўстмуҳаммедова каби кийиниб, улар каби миллатга хос ибо, ҳаё, андиша билан рақс тушадиганлар анқога айланди. Миллий байрам-тантаналарда Юрт каттаси бошда дўппи билан қатнашгани ҳолда бошқалар дўппи кийишни ўзларига ор санашдан орланишмаяпти. Миллий кийимларимиз бўлмиш чопон, дўппи, белбоғ, аёлларимизнинг атлас, беқасам, банорасдан миллий услубда тикилган кўйлак-камзуллари бугун киностудияларнинг ва музейларнинг мулки бўлиб қолди ёки чопон-белбоғ фақат азадорлар кийимига айланди. Агар аҳвол шу йўсинда давом этаверса, яқинда ўзбеклигимиздан ҳам уяладиган, ор қиладиган бўлиб қолмасмикинмиз?!
Манба: Azon.uz «Замин» янгиликларини «Вконтакти»да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Германия разведкаси раҳбари: “Россия яқин йилларда НАТОга ҳужум қилиши мумкин”
Грецияда минглаб одамлар НАТОга қарши намойиш ўтказди
Энди «Доимий яшаш жойига рўйхатга қўйиш» қулайлашди (видео)
100 млн сўмгача бўлган кредитлар соддалаштирилган тартибда ажратилади
Эрон Исроил билан кенг кўламли урушга тайёрлигини маълум қилди
Словакия бош вазири Путиннинг таклифини қабул қилди
Бош кийимсиз юришнинг организмга қандай таъсири бор?
Эрдўғон: “Туркия Ғазо можароси тугамагунча Фаластинни қўллаб-қувватлайди”