14:25 / 08.06.2019
3 099

Зудлик билан онлайндан чиқиш учун 13 сабаб

Зудлик билан онлайндан чиқиш учун 13 сабаб
Бугунги кунда смартфонимиздаги турли иловалар ва ижтимоий тармоқлар бир қарашда ҳаётимизни енгиллаштирадигандек кўринади. Бироқ инсоннинг ақлий қобилияти ахборотни қабул қилиш билангина чекланмайди. Олинган барча маълумотларни таҳлил қилиш, хотирада сақлаш, уларни ижодкорона ғояларга айлантириш учун мияга “фойдали бекорчилик” онлари ҳам зарур. Қуйидаги мақолада доимий онлайнлик, бошқача қилиб айтганда вақтнинг кўп қисмини смартфон билан ўтказиш, ундаги илова ва ижтимоий тармоқлардан кўз узолмасликнинг салбий жиҳатлари кўрсатиб ўтилган.

“Мияни бўшат. Иш жуда кўп бўлса нима қилиш керак?” китобида нейропсихиатр Тео Компернолле раҳбарларни онлайндан воз кечишга чақиради. Ҳеч бўлмаганда айрим вақтларда онлайн бўлмаслик учун 13 сабаб эса қуйидагилардан иборат.

1. Доимий равишда онлайн бўлиш – оммавий ақлий мағлубият қуроли. Интеллектуал жиҳатдан самарали бўлиш учун диққат ва ақл кучини муайян вазифага жамлаш лозим. Ана ўшанда ўзингизни бир вазифадан бошқасига ўтишдан ҳимоя қилган бўласиз.

2. Доимий равишда онлайн бўлиш сизни доимий импульс-реактив режимига олиб киради. Миянгиз ташаббусни ўзлаштиради ва сиз вазиятдан келиб чиқадиган, юзаки – кам ўйланган, аниқ ва оптимал бўлмаган қарорлар қабул қилишни бошлайсиз.

3. Доимий онлайнлик ахборотни англаш, уни билим кўринишида қайта ишлаш, предмет тўғрисидаги тўлиқ таассурот, шунингдек шахсий ғояларни ривожлантириш каби анча мураккаб, бироқ муҳимроқ ақлий фаолиятни сиқиб чиқаради.

4. Доимий онлайнлик ходимларни адхократлар, ташкилотни эса адхократия (лотинчадан ad hoc — «айнан шунинг учун», «махсус ҳолат бўйича») га айлантиради. Вазиятдан келиб чиққан, яхшилаб ўйланмаган ёки умуман ўйланмаган реакциялар танқидий фикрлаш, чуқур таҳлил, стратегик режалаштиришни сиқиб чиқаради.

5. Доимий онлайнлик режимида сиз осонгина ақлий хатолар ва чалкашликларнинг қурбонига айланасиз.

6. Доимий онлайнлик сурункали кўп вазифалиликка олиб боради. Бу эса ақлий унумдорлик, хотира, ижодкорликни ёмонлаштиради ва зўриқишни оширади.

7. Доимий онлайнлик – уй, кўча ва ишдаги бахтсиз ҳодисаларнинг тез-тез кузатиладиган сабабларидан. Смартфонга қараган вақтда ақлий фикрни жамлаш фақат битта нарсага эътибор қарата олгани учун сиз атрофга нисбатан кар ва кўр бўласиз.

8. Доимий онлайн бўлиш ахборот ортиб кетишига олиб келади. Миянгизда кирувчи ахборотни қайта ишлаш ва хотирада сақлаш учун куч қолмайди. Натижада яхшилаб ўйланган, оптимал қарорларни қабул қила олмайсиз ва шахсий ғояларни ривожлантириш қобилиятига эга бўлмайсиз. Буларнинг бари ахборот ортиб кетгани борасидаги субъектив ҳисни ҳам оширади.

9. Доимий уланганлик қувватингизни еб битиради. Чексиз микроқарорлар кетма-кетлиги (масалан, хабарни ўчириш керакми ёки йўқ, ҳозир жавоб бериш керакми ёки кейинроқ ва ҳ.к) қувватингизни сарфлайди. Мазкур қувват сарфи муҳим қарор қабул қилиш керак бўлган вақтда сизни энг оддий, чуқур ўйланмаган, импульсив ва нооптимал танловни амалга оширишга мажбур қилади.

10. Доимий уланганлик сизни «фойдали бекорчилик» давридан маҳрум этади. Бундай даврлар мия учун зарур. У етишмаганида мияга ахборотни тартибга солиш, хотирада сақлаш, архивга жойлаштириш, ахборотни ностандарт тарзда комбинациялаш ва шошилмасдан ижодий ғоялар устида ишлаш учун ҳисоблаш ресурслари етишмайди.

Ҳар бир бўш дақиқани смартфонга бағишлаб, ҳар қандай танаффусни ахборотни сингдиришга сарфлаб, сиз ақллироқ бўлиб қолмайсиз.

11. Доимий уланганлик ҳақиқий суҳбатлар, муносабатлар, муҳокама ва учрашувларга зарар келтиради. Бир томондан, ақл бовар қилмас ахборот-коммуникацион технологиялар исталган вақтда ва жойда хоҳлаган кишимиз билан учрашиш имконини беради. Бошқа томондан эса, доимий онлайнлик реал муносабат ва мулоқот сифатига салбий таъсир кўрсатади.

12. Доимий онлайнлик учрашувлар самарадорлигига путур етказади. «Иш кабинети» менежерлар чўнтагида бўлганида жорий ишлардан узоқлашиб, компанияга қуш баландлигидан стратегик жиҳатдан назар солиш мушкул. Натижада улар компания олдидаги истиқбол ёки хатарларни кўра олмайдиган, ностандарт, инновацион ёндашувларни топа олмайдиган ва жипслашган бошқарув жамоасини ташкил этолмайдиган чигирткаларга айланиб қолишади.

Ва ниҳоят, навбат бўйича охирги, бироқ аҳамиятли бўлган сабаб:

13. Доимий онлайн кишилар ўз ҳаётини назорат қилишдан маҳрум бўлади. Смартфон ёки компьютердаги хабарнома ҳақидаги сигнални эшитгач, барча ишларини ташлаб, виртуал оламга сингиб кетадилар. Виртуал оламга қачон киришни ўзлари эмас, виртуал олам ҳал қилади. Улар диққат-эътибори бўлинган, фикрлаш тарзи содда чигирткаларга айланиб қолишади. Улар реал оламда ҳеч қачон 100 фоиз мавжуд бўлишмайди. Улар доимий чарчоқ, сурункали зўриқиш, унумдорликнинг пастлиги ва юзаки муносабатлардан азият чекишади.

Ўзингиз гувоҳи бўлганингиздек, доимий онлайнлик самарадорлик белгиси эмас. Смартфон, компьютердан фойдаланганингизда ушбу сабабларни ҳисобга оласиз деган умиддамиз.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Зудлик билан онлайндан чиқиш учун 13 сабаб