06:30 / 06.08.2019
2 972

Ҳаётимизнинг шунчаки бир таҳлили

Ҳаётимизнинг шунчаки бир таҳлили
Ҳаётда шундай воқеалар бўладики, уларни узоқ вақт эсдан чиқара олмайсиз. Куни кеча шундай воқеалардан бирини эсладим. Мен жуда ҳурмат қиладиган устоз журналист бор – Ўктам Йўлдошев. Ўзтелерадиокомпанияда бирга ишлаганмиз. Шу инсон билан бундан 10 йиллар олдин кўчада кўришиб қолдик. Ўшанда Ўктам ака бир гап айтганди. “Ҳозир одамлар четга бориб ишлаб, пул топишяпти. Бундан одамлар ҳам, раҳбарлар ҳам хурсанд.

Чунки одамлар ўзимизда ишлаб бу пулни топа олишмайди. Четда ишлаб тирикчилик ўтказишяпти. Катталар эса четдан Ўзбекистонга валюта кирганига хурсанд. Лекин энг ёмони болалар отасиз ўсмоқда. Камига ўша болалар масжидга ҳам киритилмади. Ҳар қалай, бироз панд-насиҳат эшитарди-да. Ота тарбиясини кўрмаган болаларнинг қилиқларини 5-10 йиллардан кейин кўрамиз. Аммо унда кеч бўлади”, – деганди.

Бугун кўча куйда болаларнинг бетарбия қилиқларини, уруш-жанжалларини кўриб Ўктам аканинг ўша гапини эсладим. Бир бола ўз амакисининг уйига босқинчилик уюштирган, иккитаси коллежда пичоқбозлик қилган, янги келин ўйнаши билан қочиб кетган, ўғил кекса ота-онасидан хабар олмайди, яна биттаси наркоман, биттаси алкаш....

Бу хабарларни эшитсангиз, юрагингиз орқага тортиб кетади. Бу – ўша хатоларимиз меваси. Одамлар оиласини ташлаб, чет элларга ишлагани кетишгани хато эди. Бу хатонинг юз беришига сабаб ишлаб чиқаришнинг йўқлиги эди. Ишлаб чиқаришни эса коррупция, монополия, қонунсизлик ўлдирганди. Бунга эса ҳокимиятдаги амалдорларнинг имонсизлиги, виждонсизлиги сабаб бўлган эди. Охир-оқибат ҳокимиятга бундай одамларнинг келиб қолишига ҳаммамиз айбдормиз. Нега биз айбдор эканлигимизни бошқа мақолада тушунтириб бераман.

Агар одамлар ўзимизда иш топа олишганда эди, ҳеч ким бола-чақасини ташлаб ўзга юртларда сарсон-саргардон бўлмас эди. Агар хатоларимизни таҳлил қиладиган бўлсак, бир-бирига боғланиб бораверади. Кўрдингизми, бола тарбиясидан бошланган муаммонинг илдизи қаерга бориб тақалди. Сўнгги тақалган нуқтаси – коррупция. Вақти келганда бу мавзуда батафсил суҳбатлашамиз. Мен ҳозир фақат таълимдаги коррупцияга қисқача тўхталмоқчиман, холос.

Боғча, мактаб, олий таълим – ҳаммаси коррупция ботқоғига ботиб кетганди. Энди унинг аччиқ мевасини юзимизни буриштириб-бужмайтириб, айланиб ҳам, ўргилиб ҳам ейишга мажбурмиз. У қандай оқибатларга олиб келиши мумкин? Тасаввур қилинг: тиббиёт институтига пул билан кирган, ўқишни ҳам қойиллатмаган шифокор сизни операция қилади. Бундай операцияга киришдан олдин васиятингизни ёзиб қолдиришни унутманг. Ҳар эҳтимолга қарши-да, билиб бўладими. Бошқа иложингиз ҳам йўқ.

Ёки чаласавод терговчи сизнинг ҳаёт-мамотингизни ҳал қилади. Терговни пухта олиб боролмаса, ишни тезроқ ёпиш учун айбни бўйнингизга уриб бўлса-да, қўяди. Шу билан битта инсоннинг тақдири синди-да. Мактабда эса фарзандингизга калласи бўм-бўш ўқитувчи дарс беради. Болалар ҳам чаласавод бўлиб чиқишади. Агроном эса экинни нотўғри вақтда эктириб, ҳосилни нобуд қилади. Чунки у ҳам чаласавод, отасининг пули билан ўқиган, адашдим, диплом олган.

Натижада ўша йили дехқонлар хонавайрон бўлади. Бозорда эса ҳосил бўлмаганлиги сабабли нархлар қимматлашади. Архитектор саводсизлиги сабаб иморатни сифатсиз қуради. Унда яшайдиган одамлар бир умр нолиб ўтишга махкум. Яна бир чаласавод эса ҳоким бўлади. Унга туманни ривожлантириш, халқ фаровонлиги – “гитара”. Ўзига хон, кўланкаси майдон, кайфу сафо қилиб яшаса бўлди. Унинг ғаму ташвиши амалдорлигида бойлик тўплаб қолиш бўлади.

Ўз соҳасини яхши билмайдиган одамларга иш топширилса, жамиятни ана шундай ҳалокатга олиб боришади. Биз эса нимага бизда ҳаёт яхши эмас, нимага муаммо кўп, нимага мутахассисларимиз яхши эмас, дея нолишдан нарига ўтмаймиз. Жамият ривожланиши учун, турмушимиз фаровон бўлиши учун ҳар бир соҳада малакали мутахассислар ўтириши керак.

Малакали мутахассислар эса олий таълимга пулига қараб эмас иқтидори, билимига қараб қабул қилинсагина етишиб чиқади. Бундан 2 йил олдин инглиз тилини яхши биладиган бир қиз институтга кира олмади. Унинг инглиз тилидан бирон ҳарфни ҳам танимайдиган дугонаси ўша институтга бюджетга кирди. Бунга изоҳнинг ҳожати йўқ. Ортиқча гапириб ўтирмайман.

Японлар иккинчи жаҳон урушидаги мағлубиятидан сўнг аянчли аҳволга тушиб қолишади. Шунда улар “Нима қиламиз?” деган саволга “Фарзандларимизни билимдон қилиб ўқитамиз”, деган жавобни беришган. Натижаси узоқ куттирмади. 20 йилдан сўнг японлар илм-фанда, маиший техника соҳасида дунёда етакчи ўринга чиқиб олишди. Аҳолининг турмуш фаровонлиги ҳам ошди. Ўша иккинчи жаҳон урушида ғолиб чиққан Россия коррупция туфайли ҳаминқадар турмуш тарзига эга.

Биз эса ер ости, ер усти бойликларига эга бўлсак-да, ўша Россияга бориб мардикорлик қилмоқдамиз. Уйда қолган аёлларимиз шунча газимиз бўлишига қарамай, тезак ёқиб овқат пиширишмоқда. Камига яна “Лукойл”га газдан қарздор ҳам бўлмоқдамиз. Зўр-а, ҳам газ берамиз, ҳам қарздор бўламиз. Менимча, дунёдаги ҳеч бир миллат ўзбекчалик ўз қадрини йўқотмаган бўлса керак. Бўлди-ей, бошқа ёзгим келмай қолди. Қолган гапларни бошқа сафар ёзарман. Юрагим сиқилиб қолди.
Икром УЛУҒБОЕВ

Манба: Azon.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Ҳаётимизнинг шунчаки бир таҳлили