14:20 / 18.07.2020
3 796

Китоб ўқимай қўйган инсонда қандай ўзгаришлар кузатилади?

Китоб ўқимай қўйган инсонда қандай ўзгаришлар кузатилади?
Фото: We Heart it
Дунёдаги энг яхши кинозал мия эканини яхши китоб ўқиш давомида тушуниб етиш мумкин. Китобхон эса севиб ўқиган асаридаги воқеаларни ўз бошидан кечиргандек бўлади. Китоб ўқимай қўйса-чи, нима бўлади? Қуйида ушбу саволга жавоб берамиз.

Сўз бойлиги камаяди
Китоб ўқиш нафақат дунё қарашни кенгайтиради, балки саводхонликнинг ортиши, ёзма ва оғзаки нутқнинг бойишига сабаб бўлади. Китоб ўқийдиган одам, қаерда, қачон, кимга қандай гапириш кераклигини яхши билади ва камдан-кам фикрини ифодалаш учун сўз тополмай қолади. Китоб ўқийдиган инсонлар билан суҳбатлашиш, фикр алмашиш мароқ беради.

Хотира пасаяди, мия фаол ишламайди
Миянинг чап ярим шарида сўзлар ва маълумотлар билан боғлиқ операциялар амалга оширилади, ўнг ярим шар эса визуализация ва тасаввурга жавоб беради. Китоб ўқиш давомида эса миянинг икки ярим шари ҳам фаол ишлайди. IQ даражасини ошириш, англаш ва тасаввур ошишига сабаб бўладиган китобга шунинг учун ҳам энг яхши мия тренажёри деб таъриф берса бўлади. Мунтазам китоб ўқиш натижасида маълумотларни сақлаш учун аҳамиятли бўлган янги нейронлар шаклланади ва бу ўз навбатида хотира яхшиланишида муҳим роль ўйнайди.

Фото: Pinterest
Мия ва қалб озиқадан бебаҳра қолади
Яхши китобда ҳамиша ўйга толдирадиган саволлар ва вазиятлар бўлади. Яшашдан маъно нимадалиги, глобал ва жамиятдаги мавжуд муаммолар, кишилар ўртасидаги муносабатлар — қаҳрамонлар образида кўрсатиб ёки муаллиф томонидан очиқланиб берилиши ўқувчида инсонийлик, бефарқ бўлмаслик ва вазиятга онгли равишда ёндашишга ундайди. Мириқиб ўқилган китоб мияни озиқлантиради, қалбга малҳам бўлади, инсоннинг шахс сифатида шаклланиши, оламни англаши ва ўзлигини топишга уринишига туртки беради.

Шахсий фикрига эга бўлмайди
Китоб ўқимайдиган инсон ўзининг эмас, атрофдагилар фикри билан яшайди, айрим инсонлар кўрсатмасига асосан ҳаёти қандай ўтиб кетиб қолганини ҳам билмай қолади. Китобсевар инсон нафақат ўзини, балки атрофдаги инсонларни тушунишга ҳаракат қилиб, шу билан бирга ўз шахсий фикри ва позициясига эга бўлади, кимлардир хоҳлагани учун нотўғри деб билган ишларни бажармайди. Китоб ўқийдиган инсонлар муаммолар ечимига бошқача ёндашади, тахмин ва субъектив қарашлардан кўра аниқ қилиниши керак бўлган режалар асосида вазиятга реал баҳо беради.

Фото: Pinterest

Авлодлар савиясиз бўлиб қолади
Китоб орқали муаллиф ва ўқувчи ўртасида мулоқот бўлиб ўтади. Ёзувчи айтмоқчи бўлган фикрларини сўзлар ва воқеалар ривожи орқали авлодларга етказиб беради. Китоб ўқиш давомида ўқувчи муаллифнинг фикрлари ва ҳаётга бўлган қараши ҳақида тушунчага эга бўлиш, даврлараро исталганча саёҳат қилиш имкониятига эга бўлиши мумкин. Шунингдек, авлодларга инсоният ва кишилар томонидан қилинган хато ва янглишликларга четдан қараб баҳо бериш ва унинг якуни қандай тугаганини таҳлил қилиб, келажакда такрорламаслик учун дарс бўлади.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Китоб ўқимай қўйган инсонда қандай ўзгаришлар кузатилади?