Қорақалпоғистон Республикасининг Нукус шаҳрида йўлда жиддий кўринишга эга бўлган йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди. Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеоларда катта юк машинаси (фура) Cobalt русумли енгил автомобилни бир неча метрга суриб кетгани акс этган. Бу ҳақда Қорақалпоғистон Республикаси Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси маълумот берди.
Маълум қилинишича, воқеа жорий йилнинг 16 октябрь куни соат 14:20 лар атрофида Нукус шаҳри орқали ўтувчи автомобиль йўлининг 3–4 километри оралиғида юз берган. 1960 йилда туғилган Туркия Республикаси фуқароси Д.М. бошқарувидаги Mercedes-Benz русумли юк автомобили ҳаракатланиш пайтида 1993 йил Нукус шаҳрида туғилган Р.Э. бошқарган Cobalt автомобили билан тўқнашган.
Тўқнашув вақтида фуранинг кучли ҳаракат инерцияси сабабли Cobalt машинаси йўл бўйлаб бир неча метрга сурилиб кетган. Ҳодиса жуда хавфли кўринган бўлса-да, омадга кўра, ҳеч ким тан жароҳати олмаган.
Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси маълумотича, ҳозирда бу воқеа бўйича Нукус шаҳри ИИБ Жамоат хавфсизлиги хизмати ЙҲХ бўлими томонидан терговолди текширув ишлари олиб борилмоқда. Текширув жараёнида ҳар икки ҳайдовчининг ҳаракат тезлиги, йўл шароити ва эҳтимолий қоидабузарлик ҳолатлари ўрганилмоқда.
Мутахассислар таъкидлашича, ҳодиса асосан катта юк автомобиллари ҳаракатланадиган йўл участкасидан ўтган. Шу сабабли, бу каби вазиятларда енгил автомобил ҳайдовчилари эҳтиёткорлик билан ҳаракатланиши ва катта транспорт воситаларига етарлича масофа қолдириши зарурлиги қайд этилган.
Фуқаролар орасида тарқалган видеоларда ҳодиса бир неча сония ичида содир бўлгани кўрилади — фура тўсатдан тормоз босолмай қолиб, Cobalt’ни орқа томондан суриб кетган. Одамлар бу ҳолатни “омад билан тугаган фожиа” деб аташмоқда.
ЙҲХБ эслатади: катта юк машиналари иштирокидаги ҳар қандай тўқнашув катта хавф туғдиради. Шунинг учун ҳайдовчилар йўлда доимо масофа сақлаб, эҳтиёткорлик билан ҳаракатланишлари лозим.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!