“Манчестер Сити” бош мураббийи Пеп Гвардиола Англия премьер-лигасининг 8-турида “Эвертон”га қарши ўйин олдидан журналистлар билан суҳбатда жамоа таркиби ва кетган футболчилар ҳақида фикр билдирди. Испаниялик мутахассис Хулиан Алварес ва Аймерик Лапорт каби собиқ шогирдларини эслатиб, уларнинг қарорини тушунишини таъкидлади.
“Треблни қўлга киритганимизда, захирамизда кимлар бор эди, эслайсизми? Албатта, Аймерик Лапорт, Хулиан Алварес ва бошқалар. Мен уларни жамоада сақлаб қолишни хоҳлаган бўлардим, аммо улар кўпроқ ўйин амалиётини хоҳлашди. Бу ерда эса рақобат кучли эди, шундан кейин улар кетишга қарор қилди”, — деди Гвардиола.
Мураббий айни пайтда “Атлетико” сафида ўйнаётган Алварес ҳақида ҳам алоҳида тўхталиб ўтди: “Хулиан юқори даражадаги футболчи. Шунинг учун у ҳозир дунёнинг энг яхши клубларидан бири — “Атлетико Мадрид”да ўйнаяпти, топ даражадаги мураббий қўл остида. Балки мен уни ҳали ҳам бу ерда, “Сити”да кўришни хоҳлардим, лекин унинг қарорини тўлиқ тушунаман”.
Гвардиоланинг таъкидлашича, “Манчестер Сити”да ҳар бир ўйинчи учун рақобат ўта юқори бўлиб, айнан шу омил баъзан футболчиларни бошқа жамоага йўл олишга ундайди. “Бу футболнинг табиий қисми, — деди у. — Баъзан инсон фаолиятида янги босқичга ўтиш зарур бўлади. Биз уларни фахр билан кузатдик”.
Эслатиб ўтамиз, бугун, 18 октябрь куни соат 19:00 да “Манчестер Сити” ўз майдонида “Эвертон”ни қабул қилади. Гвардиола жамоаси уч очко олиш орқали турнир жадвалида юқори ўринга кўтарилишни кўзламоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!