Фото: Facebook / Anvar Shermatov
Тарихчи, ўқитувчи ва тадбиркор Анвар Шерматов Kun.uz мухбири билан суҳбатда ўзи туғилиб ўсган юрти Иштихондан Берлинга кетишгача бўлган саргузаштлари, Сурия қочқинларига, болаларга немис тилини ўргатиши, ўзи очган туризм фирмаси фаолияти, Германиядаги диний таълим, муҳожирларга ўрганиш мажбур қилинган немис тили, олмон юртидаги масжидлар фаолияти, шунингдек, ватан соғинчи ҳақида ҳикоя қилди.
Иштихон – Самарқанд – Берлин. Илм излаб
Самарқанд вилояти Иштихон тумани Баҳрин қишлоғида ўсиб улғайганман. Бизнинг тумандаги мактабларда чет тили сифатида немис тили ўқитилгани менинг тақдиримда алоҳида аҳамиятга эга бўлган. Чунки мактаб даврларидаёқ фан олимпиадаларида қатнашиб келганман.
Мактабни битиришимиз мустақилликнинг илк йилларига тўғри келган. Ўша вақтларда ўқишга қизиқиш жуда паст ҳисобланарди. Бунинг ўрнига ҳамма ўзини савдога, олибсотарликка урарди. Тенгдошларим орасида кўпчилиги ўзини тирикчиликка урди.
Менда эса вазият бошқача эди. Бизнес билан шуғулланаман десам, ёнига оладиган танишим йўқ, лекин олий таълимда ўқиш учун билимимга ишонардим. Самарқанд давлат университети немис филологияси йўналишига ўқишга кирдим, кейинчалик чет тиллар факультети алоҳида институт сифатида ташкил топди.
Ўқишни тамомлаб турли давлат ташкилотларида: ўша вақтдаги вилоят Маънавият ва маърифат марказида оддий ходим, қисқа вақт «Камолот» жамғармасида вилоят етакчисига ўринбосар, Самарқанд давлат Тиббиёт институти чет тиллар кафедрасида ва Самарқанд давлат Қишлоқ хўжалик институтининг чет тиллар кафедрасида немис тили ўқитувчиси бўлиб ишладим. Лекин ҳадеганда ишим юришмади, ўша вақтда ойлик маошга яшаш қийин, куним ҳамин қадар ўтар, ҳатто йўлкирага пул тополмаган вақтларим бўларди.
2000 йил ёз ойлари эди, Самарқанд давлат Чет тиллар институтида бирга ўқиган дўстларим немис филологиясини битирганлар Германия техника университети немис тили чет тили сифатида йўналишларига тил имтиҳонларисиз қабул қилинади деб айтиб қолишди. Германияга кетиш ҳазил гап эмас, виза олиш учун иқтисодий кафиллик керак бўлади.
«Камолот» жамғармасининг дастурида ҳам чет элда ўқийдиган ёшларни молиялаштириш деган йўналиш борлигини билардим. Ҳокимиятда ишлайман деб тентираб юрган вақтларим таниш орттирганим шу ерда қўл келди ва ташкилотнинг кафиллигини олишга эришдим. Кейинги босқич Германия элчихонасига бу кафиллик қабул қилинишини тушунтириш бўлди. Улар ўша вақтда фақат «Умид» жамғармасинигина тан оларди. «Камолот» республика бошқармасидан ҳам тасдиқлашгандан кейин рози бўлишган ва шундай қилиб Германиядаги саргузаштларим бошланди десам ҳам бўлади.
Менга иккинчи марта немис тили мутахассислиги шарт бўлмагани учун ўқишни кейинроқ тарих факультетига ўтказдим. Талабалик йиллари ўқиш билан бирга турли жойларда ишладим. Чунки бу вақтга келиб уйланган ҳам эдим. Бу уйланиш тарихи ҳам қизиқ бўлган. Самарқандда талабалик даврларим биздан бир курс баландда ўқийдиган челаклик бир қиз талабалар ётоқхонасида синглиси билан бир хонада яшарди (синглиси СамДУнинг математика факультетида ўқиётган бўлса-да яширинча СамДЧТИ ётоқхонасида яшаб юрарди).
Қиш кунлари, «Булвар»да кетаётган эдим, шаҳар мактабининг катта синф ўқувчилари бир қизни қорбўрон қилиб, ётиб қолган жойида юзига қор ишқаяпти. Югуриб бориб болаларни уёқ-буёққа улоқтириб қизни қутқардим. Қарасам, таниш қиз, ўзимча туриб раҳмат айтади, деб кутиб турдим. Қиз тура солиб раҳматниям насия қилиб ҳалиги болаларни қувиб кетди, жуда ажойиб экан-ку бу қиз деб қўйганман хаёлимда. Берлинга келганимда у ҳам опаси билан Берлинга келган экан, тақдирни қарангки, кейин ўша қизга уйландим.
Ўқитувчилик, қочқинлар билан ишлаш ва туризм
Берлинда дунёдаги энг катта туризм ярмаркалари бўлиб ўтади. Туризм соҳасига қизиқишим бўлгани учун ҳар йили бу ярмаркаларга кириб ўрганиб юрардим.
2008 йилда Самарқандда туризм фирмаси очиб 2013 йилгача Германиядан сайёҳларни юртимизга саёҳатга олиб бориш билан шуғулландим. Кейин иқтисодий инқироз бошланди, шу сабаб бўлиб, туризм сусайди ва бир муддат ўқитувчилик – ўзга тилли миллат инсонларига немис тилини ўргатиш билан шуғуллана бошладим.
Маълумки, Германия қонунига кўра, мамлакатга келганда ҳар бир мигрант немис тилини билиши мажбурий. Бу давлатдан ижтимоий ёрдамларни олиши учун ҳам керак. Биз бошқа миллат одамларига немис тилини ўргатиш билан шуғулландик.
Шу орада Сурия воқеалари бошланди ва Европага, жумладан, Германияга ҳам қочқинлар кела бошлади. Дастлабки партияда бир миллион қочқин келди. Ўша вақти тезликда зарур чоралар кўрилди, шу жумладан, қочқин болалар таълими масаласи ҳам. Немис тили ўқитувчиларига ҳам талаб кучли эди, маошларни ошириб тўлаш ҳақида таклифлар берилди ва мен ишлаб кўришга рози бўлдим.
5 йил давомида то 2019 йилгача қочқин болаларга дарс берган бўлсам, ишонасизми, шу давр ичида жисмонан эмас, руҳан ва маънан толиқиб бўлдим. Сабаби, биринчидан, болалар анчадан буён таълим олмагани учун анчагина вақт уларга дарс ўтиш эмас, аввало тартиб ва тарбия беришга тўғри келди. Оддий мисол мактаб синфхонасига фақат эшикдан кириш кераклиги, партада ўтиришгача ўргатдик, айб уларда ҳам эмасди, баъзилари йўлда туғилган, баъзилари мактаб ёшига етмасдан йўлга чиққан, 2-3 йиллаб умри йўлда ўтган, умуман мактаб ҳақида тасаввурлари йўқ эди. Баъзилари эса уруш даҳшатини кўзи билан кўрган, руҳан эзилган болалар эди.
Иккинчидан, улар бошдан кечирган воқеаларни гарчи бу менга қизиқ бўлмаса-да эшитишга мажбур бўлдим, фақатгина болалар эмас, ота-оналар ҳам келиб дардини айтарди. Улар орасида турли тақдир эгалари бўлиб, мактабига бомба тушиб партанинг тагида жон сақлаб қолиб, у ердан зўрға чиққани, ўзига тўқ ва ҳашамдор яшаб келган одам бир зумда ҳам молидан айрилиб, ҳам юртидан қувғинга учраб бегона жойларда тентираб юрганини ҳикоя қилиб бериши эшитувчига ҳам таъсир этмай қолмайди.
Шу сабабли у ердан кетдим ва яна туризмга қайтиб ҳозиргача шу билан шуғулланиб келяпман. Самарқанддаги фирмамизни укаларим юритади. Пандемия барча соҳалар каби туризмга катта салбий таъсир кўрсатди. Лекин шу ҳолатда ҳам иқтисодий ривожланган давлатнинг савияси кўринар экан, масалан, фирмаларнинг ижара харажатлари, ходимларнинг вақтинча ишсизлик нафақаси ва бошқа тўловларни тўлаб берди. Ўзбекистон шароитида бундай нарсани кўрганим йўқ, албатта, тўғри тушуниш керак, давлатимиз иқтисодий тарафдан ҳозирча ривожланаётган давлатлар қаторида.
Туризм билан шуғулланган одам худди уста савдогардек бўлиб кетар экан, одамларни қизиқтириш учун ўзингиз таклиф қилаётган давлатларни таърифлаб беришингиз керак-да. Сайёҳлар, кўпинча, аёллар хавфсизлик ҳақида сўрашади, яъни куннинг исталган вақти ва исталган жойда ўзини қанчалик хавфсиз ҳис этишини сўрайди. Аввалги президент даврида Ўзбекистон полиция мамлакати, ҳамма жойда полиция бўлади деб тушунтирардик, ҳозир эса туризм полицияси сайёҳларга ҳамма жойда ёрдамга шай деб тушунтирамиз, мамлакатимиз 2018 йилда энг хавфсиз мамлакатларнинг юқори ўринларидан жой олганини айтишимиз ҳам кўпчилик сайёҳларнинг мамлакатимизга саёҳат қилишларига далда бўлади.
Қолаверса, одамларимизнинг ҳалоллиги, биз билан борган сайёҳларда нохуш ҳолатлар бўлмагани, ҳатто бир жойда унутиб қолдирган пул тўла ҳамёнини ўша жойга излаб қайтиб борганимизда уни олиб қўйиб, туристнинг келишини кутиб турган юртдошларимизни кўрдик. Бу ҳам кейинги сафарлар учун ишонч вазифасини бажаради.
Германияликларни тарихий шаҳарларимиздан ташқари оддий қишлоқ ҳаёти, тўйлари ва бошқа маросимлари жуда қизиқтиради. Ўрни келганда айтиб ўтиш керак, бу ерда қишлоқ ва шаҳар ўртасида тафовут деярли йўқ, яъни имконият, инфратузилма, йўллар, свет, газ, интернет ва шу каби бошқа эҳтиёжлар шаҳарда ҳам, қишлоқда ҳам бир хилда етарли таъминланган. Фарқи қишлоқ одамлари бир-бирини танийди, улар нисбатан содда ва очиқкўнгил.
Шаҳарга келган бирор чекка ҳудудлик одамни бир кўришда, бир суҳбатда ажрата олишмайди, фақат шеваси бошқа жойники экан дейиши мумкин холос, лекин биздаги ҳолат шаҳар ва қишлоқ орасида улкан тафовутни мутлақо кўрмайсиз.
Ўзбекистондаги қишлоқлар ва у ердаги ҳаёт эса улар учун экзотика деса ҳам бўлади. Баъзи вақтлари сайёҳларни тўй бўлиши кутилаётган кунларга олиб борамиз, масалан, Нурота қир-адирларида бўладиган тўйларни немислар тугул мен ҳам кам кўрганман, бу жуда қизиқ.
Германиядаги ўзбек мигрантлари ҳаётига назар
Ўзбекистон билан доимий алоқаларим шундан иборат. Йилда бир ёки икки марта ўзим туғилиб ўсган жойларга бориб яқинларим даврасида вақт ўтказиб қайтаман. Ватандошлар билан биргаликда 2013 йили Германиядаги элчихонамиз билан маслаҳатлашган ҳолда ўзимизнинг «Давра» ўзбек-олмон жамиятини ташкил қилиб Германия қонунлари бўйича рўйхатдан ўтказганмиз, унга аъзо бўлиш учун ё ўзбекистонлик бўлиши, ёки ўзбек тилини билишини шарт қилиб қўйганмиз. Вақти-вақти билан йиғилиб мусобақалар уюштирамиз, бир дастурхон атрофида суҳбатлар қиламиз.
Германияда юрган ватандошларда жуда катта муаммолар бор деб ўйламайман. Чунки бу ерга асосан академик қатлам йиғилган. Лекин шу билан бирга, Германияда туғилган фарзандларнинг ўзбек тили ўрганиши бироз оқсайди, чунки немис тилида тили чиқади, шу ерда ўқиши ва кейинги яшаши учун бу муҳим, боғча ва мактабда ҳам немис тили. Кўпчилиги ёшлар бўлгани учун фарзандлари ҳали ёш, ўзбек тилини кейинчалик ўрганиб олади дейишади, ўзимнинг фарзандларим ҳам китобий услубни билмаса-да, оддий ўзбекчада жуда яхши сўзлашадилар.
Ўзимизнинг ҳукуматга Германиянинг пойтахти Берлинда «Ўзбек уйи» (Usbek Haus) деган ном билан кичикроқ бўлса-да бир марказ очиш таклифини берганмиз, ҳозирча ҳукумат тарафидан амалий ишлар йўқ. Бундай марказнинг миллатимиз учун муҳим жиҳати шундан иборатки, ўсиб келаётган генерация учун онлайн бўлса-да ўзбек тили дарслари ташкиллаштириш, ўша ернинг ўзида ёки онлайн тарзда ҳар хил қизиқарли савол-жавоблар уюштириш, қисқа қилиб айтганда, Германияда ўсиб улғаяётган фарзандларимизнинг ватандан узилиб кетмаслиги ва ватанга бўлган меҳрини кучайтириш, қолаверса, Ўзбекистон маданияти ва туризмини тарғиб қилишда жуда фойдали бир марказ бўла оларди.
Германияда ҳар бир динга муносабат, эътибор яхши. Шу жумладан, мусулмонлар ҳам анчагинани ташкил қилади, мусулмонлар кўпроқ яшайдиган ҳар бир маҳаллада кичикроқ бўлса-да, масжидлар қурилган. Баъзи жойларда кўп қаватли бино олиниб, ижараси тўланади, хоналари бирлаштирилиб катта-катта заллар ҳосил қилинади ва масжид сифатида фойдаланилади.
Ҳозирги пандемия шароитида кечки 22:00дан бошлаб тонгга қадар шаҳар кўчаларида юриш тақиқланади. Лекин Рамазон ойи бўлгани учун намозхонларга масжиддан таровиҳга қатнаётгани тўғрисида маълумотнома беришди, кўчада полиция тўхтатганда ўша қоғозни кўрсатамиз.
Германия мактабларида ҳам бошқа давлатларда бўлгани каби дин дарси ўтилади. Қонун бўйича христиан дини ўтилиши керак. Лекин ҳар бир мактаб эҳтиёжига ва қайси дин вакиллари кўплигига қараб ўзи учун ўзгартириш киритиш ҳуқуқи бор, катта қизим биринчи синфга борганида синф ўқувчилари мусулмон бўлгани сабабли дин дарсида ислом дини ўтилиши тўғрисида мактаб маъмурияти қарор чиқарган. Мана 9 йилдирки, мактабда ислом динини ўрганиб келади. Бундан ташқари, масжидга ҳафтада икки кун қўшимча таълим олиш учун боради ва ҳозирги пайтда Қуръони каримни ўқишни ўрганди.
Келажак режалар...
Кўпчилик сўрайди, келажагингни қаерда кўрасан деб. Билмадим, бу жуда мавҳум мен учун. Хорижга келишим сабаблари нима эди: ўқиш, яхши ойлик-маош, эркин яшаш.
Юқорида ҳам айтдим, давлат ташкилотларида бир муддат ишлаганман ва ҳозир ҳам кузатиб келаманки, аҳвол жудаям ўзгариб кетмаган, мен ўзимнинг бугунги дунёқарашим билан кимнидир танқид қилиб қўйиб ўзимга ортиқча душманлар орттиришни хоҳламайман. Лекин Германияда қолмаслигим ҳам аниқ, доимо Аллоҳдан сўрайманки, ўлигим бу ерда қолмасин, ватанимда қардошларим орасида бўлсин. Йиллар ўтган сайин кетиш вақти яқинлашаверади.
Ҳозир бир вақтлардагидек маблағ йўқлигидан қийналмаслигим мумкин, лекин жамият ҳаётида рўй бериб турган ҳақсизликларга чидай олмайман, бошқалар каби хўп-хўп билан яшашни қабул қилолмайман. Қишлоғимга борганимда одамларга бу қишлоқда масжид йўқ, масжид қуриш керак десам, улар «Э, қўй, нима қиласан, ғалвали иш», дейди. Вилоят ҳокимигача ёздим, мен кетгандан кейин ҳокимиятдан вакил келиб, отамга нималарнидир гапирибди, гўёки нималарнидир «тушунтирган». Шу учун келажагим ноаниқдай кўринади, аммо Аллоҳдан сўрайдиганим ва қаттиқ ишонганим, бир кун келиб халқимиз коррупция деган балодан халос бўлади ва менинг ҳам танқидчи бўлишимга ҳожат қолмайди, Аллоҳ берган умримнинг қолган қисмини ватанда, яқинларим ва дўстларим билан ўтказаман!
Йигитали Маҳмудов суҳбатлашди.
“Замин” янгиликларини “Twitter”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
БААда исроиллик раввин ўлдириб кетилди
Украина Курск областида эгаллаб олган ҳудудларининг 40 фоиздан ортиғини йўқотди
Медведев: Махсус ҳарбий операция учун қуролларнинг аксарияти Россияда ишлаб чиқарилади
Абдусалом Азизов Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгашига ўтказилди
Европа суперклуби Ўзбекистон терма жамоаси ўйинчиси трансфери бўйича иш бошлади
Филиппинда амалдор президент ва рафиқасини ўлдириш учун қотил ёллади
Максим Шацких "Истиқлол"га қарши ўйин олдидан нималар деди?
Хонанда Муниса Ризаева илк марта она бўлди