Бемор зиёрат қилишнинг одоблари

Бемор зиёрат қилишнинг одоблари
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «Мусулмоннинг мусулмон устидаги ҳақи бештадир:
1. Саломга алик олиш;
2. Касални бориб кўриш;
3. Жанозага эргашиш;
4. (Таом ёки бошқа бирор нарсага) чақирганга жавоб қилиш;
5. Акса урганга жавоб қайтариш», дедилар. (Бухорий ва Муслим ривоятлари).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар. Аллоҳ таоло Қиёмат куни: «Эй одам боласи, касал бўлдим, мени кўргани бормадинг», дейди.

Шунда у киши: «Эй Раббим, қандай қилиб сени кўргани бораман? Сен оламларнинг Рабби бўлсанг», дейди. Аллоҳ эса: «Билмайсанми, фалончи бандам касал бўлди, лекин уни кўргани бормадинг. Агар уни кўргани борганингда ҳузуримдан уни топар эдинг», дейди.

Аллоҳ: «Эй одам боласи, сендан овқат сўрадим, менга уни бермадинг», деса, у киши: «Эй Раббим, қандай қилиб сени овқатлантираман? Сен оламлар Рабби бўлсанг», дейди.

Аллоҳ эса: «Билмайсанми, фалончи бандам сендан овқат сўради, лекин сен унга таом бермадинг. Агар унга овқат берганингда ҳузуримдан уни топар эдинг», дейди.

Аллоҳ: «Эй одам боласи, сендан сув талаб қилдим. Лекин мени сув билан сийламадинг», деса, у киши: «Эй Раббим, нечук сени сув ила сийлайман? Ваҳоланки, сен оламлар Рабби бўлсанг», дейди.

Аллоҳ эса: «Фалончи бандам сув талаб қилди. Сен унга сув бермадинг. Билмайсанмики, агар сув билан сийлаганингда, уни менинг ҳузуримдан топар эдинг», дейди. Имом Муслим ривоятлари. (Риёзус солиҳийн. Абу Закариё Яҳё ибн Шараф Нававий. www.зиёуз.сом кутубхонаси)

Касал кўришнинг ҳам ўз одоблари бор. Машҳурлари ушбулардур:
1. Одобда бўлишлик. Масалан, эшикни аста қоқиш, хонага киргач  ҳаммаёққа аланг-жаланг қилиб разм солмаслик.
2. Зиёрат учун беморга қулай бўладиган вақтни эътиборга олишлик.
3. Беморга табассум салом беришлик. Қўл бериб кўришилади. Агар бемор хавфли юқумли касаллик билан оғриган бўлса, қучоқлашилмайди. Ширинсуханлик ва самимият билан суҳбат қурилади. Зиёратчи бемордан ҳол сўраши, ўзининг умидбахш сўзлари билан унинг дардини енгиллатишга, дилига шодлик олиб киришга ҳаракат қилмоғи лозим. Уни безовталантирадиган, кайфиятини туширадиган нохуш нарсалардан гапирмаслиги керак.
4. Бемор ўрнидан туролмайдиган касал бўлса, бош томонида ўтириб, қўлини унинг пешонасига қўйган ҳолда, ҳол-аҳвол сўрайди.
5. Зиёратчи касалдан “тузукмисиз?”, “аҳволингиз қандай?”, “ўзингизни қанақа ҳис қиляпсиз?” каби саволлар билан ҳол сўраши ҳам машруъдир.
6. Касал кўргани келган киши беморга Фотиҳа, Ихлос, Фалақ ва Нос суралари суралар билан дам солиб, унинг ҳаққига дуо қилиш.
7. Зиёратчи беморнинг ҳузурида жуда узоқ ўтириб қолмаслиги лозим. Аммо беморнинг ўзи зиёратчини яхши кўрганидан, у билан кўпроқ суҳбатлашгиси келганлигидан яна бироз қолишини илтимос қилса шароит тақозоси билан узоқроқ ўтирса бўлади.
8. Зиёратчи беморнинг соғайишга бўлган умидини кучайтириши, ушбу мусибатида сабр билан безанишга чорлаши ва умидсизликдан қайтариши лозим.
9. Беморга таскин бериши, албатта соғайиб кетиши ва Аллоҳ хоҳласа ҳали кўп яшаши ҳақида гапириб кўнглини кўтариши лозим.
10. Зиёратчилар бемор ҳузурида шовқин-сурон кўтармасликлари, бир-бирлари билан талашиб-тортишмасликлари лозим.
11. Юқумли касалга мубтало бўлган киши бошқа бировни – хоҳ у бемор бўлсин, хоҳ соғлом бўлсин – зиёрат қилишдан сақланиши лозим.
12. Имкони бўлса қўлидан келганича совға-салом қилишлик.
13. Бемордан ўз ҳаққига дуо қилишини сўрамоқлиги ҳам мустаҳаб амаллардан саналади.

Ҳ.Сотволдиев

Изоҳлар 0

…

Мавзуга оид янгиликлар