07:30 / 21.08.2021
3 205

Аёллардаги кальций етишмовчилигининг асосий белгилари

Аёллардаги кальций етишмовчилигининг асосий белгилари
Фото: Siberian Wallness
Суяк тўқималарининг шаклланиши ва мустаҳкамланиши, тиш, соч ва тирноқлар ҳолати тўғридан-тўғри кальций миқдорига боғлиқ.
Кальций организм учун жуда керакли модда бўлиб, юрак-қон тизимнинг ишини барқарорлаштиради. Қон босими кўтарилишининг олдини олади, қон томирларини мустаҳкамлайди.

Эндокрин тизимнинг ишлаши учун жавоб берадиган гармонлар ишлаб чиқаришга таъсир қилади. Мураккаб оқсилларнинг синтезини тезлаштиради, натижада қон ивиши кучаяди. Метаболизмни тезлаштиради. Етарли калций истеъмол қилган одамда асаб тизими барқарорлашади, уйқу яхшиланади, стресс осонгина енгилади.

Шунингдек, кальций гликогенинг парчаланиши, холестерин даражасини пасайтириш ва умумий иммунитетни мустаҳкамлаш учун масъулдир. Оддий кальций миқдори билан танадаги яллиғланиш жараёнларини осонлик билан енгиш мумкин.

Кальций етишмаслигининг асосий белгилари:
- асосан тунда бўладиган мушаклар спазмлари – томир тортишиши;
- соч тўкилиши, мўртлик, хиралик;
- аллергик дерматит ёки бошқа тери касалликларининг пайдо бўлиши;
- бўғимларда оғриқ;
- ҳайз даврининг бузилиши, оғриқли ҳайз кўриш;
- тез чарчаш, уйқусизлик, стрессга бардошнинг камайиши;
- юракнинг тез-тез уриши – тахикардия.


Кальций етишмовчилигининг олдини олиш учун қандай маҳсулотлар истеъмол қилиш керак?
Пишлоқ таркибида қўшимча фосфор мавжуд бўлиб, кальций сўрилиши учун ёрдам беради. Қатиқ, сметана ва бошқа сут маҳсулотлари танани нафақат кальций билан, балки оқсил билан ҳам тўйинтиради. Дуккакли маҳсулотлардан ловия, нўхат, улар таркибида клетчаткалар, темир, магний ва калий ҳам бор. Қўзиқоринлар, ёнғоқ, хандон писта, айниқса, бодом таркибида кальций миқдори кўп. Кунжут уруғлари, тухум, ўрик туршаги, майизлар ҳам кальцийга бой маҳсулот саналади. Сабзавотлардан пиёз, сабзи, шолғом; мевалардан олма, цитрус мевалар, узум; полиз экинларидан қовун, қовоқларни истеъмол қилиш тавсия этилади.

Эътибор қаратиш керак бўлган муҳим жиҳат шундаки, қаҳва, маргарин, майонез ва бошқа тайёр соуслар, газли ичимликлар кальций сўрилишига тўсқинлик қилади. Иложи борича юқорида кўрсатилган маҳсулотларни алоҳида истеъмол қилиш керак.

Албатта, фақат озиқ-овқатлар ҳисобига барча етарли кальций моддасини қондириш мумкин эмас. Ёши катта инсонлар, айниқса, климакс давридан бошлаб таркибида кальций моддаси бор дориларни истеъмол қилиши керак. Кальций моддасини организмга сўрилишини яхшилаш мақсадида витамин D3 билан биргаликда ёки дори таркибида бўлса, жуда яхши натижа беради.

Шунингдек, кальций моддасини қабул қилишда фақат дориларнинг ўзини етарли деб билмаслик керак. Ёш катталашган сари остеопароз бошланади, буни тўхтатишнинг иложи йўқ, фақат секинлаштириш мумкин. Суякларда кальцийга талаб кўпаяди, лекин қабул қилиш сустлашади, шунинг учун қанча кўп кальций моддасини истеъмол қилган билан суяклар ичига кириб бориши таъминланмайди, ортиқчаси эса ҳар хил асоратлар, масалан, буйракда тошлар ҳосил қилади. Қўшимчасига кундалик одатий ҳаракатлар эмас, балки ҳар бир суякка куч туширадиган даволовчи бадантарбия зарур.

Шифокор Хуршид Аъзамхўжаев тавсиялари асосида тайёрланди.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Аёллардаги кальций етишмовчилигининг асосий белгилари