Фото: AP
Syntropy маркетинг агентлиги ҳаммуассиси Дмитрий Семёнов коронавирус пандемиясидан сўнг жаҳон иқтисодиётини нималар кутаётгани тўғрисида фикр юритди.
Океан яқинида яшайдиганлар зилзила ҳалокатнинг бир қисми эканлигини билишади. Зилзиладан сўнг улар бор-будларини йиғиштиришади ва цунами остида қолиб кетмаслик учун соҳилдан узоқроққа кетишади.
Коронавирус — бу ойлар, балки йилларга чўзиладиган зилзила. Бир ҳафта ичида касалликка чалинганлар сони икки миллионга етади. Аксарият мамлакатларда пандемия энди бошланмоқда. Ва у каррали тарзда ўсмоқда — ҳар ҳафта касаллик юқтирганлар ва ўлганлар сони икки бараварга кўпаймоқда.
Аммо дарҳол бизни чўктириши мумкин бўлган цунамига — иқтисодий инқирозга тайёргарлик кўришимиз керак. Масалан, АҚШдаги S&P500 - 500та йирик компаниянинг биржа индекси 30 фоизга тушиб кетди — бунақаси 2008 йилдан бери бўлмаганди. Фақат фарқи шундаки, ўшанда бунга ярим йил кетганди, ҳозир эса икки ой кифоя қилди.
Нималар юз берди?
- Меҳмонхона-ресторан бизнеси (жаҳон ЯИМнинг 9,2 фоизи) ва туризм (жаҳон ЯИМнинг 10,5 фоизи) соҳаси деярли бутунлай тўхтади. Прогнозларга кўра, 13 миллиондан 25 миллионгача киши ишидан айрилади. Таққослаш учун — 2008 йилда 8,7 миллион иш ўрни йўқотилганди.
- Аксарият авиаташувчилар май охирига қадар банкрот бўлиши эҳтимоли катта.
- Кундалик эҳтиёж учун зарур бўлмаган маҳсулотларга талаб пасайди. Дўконлар ёпилди. Ҳаттоки онлайн-савдолар ҳам вазиятни қутқариб қололмайди.
- Кўнгилочар саноат тўхтади.
- Логистика компаниялари йўқотишларга учради. Бу ўз навбатида нефтни қайта ишлаш саноатининг қулашига олиб келмоқда.
Нималар кутмоқда?
Иқтисодиёт мураккаб ва ўзаро боғлиқ тизим. Мос равишда, эндиги навбат юқоридаги саноатлар билан боғлиқ соҳаларга келади. Хўш, улар қайсилар? Тахмин қуйидагича:
1. Кўчмас мулк. Тўртта сабаб туфайли.
- Янги уйлар қурилиши тўхтайди — уларга инвестициялар етмайди + компанияларнинг бу ишга киришишлари камаяди.
- Аксарият бизнеслар ёпилади, омон қолганлари эса кичикроқ ва оддийроқ офисларга кўчиб ўтади.
- Масофадан ишлаш маданияти кенг оммалашади.
2. Кино. Кўплаб суратга олиш ишлари тўхтатилган, кинокомпанияларнинг банкрот бўлиши бошланади. Кинотеатрлар ёпилади. Бу вақт давомида одамлар стриминг сервисларига ўрганиб қолади.
3. Кўнгилочар муассасалар, оммавий спорт, ивент-индустрия. Прогнозларга кўра, вакцина яратиш, синовдан ўтказиш ва уни оммавий қўллашни бошлаш бир йилга яқин вақтни олади. Бу вақт ичида кўплаб ҳукуматлар ўз фуқаролари соғлигини хатар остига қўйиши қийин — одамлар тўпланиши узоқ вақт давомида тақиқланиши мумкин.
4. Ижтимоий жамғармалар ва ноҳукумат ташкилотларга тўловлар камаяди — инқироз даврида одамлар ва ташкилотлар бадалларни камайтиради.
5. Санъат. Рассомларнинг воқеаларга нисбатан муносабати орқали санъат асарлари кўпайиши мумкин, аммо санъатдаги маблағлар камаяди — инқироз вақтида одамлар эстетикага харажатларни камайтиради.
6. Меҳмонхона-ресторан бизнесини юқорида эслаб ўтгандик. 2008 йилги инқироздан кейин соҳага аввалги кўрсаткичларга чиқиш учун 9 ой керак бўлганди. Ҳозирги вазиятда пандемия ва иқтисодий инқироз кесишуви натижасида бу муддат кўпроқ бўлиши мумкин.
7. Маркетинг. Инқироз пайтида компаниялар биринчи навбатда сафарлар, ўқиш ва тадқиқотларга ажратилган харажатларни камайтиради.
8. Люкс ва премиум тоифасидаги маҳсулотлар. Сотилиши қийин бўлади.
9. Автосаноат. Одамлар машинада камроқ юради. Янги машина сотиб олишмайди, миниб юрганларини таъмирлашади.
10. Hardware. Хитойдаги йирик ишлаб чиқаришлар ёпилганди, жаҳонда ҳам шу амалиёт давом этмоқда.
Ижтимоий соҳада — гиёҳванд моддалар савдоси, алкоголь саноати, оилалардаги келишмовчиликлар ва жиноятчилик ўсиши мумкин. Булар иқтисодий инқирознинг одатий тўрт чавандози.
Яхши хабарлар ҳам бор
Қайси соҳалар коронавирусдан кейинги инқироз «шарофати» билан ривожланиши мумкин?
- Тиббиёт ва биотехнология. Инсоният янги эпидемиялар олдида ўзининг ожизлиги ва ҳимоясизлигини кўрди — буни оддий ниқоблар билан боғлиқ ҳолат ҳам кўрсатиб турибди. Саломатликни кузатувчи гаджетлар, дастурлар, янги дорилар ишлаб чиқариш гуллаб-яшнайди – бу саноат тез ўсади.
- Телекоммуникация саноати. Дунё онлайн режимга ўтмоқда, провайдерлар ва алоқа дастурий таъминотининг пичоғи мой устида бўлади.
- Онлайн-ритейл. Безоснинг ошиғи олчи — инқироз Amazon акциялари қийматига деярли таъсир қилмади. Етказиб бериш хизматлари ва онлайн-дўконлар кўпроқ пул топишни бошлайди. Маҳсулотларни уйда туриб кўриш учун AR ва VR технологиялар ривожланади.
- Онлайн-кўнгил очиш. Компьютер ўйинлари, киберспорт, бэтинг, стриминг сервислар — одамлар уйда ўтириб зерикади ва нима биландир машғул бўлишни истайди. Кейин эса ундан воз кечиши қийин бўлади.
- Хавфсизлик саноати. Жиноятчилик ўсиши натижасида ҳимояланиш воситаларига талаб ҳам ўсади.
- Буюмларни таъмирлаш, сервис марказлари, арзон кийимлар. Одамлар буюмларини узоқроқ ишлатади ва маблағ камлиги туфайли тез-тез таъмирлатади.
- Спорт жисмоний тарбия сифатида. Янги вируслар ва инсон ҳаёти ўртасидаги ягона девор иммунитет ҳисобланади. Соғлом турмуш тарзи заруриятга айланади. Ўрта истиқболда спорт заллари, спорт иловалари кўплаб мижозларга эга бўлиши мумкин.
- Мультипликация. Фильмлар суратга олиш тақиқланди, аммо мультфильм ишлаб чиқариш учун одамлар бир жойга йиғилиши шарт эмас. Мультфильмлар ва виртуал актёрлар сони ошиши мумкин.
- Оммавий тадбирларнинг янгича кўринишлари пайдо бўлиши мумкин — онлайн базмлар ўтказиш сервислари, футболчиларнинг бўм-бўш стадионлардаги ўйинларидан трансляциялар ва Zoom орқали WebSummit кабилар.
- Таълимнинг янгича шакллари. Пандемия шароитида мактаб ва университетлар одатий шаклда фаолият кўрсата олмайди. Таълим беришнинг янги шакллари, сервислар, ёндашувлар пайдо бўлади.
Шифокорлар тайёрловчи сервисларни алоҳида тоифага киритиш мумкин. Буёғига шифокорлик энг нуфузли касбга айланади.
Нима қилмоқ керак?
Қуйидагиларни тавсия қиламан:
- Бизнесни «модулли» қилиш. Жамоанинг ўзаги ва асосий даромад манбаларини қолдириб, қолган барча қўшимчавазифаларни аутсорсга топшириш. Бу компаниянинг ҳаракатчанлиги ва мослашувчанлигини оширади.
- Барча харажатларни камайтириш.
- Рақамлашиш, автоматлашиш. Дастур орқали бажариш мумкин бўлган барча ишларни дастур ёрдамида бажариш. Рақамлашмаган компанияларнинг замонавийлашиш вақти келди.
- Инглиз тилини ўрганиш.
- Хориждан ҳамкорлар излаш. Компанияни Quora, Linkedin, Reddit каби халқаро майдончаларда танитиш, хорижлик ҳамкорларни топиш.
«co-competition» — ҳамкорликдаги рақобатга ўтиш. Масалан, рақобатчилар билан соҳалар бўйича кластерларга бирлашиш ва хориждаги бозорларга чиқиш.
- Мамлакат ичида имкон борича кўпроқ пул сарфлаш. Рецессия товар/маблағлар йўқлиги учун эмас, иқтисодиёт ҳаракатланишдан тўхтагани сабабли бошланади. Пул – иқтисодиётнинг қони. Биз уни мамлакат иқтисодиёти орқали қанча кўп айлантирсак, иқтисодиёт шунча соғлом бўлади. «Замин» янгиликларини «Вконтакти»да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
“Ҳизбуллоҳ” бир суткада Исроилга қарши 20 га яқин ҳарбий амалиёт ўтказди
Рамзан Қодиров Ғарб давлатларига ҳужум қилишга чақирди: “Ҳақиқий уруш қандайлигини ҳис қилишсин”
2026 йилда бўлажак мундиалнинг фаворитлари рейтинги тақдим этилди
Суперлига. ОКМК сафарда "Пахтакор"ни мағлуб этди ва 11 йиллик қора анъанага чек қўйди
Қозоғистон Украина атрофидаги вазият туфайли ҳарбий ва фуқаролик объектлари хавфсизлигини кучайтирди
Халқаро жиноят судининг ордери Исроилни нега қўрқитяпти?
Италия суди Қуддус Исроил пойтахти эмаслиги ҳақида қарор чиқарди
Шавкат Мирзиёев Россия бош прокурори билан учрашув ўтказди