date

Ўзбекистонга 370 млн долларлик телефонлар импорт қилинди

Ўзбекистонга 370 млн долларлик телефонлар импорт қилинди
Жорий йилнинг дастлабки уч чорагида Ўзбекистонга мобил телефонларнинг расмий импорт ҳажми 370 миллион доллардан ошди. Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, мамлакатга 3,21 миллион дона телефон олиб кирилган бўлиб, бу электроника бозорида юқори истеъмол фаоллиги давом этаётганидан далолат беради.

Статистик маълумотлар таҳлилига кўра, учинчи чоракда импорт операциялари сезиларли суръатда ошган. Июлдан сентябр ойигача республикага 1,33 миллион дона телефон, умумий қиймати 176,4 миллион долларга тенг бўлган маҳсулотлар келтирилди.

Ушбу кўрсаткичлар биринчи ярим йилликдаги 1,88 миллион дона телефон импортига нисбатан сезиларли даражада юқори. Ўтган йилнинг шу даврига нисбатан эса импорт ҳажми 7,4 фоизга ёки қарийб 220 минг дона телефонларга ошган.

Хитой Халқ Республикаси Ўзбекистон мобил телефон бозорида етакчи ўринни сақлаб қолмоқда. Йил бошидан буён Хитойдан 2,49 миллион дона телефон импорт қилинган бўлиб, бу умумий ҳажмнинг 77,5 фоизини ташкил этади.

Фақатгина учинчи чоракда Хитойдан 1,06 миллион дона телефон олиб кирилган ва бу даврда Хитой маҳсулотларининг улуши қарийб 80 фоизга етган. Иккинчи ўринда Вьетнам жойлашди.

Бу мамлакатдан 9 ой ичида 619,2 минг дона телефон импорт қилиниб, умумий ҳажмнинг 19,3 фоизини ташкил этди. Қизиқарли томони шундаки, ушбу кўрсаткич ўтган йилги умумий импорт ҳажмидан ҳам ошиб кетди.

Вьетнамдан учинчи чоракда 244,1 минг дона телефон олиб кирилган. Учинчи ўринда Бирлашган Араб Амирликлари (БАА) жойлашган, аммо ушбу мамлакатдан импорт ҳажми сезиларли даражада камайган.

Тўққиз ой давомида БААдан 65,3 минг дона телефон олиб кирилиб, бу умумий бозор улушининг фақат 2 фоизини ташкил этди. Айниқса учинчи чоракда БАА маҳсулотлари импорти кескин камайиб, атиги 1,1 минг дона телефон олиб кирилган.

Ҳиндистон эса ўз улушини оширишда давом этмоқда. Ҳисобот даврида ушбу мамлакатдан 31,85 минг дона телефон олиб кирилиб, бу умумий бозор улушининг деярли 1 фоизини ташкил этди.

Фақатгина учинчи чоракда Ҳиндистондан 15,4 минг дона телефон импорт қилинган, бу биринчи ярим йилликдаги кўрсаткичларга тенгдир. Етакчи бешликни Жанубий Корея якунлаб, ушбу мамлакатдан 4,8 минг дона телефон олиб кирилган.

Қолган давлатларнинг улуши эса жами 2,2 минг дона телефонни ташкил этди. Таққослаш учун, 2024 йилда Ўзбекистонга мобил телефонларнинг расмий импорт ҳажми 4,2 миллион донани ташкил этган бўлиб, бу аввалги йилга нисбатан қарийб чорак қисмга кўпроқ эди.

Ўшанда Вьетнамдан импорт кўрсаткичлари сезиларли ошган бўлса, Ҳиндистондан телефон олиб кириш ҳажми уч карра кўпайган эди. Сўнгги маълумотлар бу тенденциянинг давом этаётганини кўрсатмоқда.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Код ноаниқ бўлса, расмни янгилаш учун устига босинг
Янгиликлар » Иқтисодиёт » Ўзбекистонга 370 млн долларлик телефонлар импорт қилинди