23:40 / 04.06.2022
1 959

“Нима ҳаққингиз бор менинг овозимни чеклашга?” — молия вазири депутатнинг “Ташаббусли бюджет” бўйича таклифини қатъий рад этди

“Нима ҳаққингиз бор менинг овозимни чеклашга?” — молия вазири депутатнинг “Ташаббусли бюджет” бўйича таклифини қатъий рад этди
Фото: Қонунчилик палатаси матбуот хизмати
Қонунчилик палатаси ялпи мажлисида “Адолат” партиясининг икки депутати молия вазири Тимур Ишметовдан “Ташаббусли бюджет”да овоз беришни мураккаблаштиришни талаб қилди. Хусусан, депутат Гулбаҳор Саидғаниева фуқароларнинг ўз ҳудудидан ташқаридаги лойиҳаларга овоз беришини чеклашни илгари сурди. Ишметов бу таклифга кескин эътироз билдирди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 31 май кунги ялпи мажлисида молия вазири Тимур Ишметовнинг давлат бюджети бўйича ҳисоботи тингланди. Kun.uz мухбирининг хабар беришича, ҳисобот доирасида “Ташаббусли бюджет” лойиҳаси бўйича ҳам фикрлар янгради.

“Адолат” партияси депутати Муҳаммаджон Валиев лойиҳа доирасида сунъий овоз йиғиш, тил бириктириш ёки таълим соҳаси ходимларини жалб қилиш каби ҳолатлар бўлганини айтиб, вазирдан булар такрорланишининг олдини олиш учун қандай чоралар кўрилаётганини сўради.

Ишметов бу фикрга қўшилмаслигини айтди. Унинг сўзларига кўра, “Ташаббусли бюджет” лойиҳасида ўтган йили 1,1 млн нафар, бу йил эса 6,7 млн нафар фуқаро иштирок этган.

“Мазкур рақамларнинг ўзи кўрсатадики, одамларда қанчалик даражада муаммолар кўп, мана шу муаммоларни эса улар ўзлари ҳал қилишга ҳаракат қилишга тайёр. Бу ерда айтилган айрим гапларга, мен узр сўрайман, қўшилмайман. Нимагадир шу “Адолат” партияси бу масалани бир “тиламчилик” дейди, бир яна нимадир ёки “тил бириктириш” дейди. “Халқ учун долзарб бўлмаган лойиҳалар бериляпти”, дейди. Мен бу жараёнларда тил бириктириш деган нарсани тушунмайман.

Кўп жойларда кўрганмиз, айрим маҳаллаларда ҳам. Маҳаллада фуқаролар сони кам бўлгани учун ҳар бир маҳалла ўзининг лойиҳаси учун овоз бериб, арзимаган сон билан туманда лойиҳа ютмагандан кўра, одамлар бир-бири билан гаплашиб: “Қўйинглар, бир гал шу атрофдаги маҳаллалардан бири бизнинг лойиҳага овоз берсин, кейинг сафар биз уларнинг лойиҳасига овоз берамиз”, деб ҳаракат қилишади. Мана бизнинг ўзбек халқи қанчалик сабрли, юраги кенг. “Майли, бизнинг муаммо кейинги йил ҳал бўлсин, бу гал яна бир йил кутамиз”. Лекин мана ҳал бўлсин деганда қўлланаётган тактика ва стратегиялар. Мен узр сўрайман, чунки мен бу жараённи сунъий овоз йиғиш ёки қандайдир тил бириктириш деб ҳисобламайман.

Албатта, камчиликлар бор. Қаердадир турли хил тактикаларни қўллаб, кимдирлар 2 минг сўмдан пул йиғган, бошқа қилган. Лекин буларни қилган ташаббускорнинг ишини шу жараёнда қатнашган барча одам қилиши мумкин. Улар ҳам шу ишни қилса бўлади, имконият ҳамма учун бир хил.

Биз ўтган йилги натижалардан қониқмаганимиз учун депутатларга, ОАВ, таниқли блогерларга мурожаат қилдик: “Мана шу давлатнинг лойиҳасини тарғиб қилишга ёрдам беринглар, одамлар ишонмаяпти”, деб. Ҳамманинг фикрини эшитдик, шунга қараб овоз бериш, рўйхатдан ўтиш жараёнларини соддалаштирдик. Ўтган йилги овоз бериш қийин бўлган жараёнларда 1 миллиондан зиёд одам қатнашган бўлса, соддалаштириш ҳисобига 6 млн 700 нафар фуқарони қамраб олдик.

Бундан ташқари, биз мана шу очиқ “Ташаббусли бюджет” жараёнларини муҳокама қилишга йиғиламиз, бунда ОАВ катта ёрдам беради. Kun.uz, Gazeta.uz, бир-иккита таниқли блогерлар: Хушнудбек Худойбердиев, Davletov, иқтисодчи Отабек Бакиров деганлари. Улар шу Молия вазирлигига келиб, аҳолидан тушаётган таклиф, эътирозларини олиб келишади, биз шуларни доимий равишда муҳокама қилиб борамиз. Агар мана шундай муҳокамани лозим деб топсангиз, сизларни ҳам таклиф қиламиз. Барча таклифларни шу масалани ечими учун муҳокама қилиб, рўёбга чиқариш бўйича ишлаймиз”, деди Молия вазирлиги раҳбари.

Гулбаҳор Саидғаниева / UzReport TV эфиридан кадр
“Адолат” партиясининг яна бир депутати Гулбаҳор Саидғаниева яна шу масалада савол берди. У 2 минг аҳолиси бор ҳудудларда 10 мингдан ортиқ овоз йиғиш ҳолатлари кузатилганини айтиб, “бу сунъий овоз беришдан бошқа нарса эмас” деди.

Ўша кунлари ҳудудда мобил операторларнинг сотиладиган сим-карталари қолмаган. Мен шулардан келиб чиқиб олдинги йиғилишларимизда ҳам таклифлар бергандим. “One ID” тизимига ўтиш, битта фуқаронинг элликта сим картаси бўлса ҳам, у бир мартадан ортиқ овоз бера олмаслиги бўйича тизимга ўзгартириш киритиш ва битта ҳудудда яшайдиган фуқарони бошқа ҳудуд учун овоз бера олмаслиги бўйича таклифлар бергандим”, деди Саидғаниева.

Ишметов депутатнинг бу таклифи унга ёқмаганини яшириб ўтирмади.

Фуқаронинг бошқа ҳудуддаги лойиҳага овоз беришини чеклаш мумкин эмас. Нима ҳаққингиз бор сизнинг менинг овозимни чеклашга? Мен ўзимнинг Миробод туманимда биронта лойиҳага овоз бермаганман, лекин [Қорақалпоғистоннинг] Мўйноқ туманидаги битта лойиҳага овоз берганман. Менинг овозим! Сиз мени ҳудуд бўйича чеклашга ҳаққингиз йўқ”, – деди у.

Ғолиб деб топилган лойиҳалардан намуналар / Openbudget.uz сайтидан скриншот
Эслатиб ўтамиз, 1 февралдан 22 февралгача фуқаролардан жойларда бюджет маблағлари тақсимоти бўйича таклифлар йиғилган, 5 мартдан 1 апрелгача овоз бериш жараёни ўтказилганди.

Якунда 2354 та таклиф ғолиб деб топилиб, уларни амалга ошириш учун 1,2 триллион сўмга яқин маблағ ажратилди.

Таклифларнинг аксарияти ижтимоий объектлар: мактаблар, боғчалар ва йўллар таъмирига оид. Жойларда лойиҳа ғолиби бўлган маҳаллалар ғалабани катта хурсандчилик билан карнай-сурнайлар ва ўйин-кулги билан қарши олди. Фаоллар бу лойиҳа аҳолининг бюджет тақсимотидаги сезиларли фаоллигини кўрсатганини эътироф этди.

Ҳудудларда маҳаллий фаоллар бюджет маблағининг бир қисмини тақсимлаш бўйича овоз йиғаётган пайтда, “Адолат” партияси сайтида мақола эълон қилиниб, бу жараён “тиланчилик” деб аталганди.

Мени ва мен каби кўпчилик бошқа юртдошларимизни XXI асрда ўйлаб топилган янгича бир кашфиёт эътиборимизни қаратмоқда – “тиланчилик”. Бу тиланчилик ўзларига қадрдон бўлган ташкилот, мактаб, боғча ва ҳоказолар учун давлатнинг маблағ ажратилиши учун тиланчиликдир”, дея ёзганди бу партиянинг марказий аппарати бошқарма бошлиғи Гулнисо Саидова ўзининг “Тиланчиликни янгича кўриниши(ми?!)” сарлавҳаси мақоласида.

“Адолат” СДП аввалроқ TikTok'ни буткул блоклашни таклиф қилгани, ҳокимият вакилларининг талабига бўйсунмасликка даъват қилишни Жиноят кодексига киритишни қўллаб-қувватлагани билан эътибор тортган эди.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » “Нима ҳаққингиз бор менинг овозимни чеклашга?” — молия вазири депутатнинг “Ташаббусли бюджет” бўйича таклифини қатъий рад этди