10:32 / 25.07.2022
1 698

Ҳожиликнинг оҳори тўкилмасин...

Ҳожиликнинг оҳори тўкилмасин...
— Феруза опа, зиёратингиз қабул бўлсин! Яхши бориб келдингизми?

Дабдабали дастурхоннинг тўрида савлат тўкиб ўтирган аёлдан зиёрат таассуротларини сўрадим.

– Аллоҳга шукр! Сизга совғалар олиб келдим. Энди мени Феруза опа эмас, “ҳожи она” деб чақираверинг, қизим, — дея ҳазил аралаш эътироз билдирди. Ҳовлидаги шовқин диққатимни тортди.

– Ошни устига гўштдан кўпроқ солинглар, меҳмонларимиз мазза қилиб кетсин. Ҳали кечга қолган гўштдан қозон кабоб қиламиз...

Оппоқ эгни-бошдаги “ҳожи ота” меҳмонларни кутиб олар, зиёфат кўнгилдагидек эмасдай бесаранжом бўларди.

– Ўзи биз кундузи келишимиз керак эди, — Феруза опа суҳбатни давом эттирди. — Об-ҳаво ноқулайлиги сабаб кечга қолиб кетдик. Кўрмадингизда, ўғлим узун қизил гилам тўшади, атиргуллар сочилган. Барака топгур келишимизга роса тайёргарлик кўрибди. Умри зиёда бўлсин боламни, отаси иккимизга ҳажга йўлланма берганида бир хурсанд бўлгандик, шундай кутиб олганидан қувончимизга қувонч қўшилди. Топганига барака берсин...

Ота-онамиз ҳаждан келди, кўргани чиқинг, дуосини олинг”, деб қўшним мени меҳмонга таклиф қилганди. Ўшанда китобларда ўқиган, экранлардагина кўрган Аллоҳнинг фарзи, ҳаж зиёратини адо этиш бахтига сазовор бўлган бу инсонларга ҳавасим келганди. Мен уларнинг ўзларидан Каъбатуллоҳ, Мино водийси, Арофат тоғининг таассуротларини эшитмоқчи, зам-зам сувининг таъмини билмоқчи эдим. Қандай маърузалар бўлгани, бу улуғ маскан тарихи ва яна ибодат чоғидаги ички кечинмаларини тингламоқчи бўлгандим. Афсус... Гўзал суҳбатлар ўрнини дабдабали “Ҳожи тўй” эгаллади.

Ўзи шундоқ ҳам одатий тўйларимизда исрофгарчилик ҳақида гапирамиз. Ортиқча ҳашамат, орзу-ҳаваслар тўйларда оз эмас. Бироқ, ҳажга бориш, Аллоҳнинг фарзини бажариш шарафига муяссар бўлган инсонларнинг бу каби исрофгарчиликларга йўл қўйиши, кибрни кўрсатиши қандай қилиб ибодат амалини бажарган кишига хос бўлиши мумкин? Ислом дини, таълимоти ҳалимликни, оддийликни, хокисорликни тарғиб этиши, кибр ва исрофгарчилик эса шайтондан эканини, наҳотки, одамлар ҳанузгача билишмаса!

Арофат тоғида шайтонга тош отиб, ҳаж амалларидан сўнг тўй қилиб, дабдаба билан яна шайтоний амалларини бажариш “ундан узр сўраш” эмасми? Бугун бу каби иллатларнинг урчиб кетаётгани аслида, илмсизлик белгиси.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг “Мўминнинг умр сафари” китобида: “Ҳаж сафарига отланган киши яна нималарга эътибор бериши керак? Аввало, аҳли аёли ва яқин кишиларини тақвога буюрсин. Яъни, Аллоҳнинг амрларига бўйсуниб, қайтарганларидан қайтишга чорласин. Қилаётган ҳаж ибодатидан Аллоҳнинг розилигини ва охиратининг ободлигини кўзласин. Дунё ва унинг зийнатларини, риёкорлик, ном чиқариш, фахрланиш каби нарсаларни зинҳор хаёлига келтирмасин. Акс ҳолда барча қилган саъй-ҳаракатлари беҳуда кетади”, — дейилган.

Ҳаж сафаридан асл мақсад гуноҳлардан тавба қилиш. Бироқ сафардан сўнг, гуноҳлардан тавба қилиб келгандан сўнг яна гуноҳ қилиш тўғримикан? Бу ҳақда ушбу китобда шайх ҳазратлари “...Ҳажга кетувчи ҳаж сафари олдидан издиҳом қилиб, одамларни чақириши ёки туҳфа улашиши ёки ҳожини аэропортдан қўш-қўш машиналар билан кузатиб қўйиш ва шу каби бошқа ишларнинг барчаси жоиз эмас. Буларнинг ҳаммаси исроф ва ҳаж амалига нуқсон етказадиган ишлардандир. Аммо зарурат юзасидан бир-икки киши ҳожини аэропортгача кузатиб қўйиши ва кутиб олишининг зарари йўқ”, дейилади.

Ахир, бир-икки киши эмас, бутун бошли оила яқинларини кутиб олишга чиқади. Уйга келгандан сўнг ҳам маҳалла, қариндош-уруғ йиғилади. Зиёрат таассуротларини эшитишдан кўра, “совға” олишга талабгорлар кўпроқ. Гуноҳларидан покланиб, тавба қилиб, бундан кейин гуноҳлардан тийиламан, дея қайтгач, яна исрофгарчиликларга йўл қўядиганлар, ҳаж амалларини, афсуски, саёҳат деб қабул қиладиганлар ҳам оз эмас.

Кўпчиликка “исроф қилмаслик”, “ҳалол яшаш”, “ғийбат қилмаслик” мавзулари борасидаги фикрлардан кўра, домлаларнинг ўзаро жанжали ёки диний идора вакиллари билан қайсидир машҳур инсонларнинг тортишув мавзуси қизиқ.

Исломнинг беш арконидан бирини бажариш, муқаддас жойга бориш ҳар бир мусулмоннинг орзуси. У ерга чин дилдан тавба қилиб, гуноҳлардан фориғ бўлиш учун борилади. Мартаба, обрў, шон-шуҳрат ва одамларга мақтаниш учун эмас.

Аллоҳ барчамизни Каъбатуллоҳга қадамимизни чин ихлос ила етказсин!

Камола Адашбоева

Манба: Azon.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Ҳожиликнинг оҳори тўкилмасин...