4 758
Андижонлик тадбиркор нега ўз жонига қасд қилди? Марҳумнинг яқинлари воқеага аниқлик киритди
Марҳум онаси билан.
Фото: Наргизахон Саттарованинг шахсий архивидан
Андижон вилоятининг Бўстон туманида «Бўз Иқбол чорваси» МЧЖ раҳбари Н.С. жорий йилнинг 23 июнь куни «Буюк турон чорваси» фермер хўжалиги дала майдонидаги дарахтга арқон билан ўзини осиб, вафот этгани ҳақида хабар берилганди.
«Дарё» мухбири ҳодиса сабабларини ўрганиш мақсадида Бўстон туманида бўлиб, марҳумнинг синглиси, жамият таъсисчиси Наргизахон Саттарова билан суҳбатлашди.
Марҳумнинг синглиси Наргизахон Саттарованинг айтишича, у бир неча йил аввал акаси билан бизнес ҳамкор сифатида иш бошлаган. У «Бўз Иқбол чорваси» МЧЖнинг таъсисчиси сифатида, марҳум акаси эса жамият раҳбари сифатида фаолият юритган. 2021 йилнинг ноябрь ойидан буён жамият давлат мактабгача ташкилотларининг озиқ-овқат таъминотчиси ҳисобланган.
«Акам билан беш-олти йилдан буён бизнес ҳамкор сифатида иш юритиб келардик. Иккимизнинг маиший техникалар сотиладиган савдо дўконимиз бор. Шу дўкон орқали рўзғор тебратардик. 2021 йилнинг ноябрь ойида акам мактабгача таълим ташкилотларини озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш бўйича шартнома қилганини айтди. Мен ‘Шу ишни бекор қилибсиз, пулларини вақтида тушириб бермайди’, дедим. У эса ‘Йўқ ҳамма тўловлар вақтида бўларкан’, деб ишларни бошлади. Ўзимизнинг фермадан янги сут маҳсулотлари, қўшнимизнинг қолипли нон ишлаб чиқариш цехидан нон ва жаҳон бозоридан энг яхши маҳсулотларни олиб келиб ташкилотларга тарқатардик. Бу ишга жуда катта пул тиккан эди.
Акам таъминотчи сифатида етти ой ишлади. Шу вақт ичида мактабгача таълим ташкилотлари томонидан етказиб берилган маҳсулотлар учун уч ёки тўрт ойгина тўлиқ пул ўтказиб берилди, холос. Шу ишни бошлагандан бери ҳали фойда кўрмаган эди. Боғчаларнинг қарзи борган сари ортиб борди. Шунда бу ишни тугатишимиз кераклигини айтдим. Акам эса таъминотчиликни бирданига тўхтатсак МТТлардан ҳақимизни ололмай қолишимизни билдирди», — дейди Наргизахон Саттарова.
Саттарованинг маълум қилишича, боғча мудиралари дўкондан ўз эҳтиёжлари учун ҳам харидлар қилиб, қарзларини ўз вақтида қайтаришни исташмаган.
«Бундан ташқари мактабгача таълим муассасаси хўжалик мудирлари шахсий эҳтиёжлари учун ҳам дўкондан маҳсулот харид қилиб муассаса номидаги қарзларга қўшимча ёздириб кетишни ўрганиб олган экан. Акам бундай номаъқулчиликларни ҳазм қилолмади. Акам вафотигача бўлган муддатда ҳеч бир боғчага бориб қарзини беришларини сўраб оёқ тираб олмаганди. Бундан ташқари акам Асрор исмли шахсдан 1500 доллар қарз бўлиб қолган. Шу йигит акамнинг ўлимидан бир кун аввал уйга икки марта ўша пулни сўраб келган экан. Яна бир йигитда эса акамнинг 20 минг доллар ҳақи бўлган, у пулни бермай қочиб юрган. Бир тарафдан шу муаммолар, бир тарафдан мактабгача таълим ташкилотларидаги ҳолатлар акамни анча ўйлантириб қўйган.
Мен 11 июнь куни Россияга кетган эдим. 28 июнь куни Ўзбекистонга қайтишим керак эди. Бу хабарни эшитдим-у уйга келиб акам ўз жонига қасд қиладиган одам эмас эди-ку, деб сўраганимда менга шу ишларни сабаб қилиб кўрсатишди. Ўша куни 1500 долларни олдим-у акам қарз бўлиб қолган йигитнинг уйига олиб бориб бердим. Кейин МТБ мудиралари олдига бориб қарздорликлари бўйича барча ҳужжатларни кўрсатдим. Уларнинг айтишича, биз маҳсулот нархларини сунъий равишда ошириб олибмиз. Шунинг учун улар бу пулларни ҳали бери тўламоқчи эмас экан», — дейди марҳумнинг синглиси.
Наргиза опанинг таъкидлашича, боғчаларнинг марҳумдан 600 миллион сўмдан ортиқ қарзи бўлган. Маблағларнинг қайтарилишидан умидини узган акаси дўконда иш тўхтаб қолмаслиги учун банкдан кредит олган.
«Менда барча ҳужжатлар бор. Бозорда гўшт нархи 70 минг сўм бўлганда МТТларга 65 минг сўмдан тарқатганмиз. Умуман олганда барча маҳсулотларни жуда арзон нархларда берардик. Мана акам вафот этганига бир ойдан ошди. Лекин биз билан ҳамкорлик қилган ташкилот мудираларининг бирортаси ҳам хонадонимизга ҳамдардлик билдириш учун келмади. Шу кунга қадар 30 та мактабгача таълим муассасасидан фақатгина 4 таси қарзларини олиб келиб берди. МТТларнинг жами қарзи 600 миллионга яқин эди. Акам пуллар унмагач, таъминот тўхтаб қолмасин, деб банкдан кредит ҳам олган экан. Бу ишлардан менинг мақсадим фақатгина акамни пулларини ундириб олиш эмас. Бундан кейин шундай муаммолар ортидан ҳеч бир таъминотчи тадбиркор ўз жонига қасд қилмасин, зиён кўрмасин. Акамнинг тўртта фарзанди етим бўлиб қолди. Улар ҳеч нимадан кам бўлмай ўсади. Аммо ота меҳрини кимдан кўради, акамнинг ўрнини ҳеч ким боса олмайди, ахир», — дейди тадбиркор Наргизахон Саттарова.
Тадбиркор аёл ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарлар юзасидан ҳам ўз муносабатини билдирган
«Кеча ижтимоий тармоқларда мени вафот этди, деб ёлғон хабарлар тарқатишибди, кўриб турибсиз мен тирикман. Вафот этган менинг акам ҳисобланади. Нотўғри маълумот тарқатганлар қонунчиликда белгиланган жавобгарликка тортилиши бўйича тегишли ташкилотларга мурожаат қилмоқчиман. Наҳотки хабар тайёрлаётганлар маълумотларни текширмасдан чиқаришса», — дейди тадбиркор.
Мактабгача таълим вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Мавлуда Асқархўжаева ушбу ҳолат юзасидан видеобаёнот йўллаган. Таъкидланишича, Бўстон туманида истиқомат қилувчи фуқаро Н.С томонидан марҳум акаси Н.Сатторов Бўстон тумани мактабгача таълим бўлими раҳбар ва мутасадди ходимлари фаолиятидан норози бўлиб видеомурожаат орқали шикоят қилган. Мазкур ҳолат Мактабгача таълим вазирлигининг тегишли мутахассислари томонидан ўрганилганда қўйидагилар аниқланган.
«Андижон вилояти мактабгача таълим бошқармасининг 2022 йил 13 июлдаги буйруғи билан ишчи гуруҳ шакллантирилиб, масала жойида ўрганилган. Ўрганиш давомида туман мактабгача таълим бўлими ҳамда ‘Бўз Иқбол чорваси’ МЧЖ ўртасида 925,6 миллион сўмга озиқ-овқат маҳсулотларини етказиб бериш бўйича шартномалар тузилганлиги, шунингдек, туман мактабгача таълим бўлими томонидан МЧЖ ҳисобига 925,6 миллион сўм маблағ ўтказиб берилганлиги маълум бўлган.
Ишчи гуруҳ томонидан аниқланган маълумотлар, Андижон вилояти мактабгача таълим бошқармасининг 2022 йил 22 июлдаги хати билан Бўстон туман прокуратурасига ҳуқуқий баҳо бериш ва суруштирув ишларини олиб бориш мақсадида ҳамда мурожаатчининг яшаш манзилига тегишли хат юборилган.
Юқоридагилардан келиб чиққан ҳолда, тузилган шартномаларни қонунийлиги ва таъминотчи корхона билан мактабгача таълим бўлими ўртасидаги тўлов муносабатлари юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ўрганиш ишлари олиб борилаётганлиги маълум қилинади. Аммо ўрганиш ва тергов жараёнлари тугатилмасидан марҳумнинг қариндошлари томонидан турли видео мурожаатлар тарқалмоқда. Ҳурматли журналист ва блогерлар, ҳолатга ҳуқуқий баҳо берилмагунига қадар хулоса чиқармайлик, далилларга асосланган маълумотларни оммага тарқатиш масаласида эҳтиёт бўлайлик», — дейди вазирлик ахборот хизмати раҳбари.
Вилоят прокуратурасининг маълум қилишича, фуқаро Наргизахон Сатторованинг марҳум акаси раҳбарлик қилган «Бўз Иқбол чорваси» МЧЖ томонидан тумандаги мактабгача таълим ташкилотларига етказиб берилган озиқ-овқат маҳсулотларининг пуллари тўлаб берилмагани ҳақидаги мурожаати Бўстон тумани прокуратураси томонидан мутахассислар иштирокида кўриб чиқилмоқда. Ҳар иккала ҳолат бўйича ўтказилаётган текширув вилоят прокуратураси томонидан назоратга олинган. Натижалари ҳақида қўшимча равишда маълум қилинади. “Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Энди операциядан сўнг кесмалар ўрни икки баробар тезроқ битиши мумкин
Apple донгдор икки айфонини расман эскирган деб эълон қилди
Россиялик депутат: «Олий маълумотлиларнинг курерлик қилиши — ватанпарварликка зид»
Омега-3 қандай қилиб озишга ёрдам беради?
Ўзи чой дамлайди ва суҳбатлашади: дунёдаги биринчи “ақлли” чойнак тақдим этилди (видео)
Хатолар ва мағлубиятлар... улар кечириладими?
Жо Байден: “Баъзан хотиним мени космосга жўнатиш билан таҳдид қилади”
Дональд Трамп 27 ёшли Каролин Левиттни Оқ уй матбуот котиби этиб тайинламоқчи