1 243
Билимнинг қадрланмаслиги, таниш-билишчилик ва цензура — Фируз Аллаев ўзбеклар китобхон бўлмай қолгани ҳақида
Ўзбекистонлик тадбиркор, Asaxiy.uz интернет дўкони асосчиси Фируз Аллаев Facebook саҳифаси орқали ўзбекистонликлар кам китоб ўқувчи миллатга айланиб қолиши сабаблари ҳақида фикрларини билдирди.
“Тез-тез нимага бизда китоб кам ўқилади деган саволни беришади. Бунинг сабабларини кўпчилик таълимда кўради, кимлардир давлатни, кимлардир оилани, кимлардир ноширларни айблайди.
Бугун кам ўқийдиган миллат эканимизни рад этиб бўлмайди. Лекин китоб кам ёки кўп ўқилиши натижа ҳисобланади. Унинг мамлакатдаги тизим билан боғлиқ чуқур сабаблари бор.
Натижа билан эмас сабаблари билан ишламасак, вазиятни ўнглаш муаммо бўлиб қолаверади”, – дейди бир неча йилдан буён китоб бозорида фаолият юритаётган тадбиркор.
Фируз Аллаев бу борада ўзгартирилиши ёки қарши курашилиши керак бўлган қатор сабабларни санайди.
1-сабаб – бозор қонунлари.
Китоб ўқишда ҳам талаб ва таклиф қонуни ишлайди. Одамларда шунчаки китоб ўқишга талаб бўлиши керак. Қачонки мамлакатда билим қадрланса, билимли одам яхшироқ яшаса, кўпроқ даромад қилса ва жамиятда ҳурмат топса, шундагина китобга ёки таълим билан боғлиқ бошқа фаолиятга талаб бўлади.
Мамлакатда билим қадрланиши учун эркинлик ва ҳаммага тенг имкон берадиган инклюзив тизим амал қилиши керак.
Бозор қонунлари бўйича айтганда, иқтисод учун ким кўпроқ қиймат яратса, ўша яхшироқ яшаши керак. Ҳалол рақобатбардош бозорда ким кўпроқ билимга эга бўлса, ўша кўпроқ қиймат яратади.
Амалда нима бўлди, охирги 40 йилда мамлакатда карьера қилиш, ютуққа эришиш аксар ҳолатларда таниш-билиш, коррупция ва бошқа схемалар орқали бўлди. Ҳақиқатдан ўз меҳнати билан натижага эришганлар кўпроқ қоидадан ташқари ҳолат. Аксар одамлар пул, таниш-билиш орқали муваффақиятга эришди. Шоу-бизнес, спорт каби камроқ билим талаб қиладиган касблар кўпроқ қадрланди. Бунга яна прописка каби давлат томонидан сунъий қўйилган тўсиқлар ҳам қўшилди. Давлат ишида карьера қилиш кучли қариндошчилик, таниш-билиш талаб қилинган бўлса, бизнесда кўпроқ қонунлардан усталик билан қоча олганлар ёки керакли органларнинг вақтида томоғини мойлай олганлар «соққа» қилишди.
Сўнгги йилларда тизим ўзгариб, демократлашиш эвазига қанчадир миқдорда давлат ишида ишлаш билим талаб қила бошлади. Билимли ёш кадрлар аста-секинлик билан юқори мансабларга эришишди. Бизнесда бўлса вазият кескин ўзгарди. Кечагина дафтарда ҳисоб-китоб қилиб, контрабанда ёки ноқонуний ишлар эвазига яшаб юрган бизнес қандайдир 4-5 йилда автоматизация, дастурлаш, маркетинг, рақобат, сифат эвазига даромад қилиб бошлади.
Тан олайлик, 2015 йилдаги энг ақлли бизнесменнинг билим даражаси бугунги ўртача бизнесменнинг билим ва кўникмаларидан пастроқдир. Мамлакатда билимга талаб китобга талабни яратади.
2 сабаб – эркин бўлмаган ахборот.
Мамлакатда ахборот қанчалик эркин бўлса, одамлар жамият ва давлат ҳаётига боғлиқ ишларни кўпроқ муҳокама қилса, ОАВда қанчалик кўп янгилик чиқса, фуқаро атрофни тушуниш учун шунча кўп мутолаага эҳтиёж сезади. Шунингдек, ахборот эркин бўлган мамлакатда шунчаки шоу-бизнес ва турк сериали билан бутун аҳолини банд қилиб бўлмайди. Ҳаётни тушунгиси, англагиси келадиган аҳоли маълумот қидириб бошлайди. Бу манбалардан бири эса китобдир.
3 сабаб – нотўғри тарғибот.
Маънавият ва китоб бизда кўп йиллар эски, советча усулда тарғибот қилинди ва бу усуллар жойларда ҳамон давом этяпти. Бу сўзлар шунчалик кўп гапирилди, нотўғри тарғиб қилинавердики, бугун шу сўзларни эшитганда одамлар куладиган бўлиб қолди.
Китоб қандайдир қийин ва мажбурий нарса сифатида тарғиб қилинавергани ортидан, аҳолининг аксар қисми бугун китоб ўқишни зерикарли ва ёқимсиз жараён деб билади. Кўп ўқийдиган миллатларда китоб, кино, концерт ёки бошқа дам олиш воситалари аналог сифатида кўрилади. Яъни аҳоли онгида китоб мияга дам бериш воситаси. Шунингдек, ривожланган мамлакатларда одамлар бугун кеч бир-икки соат китоб ўқиб дам оламанми ёки кино кўриб дам оламанми, дея ўйлайди.
Биздаги ҳисоб-китобларга кўра, Ўзбекистонда китоб ўқиш йилига ўртача 20 фоиздан ошмоқда. Ўқийдиганлар сони кам бўлса-да, муҳими ортиб бормоқда. Бу эса сўнгги йилларда мамлакатда билимга нисбатан талаб пайдо бўлгани, сўз эркинлиги билан боғлиқ вазият яхшиланаётгани ва Ўзбекистонда ҳам замонавий маркетинг ривожланиб бошлагани натижасидир.
Одамлар орасида китобхонлик ривожланиши учун эркин рақобатбардош бозор яратишимиз ва унинг ортидан билимга нисбатан талаб доимий ортиб бориши, мамлакатда демократик реформаларни давом этиб, инклюзив тизим яратилиши, сўз эркинлиги билан боғлиқ вазият янада яхшиланиши жуда муҳим. “Замин” янгиликларини “Facebook”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Ўзи чой дамлайди ва суҳбатлашади: дунёдаги биринчи “ақлли” чойнак тақдим этилди (видео)
Apple донгдор икки айфонини расман эскирган деб эълон қилди
Россиялик депутат: «Олий маълумотлиларнинг курерлик қилиши — ватанпарварликка зид»
20 ёшли ўзбекистонлик қизни қариндоши Туркияга сотиб юборди
Омега-3 қандай қилиб озишга ёрдам беради?
Ким Чен Ин ҳарбийларни жанговар ҳолатда туришга чақирди
Хатолар ва мағлубиятлар... улар кечириладими?
Энди операциядан сўнг кесмалар ўрни икки баробар тезроқ битиши мумкин