date

Андижон ва Наманганда чиқинди муаммоси яна кескинлашди

Андижон ва Наманганда чиқинди муаммоси яна кескинлашди

Ўзбекистонда экология билан боғлиқ назорат тизими кучайтирилганига қарамай, чиқиндиларни белгиланмаган жойларга ташлаш ҳолатлари кескин ортиб бормоқда. Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигининг маълумотига кўра, 2025 йил бошидан буён мамлакат бўйлаб 10 мингга яқин қонунбузарлик ҳолати аниқланган.

Маълум бўлишича, бу ҳолатларнинг катта қисми республика бўйлаб ўрнатилган онлайн ИП-камералар ёрдамида қайд этилган. Ҳуқуқбузарликларнинг тахминан 40 фоизи транспорт воситалари, қолган қисми эса оддий фуқаролар томонидан содир этилган.

Энг кўп чиқинди ташлаш ҳолатлари Андижон (3001 та) ва Наманган (2937 та) вилоятларига тўғри келган. Шунингдек, Фарғона, Самарқанд ва Тошкент вилоятлари ҳам “етакчи”лар қаторида эканлиги қайд этилган.

Ҳозирга қадар 2 мингдан ортиқ шахсга жарима қўлланилган, яна 7,5 мингдан зиёд ҳолат бўйича иш юритуви давом этмоқда. Вазирликнинг маълумотларига кўра, жами 956 миллион сўмдан ортиқ жарима ундирилган.

Мутасаддилар таъкидлашича, атроф-муҳитни тоза сақлаш фақат жазо билан эмас, балки аҳолининг экологик онгини ошириш билан ҳам боғлиқ. Улар фикрича, видеокузатув орқали назорат тизимини янада кенгайтириш нафақат чиқиндилар билан боғлиқ қонунбузарликлар, балки бошқа экологик муаммоларнинг ҳам олдини олишга хизмат қилади.

Вазирлик жамоатчиликка мурожаат қилиб, ҳар бир фуқарони ўз атрофини пок сақлашга, табиатни муҳофаза қилишга ва чиқиндиларни белгиланган жойларга ташлаш маданиятини шакллантиришга чақирди.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Жамият » Андижон ва Наманганда чиқинди муаммоси яна кескинлашди