
Тошкент метрополитени фаолиятини янгилаш ва йўловчиларга қулайлик яратиш мақсадида 2026 йилда 56 та замонавий метро вагони харид қилиниши режалаштирилган. Бу ҳақда корхона матбуот хизмати маълум қилди.
Маълумотга кўра, янги вагонлар сотиб олиниши орқали метрополитендаги мавжуд ҳаракат таркиблари янгиланади, шунингдек, бекатлар орасидаги поездлар интервали қисқартирилиб, йўловчи оқими янада барқарорлаштирилади.
Метро раҳбарияти ижтимоий тармоқларда пайдо бўлган тиғизликлар ҳақидаги шикоятларга муносабат билдириб, кейинги олти йил ичида пойтахтда катта ишлар амалга оширилганини таъкидлади. Шу муддатда 33 километрдан ортиқ янги йўналишлар ва 21 та бекат қурилиб, фойдаланишга топширилган.
Натижада, ҳозирги кунда Тошкент метроси бекатлари сони 50 тага етди, умумий узунлиги эса 71 километрни ташкил этмоқда. Бу кўрсаткич шаҳар тарихидаги энг катта кўламли инфратузилма янгиланиши ҳисобланади.
Агар 2021 йилда метро кунига 280–300 минг йўловчига хизмат кўрсатган бўлса, 2024 йилда бу рақам 920–930 мингга етди. Ҳозирда эса метрополитен бир кунда 1 миллиондан ортиқ фойдаланувчига хизмат кўрсатмоқда.
Йўловчи сонининг шиддат билан ўсиши сабабли, сўнгги уч йилда тиғиз соатларда — яъни 07:30 дан 09:00 гача бўлган вақт оралиғида — поездлар ҳаракат интервали қисқартирилди. Бу чора тирбандликларни камайтириш ва йўловчиларнинг манзилга тезроқ етиб боришини таъминлашга хизмат қилмоқда.
Метрополитен маъмуриятининг таъкидлашича, 2026 йилда олиб келинадиган янги вагонлар нафақат тезлик ва қулайликни оширади, балки замонавий хавфсизлик тизимлари ва энергия тежамкор технологиялар билан жиҳозланади. Бу, ўз навбатида, пойтахт метроcини минтақадаги энг илғор транспорт тизимларидан бирига айлантириши кутилмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.