
Бугун, 11 ноябрь куни кечаси Тошкент вақти билан соат 22:32 да Наманган вилояти ҳудудида ер қимирлаши содир бўлди. Бу ҳақда Сейсмопрогностик Республика маркази расман маълумот берди.
Маълумотларга кўра, табиий ҳаракатнинг магнитудаси 3,9 баллни ташкил этган бўлиб, зилзила эпимаркази Тошкент шаҳридан тахминан 193 километр жануби-шарқда, яъни Косонсой тумани ҳудудида жойлашган. Эпимарказдаги қувват 4 балл бўлган. Ер қимирлаши 16 километр чуқурликда қайд этилган. Географик координаталар 41,21 даража шимолий кенглик ва 71,52 даража шарқий узунликни ташкил этади.
Марказ маълумотларига кўра, зилзила Наманган вилоятида 2–3 балл даражасида сезилган. Ҳодиса натижасида зарар кўрганлар ёки йирик вайронагарчиликлар ҳақида маълумот келиб тушмаган.
Ҳозирда маҳаллий фавқулодда вазиятлар хизматлари ва сейсмологлар ҳудуддаги ҳолатни кузатмоқда. Мутахассислар маълум қилишича, бу турдаги кучсиз зилзилалар Фарғона водийси ҳудудларида вақт-вақти билан табиий жараён сифатида кузатилиб туради.
Эслатиб ўтамиз, бундан бир неча кун олдин Бухоро вилоятининг Газли шаҳрида ҳам 3,2 магнитудали ер силкиниши содир бўлган эди. Унда ҳам ҳалокат ёки зарар қайд этилмаган.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!