10:00 / 24.08.2022
3 711

«Ертўлада яшаган турклардан хижолат бўлиб қолдим...»

«Ертўлада яшаган турклардан хижолат бўлиб қолдим...»
Туркияда кўп қаватли уйларнинг ертўла қисмини "бодрум қат" дейишади. Барча шароитлари бор, аммо сотилганда нархи ҳам, ижараси ҳам юқори қаватли уйлардан арзон туради. Шунинг учун ҳам моддий имконияти чегараланган инсонлар ана шундай уйларда яшашади.

Бизнинг “дом”имиздаги “бодрум қат”да ижарада яшайдиган оила бор: эри таксичи, хотини фаррош. Қурбон ҳайити куни "Битта қўйнинг қиймати қанча бўлса, шуни ўша оилага берсаммикан? Ҳарна, квартирасининг бир-икки ойлик ижарасини тўлайди" деган ўйда нон пиширдим. “Кўнглига тегмасдан айтиб кўраман" деб иссиқ нонни кўтариб ўша қўшнининг эшигини секин тақиллатдим.

Мени кўриб "Хуш келибсан", деди-ю уйига таклиф қилди. Ўзи шуни кутгандим. Кирсам, иккита ширин қизи, эр-хотин ва қайнонаси билан бирга қаҳвалти, яъни нонушта қилишаётган экан, мениям таклиф қилишди.

Дастурхонда йўқ нарсани ўзи йўқ: асалдан тортиб қаймоққача, пишлоқни энг кам беш хили, хуллас, мен уйда бундай нонушта қилмаганман, оғзим очилиб қолди.

Ҳол-аҳвол сўрагандан кейин қўшним Марям:
“Зўр қорайибсан (загар олибсан), дам олишга бордингми?" деб сўраб қолди. "Ҳа..." буларни хижолатга қўймай деб ийманиб.

"Биз ҳам Бодрум (шаҳри)га бордик" дейди. Ҳайратим икки карра ошди.

Туркияда байрам таътили бўлди, дегунча кўпчилик дам олиш жойларига кетади. Кўпинча имкони яхши оилалар боради, чунки бунга яхшигина маблағ зарур бўлади. Баъзилари банкдан қарз ҳам олишади экан, тасаввур қилинг, уй, машина олиш учун эмас, ижарада яшаса ҳам, машинаси бўлмаса ҳам, дам олиш учун қарз олади! Эшитганида қулоқларимга ишонмаган эдим, кейин ишлаб тўлашар экан...

Ҳозирги аҳволим шундай эди: дераза панжараси қамоқхонага ўхшаган ярим ертўлада яшовчи, кам таъминланган, уйсиз оилага ҳайрат ва ҳавас ичида қараб турар эдим. Ичимда "Мен нима деб келдим, булар нима дейишяпти" деб ўйлардим. Бошимга муздек сув тўкилгандай бўлди, ўзимдан ўзим уялиб кетдим...

“Менчи?!”

“Бизчи?!”

Фақат бойлик тўплаш, уй, машина ва ҳоказолар олиш учун яшаймиз.

Ана шундай қилиб мени кўзларимни шу турк оиласи очган эди...

Аслида биз бу дунёга ижарачимиз деган сўзнинг амалдаги исботини кўрган эдим...

Каловланиб, гапимни ҳам айтолмай, кўзларимга ёш келиб, уларнинг уйини тарк этдим.

Шу-шу бу оилага раҳмим келиб эмас, ҳавас қилиб қарайдиган бўлдим.

Туркияда кўпчилик шундай (ижарада) яшайди, лекин ўзларини камситилган деб ҳисобламайди, бошини тик тутишади...

Сарвара Сайфуддин қизи

Манба: Azon.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » «Ертўлада яшаган турклардан хижолат бўлиб қолдим...»