23:22 / 06.09.2022
1 058

Зироат Мирзиёева: Атроф-муҳит ҳолатига ҳар биримиз жавобгармиз

Зироат Мирзиёева: Атроф-муҳит ҳолатига ҳар биримиз жавобгармиз
Фото: Zamin фонди
“Zamin” фонди томонидан БМТнинг Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш дастури (UNEP), Ўзбекистон Гидрометеорология хизмати маркази ва Давлат экология қўмитаси кўмагида “Тоза ҳавонинг инсон ҳаёти сифати учун аҳамияти” мавзусида муҳокама ўтказилди.

“Zamin” фонди Васийлик кенгаши раиси Зироат Мирзиёева ўз кириш сўзида шундай деди:

— Сайёрамиз келажаги – ҳаммамизники, демак, атроф-муҳит ҳолатига ҳар биримиз жавобгармиз, ўзимиздан бошлаб хусусий секторгача, жамоат ташкилотларидан ҳукуматларгача – ҳаммамиз биргаликда иш олиб боришимиз шарт.

Бу борада амалларнинг катта-кичиги йўқ, атроф-муҳит учун барча ҳаракатлар: ўсимликларга зарар етказмаслик ёки кичик дарахт экиш ҳам, катта корхоналарда чиқиндиларни камайтириш ҳам ўта аҳамиятли.

“Zamin” фонди ва Ўзбекистон Республикаси Гидрометеорология хизмати маркази томонидан “Атмосфера ҳавоси ифлосланиши мониторингини автоматлаштириш” лойиҳасини амалга ошириш доирасида эришилган натижалар тақдимот қилинди. Уларнинг энг асосийлари:
  • “Ўзгидромет”нинг ҳаво ифлосланишини кузатиш масканлари (жами 63 та) ва 17 та ҳудудий лабораторияси ягона таҳлил марказига бирлаштирилди.
  • Маълумотларни тўплаш ва эълон қилиш учун барчага очиқ бўлган AirUz платформаси (monitoring.meteo.uz веб-сайти ва AirUz мобил иловаси) яратилди.
  • Тошкентда етакчи Horiba компаниясининг 2 та атмосфера ҳавоси ифлосланишини мониторинг қилиш автоматик станцияси ўрнатилди. Станцияларнинг барча маълумотлари IQAir халқаро платформасига интеграция қилинди.
  • Ҳаво ифлосланишини мониторинг қилишнинг бешта халқаро стандарти уйғунлаштирилди ва жорий қилинди.
  • “Ўзгидромет”нинг 50 нафардан зиёд ходими ҳаво мониторинги бўйича замонавий ахборот тизимларидан фойдаланиш ва автоматик станцияларни эксплуатация қилишга ўқитилди.

Яқин истиқболда Нукус, Урганч, Самарқанд, Жиззах ва Гулистонда биттадан ҳаво сифатини мониторинг қилиш автоматик станциясини ўрнатиш режалаштирилган, уларнинг маълумотлари ҳам IQAir билан интеграция қилинади.

Хорижий мутахассислар иштирокида минтақамизнинг табиий-иқлим хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда РМ2,5 ва PM10 ҳавони ифлослантирувчи моддаларнинг концентрациясига доир миллий меъёрлар ишлаб чиқилмоқда.

Тадбирда таъкидланганидек, бутун мамлакат бўйлаб ҳаво мониторингининг тўлақонли автоматлаштирилган тизимининг шакллантирилиши ифлослантирувчи моддаларни қайд этиш, уларнинг аномал концентрацияларини аниқлаш, шунингдек, тезкор бартараф этиш учун ифлослантириш манбаларини топиш имконини беради.

Давра суҳбати иштирокчилари ҳаво сифати бўйича меъёрларни қўллаш борасидаги халқаро тажриба билан танишдилар ҳамда мониторинг якунида ҳавони назорат қилиш чора-тадбирларини энг намунали халқаро амалиётга мувофиқ ҳолда биргаликда такомиллаштиришга келишиб олдилар.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Зироат Мирзиёева: Атроф-муҳит ҳолатига ҳар биримиз жавобгармиз