date

Тошкент вилояти ҳокими бўйича айбловлар рад этилди

Тошкент вилояти ҳокими бўйича айбловлар рад этилди
Тошкент вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати Тошкент вилояти ҳокими бўйича тарқалган айбловларга расмий муносабат билдирди. Маълум қилинишича, фуқаролик жамиятлари тармоқларида О.Сулаймонов исмли фуқаро томонидан вилоят ҳокими икки корхонага 4,5 миллиард сўм қарзни тўламаяпти, деган даъволар илгари сурилган. Ушбу фуқаро "МАҲАЛЛА ЙЎЛЛАРИ-ХИЗМАТИ-КП" ва "ҚУРИЛИШ ЮЛДУЗЛИ ЖИЛОСИ" корхоналарининг асосчиси эканини таъкидлаган.

Ўрганишлар натижасида аниқланишича, 2020-2025 йилларда Тошкент вилояти ҳокимлиги ва вилоят автомобиль йўллари бошқармаси ушбу икки корхона билан ҳеч қандай шартнома тузмаган. Ушбу корхоналар билан шартнома тузган ташкилот Бўстонлиқ тумани давлат йўл хўжалиги бошқармаси бўлиб, у мустақил юридик шахс ҳисобланади.

Бу ташкилот махсус муҳр ва штампга эга, ўзига хос банк ҳисоб рақамлари ва молиявий мустақиллигига эга. Мазкур икки пудратчи корхона билан ҳисоб-китоб ҳолати қуйидагича: "МАҲАЛЛА ЙЎЛЛАРИ-ХИЗМАТИ-КП" томонидан йўл таъмирлаш ишлари учун 2020 йилда бажарилган ишлар қиймати 4,245 миллиард сўмни ташкил этган бўлиб, шундан 2,219 миллиард сўми тўланган, қолган 2,026 миллиард сўм қарз бўйича суд қарори ижро жараёнида.

"ҚУРИЛИШ ЮЛДУЗЛИ ЖИЛОСИ" корхонасининг 2020-2021 йилларда бажарилган ишлари бўйича қарзи 877,2 миллион сўмни ташкил этади. 2025 йил 1 сентябрь ҳолатига кўра, Бўстонлиқ туман давлат йўл хўжалиги бошқармасининг ушбу икки корхонага бўлган умумий қарзи 3,134 миллиард сўмни ташкил этмоқда.

Шундай қилиб, О. Сулаймонов томонидан айтилган 4,5 миллиард сўм қарз ҳақидаги маълумотлар ҳақиқатга тўғри келмайди. Шунингдек, ҳокимлик маълум қилишича, Тошкент вилояти ҳокими З. Мирзаев 2021 йилнинг 18 ноябрида лавозимга тайинланган ва мазкур масалаларга ҳеч қандай алоқадорлиги йўқ.

Бу ҳолат ҳокимнинг ушбу масалаларга дахлдор эмаслигини тасдиқлайди. О.Сулаймоновнинг вилоят ҳокими ҳақида қарзларни тўламаяпти, деган даъволари ҳуқуқий жиҳатдан асоссиз ва тўҳмат характерига эга. Бундан ташқари, суд ва Чирчиқ туманлараро иқтисодий суди қарорларига кўра, қарз масалалари вилоят ҳокими ёки унинг номи билан боғлиқ эмас.

Расмий ҳужжатлар асосида аниқланишича, О. Сулаймонов ўзини корхона асосчиси сифатида кўрсатган бўлса-да, бу маълумот ҳақиқатга тўғри келмайди.

Корхона рўйхатдан ўтган ҳужжатларда асосчилар сифатида Пулатов Р.М. ва Пулатова Д.А.кўрсатилган, О. Сулаймонов эса ушбу ҳужжатларда ҳеч қандай мақомга эга эмас.

Шунингдек, О. Сулаймонов вилоятдаги пахта, ғалла ва ипак ҳосилдорлиги кўрсаткичлари бўйича сохта маълумотлар берилаётгани ва миграция ҳақидаги маълумотлар бузиб кўрсатилаётганини таъкидлаган.

Ҳокимлик ушбу масалалар бўйича аниқ далилларни тақдим этишни сўради ҳамда мазкур жараённи ошкора ёритишни ваъда қилди. Ҳокимлик тўҳмат ва обрўсизлантиришга оид масалаларни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар кўриб чиқишини таъкидлаб ўтди.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Тошкент вилояти ҳокими бўйича айбловлар рад этилди