
Жанубий Корея ҳукумати мамлакат ҳақида ёлғон ёки ҳақоратли маълумот тарқатаётган чет эллик блогерларга нисбатан чекловлар жорий этишни кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда “The Korea Times” хабар берди.
Маълумотга кўра, Вазирлар Маҳкамаси йиғилишида Адлия вазири Чун Сон Хо бундай блогерларнинг мамлакатга киришини тақиқлаш таклифини илгари сурган. Унинг сўзларига кўра, бу қадам Кореянинг халқаро имижини ҳимоя қилишга қаратилган.
“Биз Жанубий Кореяга нисбатан нафрат ёки ҳақорат тарғиб қилаётган чет элликларнинг киришини чеклаш бўйича чоралар кўряпмиз”, – деган вазир.
Илгари бундай видеолар “кликбейт” сифатида баҳоланган бўлса, энди улар жиддий оқибатларга сабаб бўлиши мумкин. Янги қоидалар кучга кирса, блогерлар нафақат мамлакатга киришдан маҳрум этилади, балки терговга ҳам тортилади.
Ташаббус бир неча можаролардан сўнг илгари сурилди. Масалан, америкалик стример Жонни Сомали жамоат тартибини бузган видеоси ортидан терговга тортилиб, япониялик блогер Дэбо-чан эса сохта видео тарқатгани учун танқидга учраган эди.
Мутасаддилар фикрича, янги тизим Корея маданияти ва жамиятини асоссиз таҳқирловчи контентга қарши самарали чора бўлади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.