07:00 / 11.04.2023
303

Тасаввуфнинг аҳамияти

Тасаввуфнинг аҳамияти

Шариатнинг буйруқ ва қайтариқлари, яъни шаръий таклифлар икки қисмга бўлинади. Биринчиси, зоҳирий ишларга тааллуқли бўлган амаллар. Буларга намоз, закот, рўза, савдо, никоҳ, талоқ каби шариъат ўрганадиган амаллар кириб кетади. Иккинчиси, ботиний ишларга тааллуқли бўлган амаллар. 

Биз, кўпчилигимиз юқоридагилардан биринчисига жиддий эътибор қаратамиз, яъни намозларимизни вақтида ўқишга, закотимизни вақтида беришга, савдо-сотиқ ишларида ҳалолликка эътибор берамиз. Аммо иккинчи қисмга – ботиний ишларга тааллуқли бўлган амалларга бироз бепарво муносабатда бўламиз. 

Бу икки турдаги амалларни инсоннинг танаси ва жисми ила бажариладиган амаллар ҳамда қалби билан бажариладиган амаллар, деб таърифласак ҳам тушунарлироқ бўлади.

Жисмга тааллуқли амаллар ҳам икки турга бўлинади. Биринчиси, намоз, закот, ҳаж... каби илоҳий буйруқлар. Иккинчиси, қотиллик, зино, ўғирлик... каби илоҳий қайтариқлар.

Худди шу каби қалб амаллари ҳам икки турга: Аллоҳга, фаришталарга... имон келтириш, ихлос, қазои-қадарга рози бўлиш, хушуъ, таваккул каби буйруқлар ва куфр, нифоқ, кибр, риё, ғурур, кек-адоват, ҳасад каби қайтариқларга бўлинади.

Аллоҳ таолонинг наздида жисмоний амаллардан кўра қалб амаллари муҳимроқ. Гарчи амалларнинг иккала тури ҳам аҳамиятли бўлсада, энг муҳими қалбга тегишли амаллардир. Чунки ботин – қалб, зоҳирнинг – тана аъзоларининг асоси ҳисобланади. Инсоннинг аввало ички олами соғлом бўлса, кейин ташқи жисми соғлом бўлади. Ботиний амаллар зоҳирий амалларнинг бошланишидир. Ботиннинг бузуқ бўлиши зоҳирий амалларнинг мукаммаллигига футур етказади. Бу ҳақда Аллоҳ таоло айтадики: “Ким Роббисига йўлиқишни умид қилса (хоҳласа), солиҳ амал қилсин ва Роббисининг ибодатига бирор кишини шерик қилмасин”. Аллоҳ таоло ушбу ояти каримада Ўзига йўлиқишни умид қилган бандаларига солиҳ амал қилиш билан бирга Аллоҳга ибодатда ширк келтирмаслик лозимлигини уқтирмоқда. Ширкдан холи бўлиш эса қалб амали ҳисобланади. Биз кўплаб амалларимизга ўзимиз билмаган ҳолда риё орқали одамларни шерик қилиб қўямиз. Ҳеч бўлмаганда ужуб билан ўзимизни шерик қиламиз. Буларнинг муолажасига қалб муолажаси билан эришилади.

Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳам бор эътиборларини саҳобаларнинг қалбларини ислоҳ қилишга йўналтирдилар. Саҳобаларга инсоннинг солиҳ бўлиши қалбнинг махфий касалликлардан холи бўлишига боғлиқ эканини тинимсиз баён қилиб бордилар. Шу жумладан айтдиларки: “Огоҳ бўлинг! Жисмда бир парча бор. Агар ўша парча солиҳ бўлса, бутун тана солиҳдир. Агар ўша парча фасод бўлса бутун тана фасоддир. Билиб қўйинг! Бу парча - қалбдир”. 

Шунингдек, Набий алайҳиссалом саҳобаларга таълим бериб айтмоқдаларки, Аллоҳ таолонинг бандаларга бўлган назари қалбга бўлади. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз айтадиларки: “Аллоҳ таоло сизларнинг жасадларингизга қарамайди, суратларингизга боқмайди, балки Аллоҳ сизларнинг қалбингизга қарайди”.

Демак, қалб Аллоҳ таоло назар соладиган макон ҳисобланади. Аллоҳ назар соладиган маконни турли ифлосликлардан тозалаш эса энг муҳим иш саналади. Ташқи кўринишимизни гўзал қилиб, қалбимизни ташлаб қўйишимиз тўғри бўлмайди.

Модомики инсоннинг солиҳ бўлиши қалбнинг солиҳ бўлишига боғлиқ экан, биз ана шу қалбимизнинг ислоҳи учун амал қилмоғимиз лозим бўлади. Демак, қалбимизни ёмон сифатлардан холи қилишимиз ва яхши сифатлар билан зийнатлашимиз керак. Ана шунда қалбимиз соғлом бўлади ва ана шундай пок, соғлом қалб эгаси қиёматда нажот топувчилардан бўлади. Зеро “Қиёмат куни шундай кунки, унда мол-дунё, фарзандлар фойда бермайди. Фақатгина Аллоҳнинг ҳузурига соғлом қалб билан келганларгина фойда топади”.

Жалолиддин Суютий роҳимаҳуллоҳ айтадиларки: “Қалб илми, унинг ҳасад, риё, ужуб ва шу каби касалликларини билиш ва ўрганиш ҳукмига тўхталсак, Имом Ғаззолий айтганларидек, фарзи айндир. Қалбни поклаш, нафсни турли кирдикорлардан тозалаш фарзи айнларнинг энг муҳимларидан ҳисобланади”.

Аллоҳ таоло айтадики: “Айтинг Муҳаммад алайҳиссалом, Албатта Роббим фаҳш ишларни зоҳирини ҳам ботинини ҳам ҳаром қилди”. Демак Аллоҳ таоло ҳам зоҳирий ҳам ботиний гуноҳларни ҳаром қилмоқда. Ботиний ғуноҳлар деганда эса шубҳасиз қалб амаллари назарда тутилган. Шариъатимиз ҳам зоҳирни ҳам ботинни ислоҳ қилишга эътибор қаратади. Зоҳиримизнинг муолажаси билан шуғулланадиган илм фиқҳ илми дейилса, ботиннинг муолажаси билан шуғулланадиган илм тасаввуф дейилади.

Бошқа бир оятда эса Роббимиз айтадики: “Фаҳш ишларнинг зоҳирига ҳам ботинига ҳам яқинлашманг!”. Бу оятда  ҳам зоҳир ҳам ботинга эътибор қаратилмоқда. Муфассирлар ушбу оятнинг тафсирида ботиний фаҳш ишларга мисол ўлароқ адоват, риёкорлик, ҳасад, нифоқ кабиларни келтиришган.

Ҳадиси шарифларда ҳам қалб ислоҳотининг муҳимлигига далолат қилувчи маънолар бисёр. Масалан, Пайғамбаримиз алайҳиссалом айтганларки: “Иймон етмишдан ортиқ шўъба(бўлак)дан иборат. Уларнинг энг юқориси “Лаа илаҳа иллаллоҳ” калимасини айтиш бўлса, энг қуйиси йўлдан азият берувчи нарсани олиб ташлашдир. Ҳаё ҳам имондан бир шўъба(бўлак)дир”.

Ушбу ҳадисдан билиб олиш мумкинки, ҳаё – имондандир. Ҳаё эса қалбда бўлади. Қалби фасод бўлган кишида ҳаё бўлмайди.

Хулоса ўрнида айтдиган бўлсак, қалб ислоҳотига доир бўлган амаллар бевосита имонга алоқадор амаллар ҳисобланади. Имоннинг камолоти ҳадиси шарифда айтилган етмишдан ортиқ шўъбаларнинг камолотига боғлиқ. Тасаввуфнинг аҳамияти эса имоннинг аҳамиятига боғлиқ.

Мубашшир Аҳмаднинг “Тасаввуф дарслари” асосида 

Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Исмоил тайёрлади

Манба: Azon.uz


arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият