Ўзбекистонда ички туризмнинг ривожланиши билан боғлиқ ҳолатни ўрганиш учун 2023 йилнинг март-апрел ойларида ўтказилган сўровномада 1032 киши иштирок этди.
Натижаларга кўра, саёҳатлар частотаси бўйича респондентларнинг 58,5 фоизи йилига камида бир маротаба, 16,6 фоизи 3 ойда бир маротаба, 8,3 фоизи ойига бир маротаба ички саёҳатга чиқади. Шу билан бирга иштирокчиларнинг 32,3 фоизи саёҳат қилиш ва мамлакатнинг диққатга сазовор жойларини кўриш истагини билдирган.
Қатнашчиларнинг 24,7 фоизи пул етишмаслиги, 27 фоизи эса бўш вақтнинг камлиги учун саёҳатга чиқолмаслигини билдирган.
Ёш таркиби бўйича ички туризм иқтисодий фаол аҳоли орасида кенг тарқалган. Мамлакат бўйлаб саёҳат қилувчиларнинг фаол тоифасини 26-35 ёш оралиғидагилар 37,5 фоизни, 36-55 ёшлилар эса 33,9 фоизни ташкил қилган.
Шунингдек, 51,2 фоиз қатнашчи оиласи билан саёҳат қилишни афзал кўрса, 26 фоиз киши дўстлари билан саёҳатга чиқиш кўпроқ ёқишини маълум қилган.
Ички туризм турлари бўйича энг кўп зиёрат туризмига – 53,7 фоиз, тоғ-курорт туризмига – 52,7 фоиз, маданий-маърифий туризмига – 36,4 фоиз, соғломлаштириш туризмига –35,8 фоиз ва соҳил туризмига – 35,4 фоиз қатнашчилар овоз берган. Шу билан бирга, ёшлар (35 ёшгача) ўртасида экстремал спорт, фестивал туризми ҳамда агротуризмга қизиқиш ортиб бораётгани маълум бўлган.
Сўровномада аҳолининг туроператорлардан ҳам фойдаланиш даражаси аниқланган. Унга кўра, респондентларнинг 52,6 фоизи мустақил саёҳат қилишини билдирган.
Йилига камида бир маротаба саёҳат қилувчи респондентларнинг 67,7 фоизи дам олиш жойини танлашда танишлари, дўстлари ва қариндошларининг, 50 фоизи ижтимоий тармоқларнинг, 31,0 фоизи махсус сайтларнинг тавсияларига асосланишини айтган.
Бундан ташқари, ички туризмдаги асосий муаммолар сифатида ҳам аҳолининг фикри ўрганилган. Унда нисбатан долзарб омилларнинг биринчи гуруҳига йўллар сифати, меҳмонхона ва транспорт нархи, сув таъминоти ва канализациядан фойдаланиш киритилган. Кейинги ўринда қаноатланмаслик даражаси ўртача бўлган туристик хариталар ва маълумотларнинг камлиги, транспорт топиш, умумий овқатланиш жойларида гигиена ва санитария қоидаларига қатъий риоя қилинмаслиги, электр энергиясидан фойдаланиш кабилар кўрсатилган.
Саёҳатчилар диққатга сазовор жойлар ҳақида интернетдаги маълумотлар, меҳмонхона хизмати, меҳмонхоналарни қидириш ва овқатланиш жойларини топишга оид маълумотлар уларни нисбатан қониқтиришини маълум қилишган.
“Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг