18:33 / 16.07.2023
162

Конструктив мухолифат қандай бўлади? Мухолифат бўлиши нега муҳим?

Конструктив мухолифат қандай бўлади? Мухолифат бўлиши нега муҳим?

Шавкат Мирзиёев инаугурация маросимидаги чиқишида мухолифат масаласига ҳам тўхталганди. Сиёсатшунос Камолиддин Раббимов конструктив мухолифат ҳамда унинг мамлакат ривожидаги роли ҳақида фикр юритди.

Янги сайланган Президент Мирзиёев 14 июл куни қасамёд қабул қилди. Қасамёд қабул қилиш – Конституциявий талаб. Бу билан Шавкат Мирзиёев президентлик ваколатларига расман киришди.

Президент Мирзиёевнинг ушбу маросимдаги нутқи муҳим ғоялар ва лойиҳаларга бой бўлди. Муҳим қадриятларга урғу қаратилди. Давлат мулозимлари ва институтлар олдига муҳим вазифалар қўйилди.

Лекин Ўзбекистон жамоатчилиги нигоҳида битта фикр кучли акс садо берди. Бу – президентнинг мухолифат ҳақида айтган гаплари бўлди. Мирзиёев «кейинги йилларда конструктив мухолифат фаолияти кафолатланиши»ни айтди ва бу фикрни икки бор такрорлади. Бу орқали бу фикр қанчалик муҳим вазифа экани ҳам урғуланди.

Хўш, конструктив мухолифат нима ва умуман, мухолифатнинг қандай турлари бўлади?

Сиёсатшуносликда мухолифатнинг турлари яхши ўрганилган. Мухолифат энг аввало, тизимга доир, яъни тизимни тан олувчи ва тизимдан ташқари – тизимни инкор қилувчи таснифларга бўлинади.

Мисол учун, Ўзбекистон Конституциясига кўра, ҳуқуқий-демократик, дунёвий давлат. Агар бирор сиёсий куч, гуруҳ, партия ёки уюшма мана шу қадриятларни инкор қилиб, «йўқ, биз демократик дунёвий давлатчиликни инкор қиламиз» деса, бу аксил-тизим, яъни конституцион тизимни инкор қилувчи мухолифат бўлади. Конституцион қадриятларни тан олса, табиийки, тизим доирасидаги мухолифат бўлади.

Энди, мухолиф куч парламент ичида бўлиши мумкин, ёки парламентдан ташқарида. Мисол учун, янги ташкил этилган мухолифат ёки сайловларда парламентга етарлича ўрин ололмай қолган бўлса – парламентдан ташқари мухолифат дейилади. Агар етарлича ўрин олиб, парламентда ўз фракциясига эга бўлса – бу парламент мухолифати дейилади.

Шунингдек, мухолифатни «конструктив» ва «деструктив»га ҳам ажратишади. Конструктив – бу «яратувчан», «тузувчи», «бунёдкор», «қурувчи» деган маъноларни беради. Айнан шу сўздан «конструктор» сўзи олинган. Яъни агар бирор мухолиф куч ёки шахс давлат, миллат, имкониятлар ва манфаатларни яратувчи деб баҳоланса, унга нисбатан конструктив дейишлари мумкин. Агар мухолифатнинг фаолияти фойдадан кўра, кўпроқ зарар келтиряпти, деб қабул қилишса, унга унга нисбатан «деструктив» атамаси ишлатилади.

Айтиш керакки, «конструктив» ва «деструктив» атамалари – ғирт сиёсий, эҳтиросли ва бу тушунчаларнинг аниқ мезони мавжуд эмас. Одатда, ҳар қандай ҳокимият ўз мухолифларига нисбатан, вақти-вақти билан, танқидлар ҳажми ошиб кетганда ёки сайловларда мухолифат имкониятлари ошиб бораётганда, унга нисбатан «конструктив эмас, деструктив» деган айбловлар билдиришади. Бу – табиий ҳолат.

Мухолифатни, шунингдек, сиёсий кайфиятларга кўра ҳам турларга бўлиш кузатилади. Мисол учун, ҳокимиятга «мойил бўлган», мувозанатда бўлган ёки ашаддий танқидчи бўлган мухолиф кучларга ҳам бўлиш кузатилади.

Қачон мухолифат конструктив бўлади? Қачонки, мухолифат сиёсий вазиятдаги ўз масъулиятини тўлиқ ҳис қилса. Бунинг учун, мухолифат давлатга ва жамиятга дахлдор экани, миллий манфаатлар олдида масъул эканини доим англаши керак. Бундай сиёсий онг учун эса, сиёсий рақобат ҳам холис бўлиши, ҳокимият ҳам жамият кўз ўнгида авторитет – яъни, обрўси юқори ва легитимлиги мустаҳкам деб қабул қилиниши керак.

Яна бир муҳим унсур – бу ватандошлик жамиятининг ривожланганлик даражаси ҳисобланади. Чунки, мухолифатни ҳам, ҳокимиятни ҳам кузатиб, танқид қилиб, тафтиш қилиб, тартибга солиб турувчи институт – бу кенг ва фаол бўлган ватандошлик жамияти ҳисобланади.

Ўзбекистонда мухолифат бўлса нима-ю, бўлмаса нима? Бунинг салбий ва ижобий томонлари нимада?

Аввало, мухолифат бўлса, нима бўладиган деган саволга жавоб изласак. Мухолифат, бир қарашда, сиёсий тизимни беқарорлаштирувчи омилдек кўриниши мумкин. Фараз қлинг, Ўзбекистон парламентида 10, 15 ёки 25 кишидан иборат мухолиф партиялар ёки намояндалар ўтирибди. Улар ҳукуматни ва давлат мулозимларини танқид қиляпти.

Аслида, мухолифат бўлиши – жамиятдаги яширин ва ошкора муаммолар расман каналлашувига имкон беради. Жамиятнинг давлат институти бўлмиш парламентга муносабати ўзгаради, ўз муаммоларини депутатларга йўллай бошлайди. Демак, халқнинг давлатга бўлган ишончи ошиб боради. Ҳукумат ҳам бошқача ишлайдиган бўлади.

Мухолиф иштирок этадиган давлатда, давлатнинг легитимлиги мустаҳкамланади. Ўзбекистон давлатчилигининг глобал репутацияси жиддий ўзгаради, ижобийлашади. Ўзбекистон «гибрид» ва/ёки «демократик» деб тан олина бошлайди. Авторитар деган оғир номдан холос бўлишга киришади.

Мухолифат бўлмаса-чи? Жамият ўз муаммоларини ечиш учун, давлатнинг заифлашишидан, йиқилишидан, обрўсизланишидан манфаатдор бўла бошлайди. Инсонлар келажак умидини бу давлатда эмас, давлатдан ташқарида кўради. Давлатнинг легитимлиги заифлашади. Ўз муаммоларига давлат институтлари доирасида ечим топа олмаётган халқ, ўз фрустрациясини кутилмаган бифуркациялар, бўҳронлар орқали амалга ошириш орзусида яшайди. Халқаро майдонда эса давлатни нодемократик деб паст тоифага қўшиш давом этади.

Асосий муаммо нимада? Ўзбекистон шароитида, бир томондан сиёсий эркинлик, плюрализм, бошқа томондан сиёсий барқарорликни уйғунлаштириш, бири учун иккинчисини қурбон қилмаслик вазифасидир. Ҳокимият коридорларида «мухолифат бўлса – сиёсий вазият издан чиқиб кетади, беқарорлик бўлади, анархия юз беради» каби фобиялар жуда кучли.

Лекин аслида ҳаммаси сиёсий маҳоратга боғлиқ. Ўзбекистон каби давлатлар қўрқмасдан мухолиф қарашлар ва кучларга имконият бериб, сиёсий майдонда маъмурият рақобатдошлигини ҳам бемалол ўстириб бориш имконияти бор.

Камолиддин Раббимов


arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Конструктив мухолифат қандай бўлади? Мухолифат бўлиши нега муҳим?
ePN