«Кўрмаганнинг кўргани қурсин...»
Баҳодир Исонинг шу шеърига куй басталаб айтилган қўшиқни яхши кўраман. Ижрочи ҳам маромига етказиб куйлаган ўзиям.
Ҳақиқатан, ҳаётимизда бундай воқеалар кўплаб учрамоқда. Минг бора шукрки, юртимизнинг тинч, омонлиги, мустақиллик шарофати билан барча имкониятлар эшиги кенг очилган, ҳар бир инсон, оила сидқидилдан меҳнат қилса, янги қирралари очиб борилаётир.
Меҳнат қилган элда азиз. Бу ҳикмат бекорга айтилмаган. Аммо пул топишнинг йўллари ҳам кўп-да. Кимлардир жонини жабборга бериб, астойдил меҳнат қилади, рўзғори обод бўлишига интилади.
Албатта азоб билан топилган давлатнинг қадри киммати бошқача бўлади. Харажат қилаётганида аввалги куни эсига тушиб туради-да.
Бир тўда йигит тўйга ҳозирланиб турса, ошналардан бири янги туфлисини янги дўппи билан артаётганмиш.
– Эсинг жойидами, янги дўппи билан артяпсан?
– Туфлини меҳнат қилган пулимга олганман, дўппимни отам олиб берган, – дермиш у.
Ўзбекистон имкониятлар мамлакатига айланди. Эсини билган ҳар бир одам минг бир мулоҳаза билан қадам босади. Орамизда ё бир ўртакашлик, ёки қандайдир «имконият»лардан фойдаланиб қолаётган «ишбилармон»ларнинг кўпайиб бораётгани сир эмас. Улар на ота-онага ҳисоб берадилар ва на жамиятга. Одамлар бу тоифа қандай даромад олаётганини билади. Бирданига данғиллама уй, қўша-қўша супер машиналар, супер «янгалар» яна алламбалолар... Ҳаммасидан ҳам ўзини тутиши ошиб тушади.
Оғайним ҳикоя қилиб берди. Хўжаликда омбор мудири бўлиб ишлаб юрганида бир бечора йигит рўзғорига етишмаганидан ҳар замонда ундан бир пақир, бир қоп буғдой сўраб келар экан. Қонунга зид бўлса ҳам аҳволини кўриб, жуда бўлмаса савоби тегади-ку, деб буғдойни бепул бериб юбораркан мудир.
Кунлар ўтаверибди. Замон айланиб, ўша йигит бировларга қўшилиб, тез кунда бойиб кетибди. Чўнтаги тўла пул, тагида чет эл автоси. Муомала ҳам бошқача. Одамлар ҳайрон.
– Вилоятдан келган меҳмонларни кузатиш учун идоранинг олдидан чиққандим, – деб ҳикоя қилади оғайним, – машинам тушмагурнинг мотори ўчиб қолса, денг! Иттифоқо, ўша йигит алламбало автомобилида ёнимиздан ўтиб қолди. Тўхтатдим. Ука, шу машина юрмаяпти, бир итаришиб юборсанг, ўт оларди, дедим. Нима деб жавоб берди, денг! «Сиз мени ким деб ўйлаяпсиз?» – дейди. «Мен сени икки-уч йил олдин пақирлаб буғдой сўраб ялиниб келиб юрганингни биламан», – дебди оғайним.
Йигит машинадан ҳам тушмай зарда қилиб кетиб қолибди.
Орадан беш-ўн йиллар ўтгач, улар ногаҳонда яна учрашиб қолишибди. Йигит одмигина кийинган, худди бир пайтлардагидай ночор аҳволда эмиш!
– Ҳа, ука, нима бўлди? Осмонда эдинг, ерга тушиб қолибсан?
Йигит бошини эгибди:
– Ака, шундай бўлиб қолли, ҳаёт шафқатсиз экан.
– Қараб қўй, мен ҳамон аввалгидайман.
Кўряпсизки, Яратганнинг адолат тарозиси бор. Барибир оққан дарё ўзанига тушади. Демоқчиманки, янги «бой»лар ўтган кунига назар солиб, даромадларини элнинг ободлигига, баъзи ночор оилаларга ёрдам бериб, эзгу амаллар қилиб, савоб ишларга сарф қилса, икки дунё саодатига эришади.
Водий томоннинг одамларини билсангиз керак, анча одамохун, сертавозе бўлишади. Ислом динида собитқадам. Бир туманда уч юздан ортиқ қори борлигини эшитганман. Олимлар томонидан Қуръони Карим тўғри талқин қилинса, бу китоб барча инсониятни фақат яхшиликка етаклашини ҳаммамиз ҳам англаб етавермаймиз.
Бир олим киши айтади:
– Бизда дунё топиб бойиганлар кўпроқ олдинга энгашади, яъни ҳамма-ҳамма халққа эгилади, сизларда орқа томонга тортиб кетаркан, яъни ўзига ғўдайиб қоларкан.
Аввало, уларни шундай қилаётган ўзимиз. Мақтовни ҳаддан оширамиз. Баъзи жойларда қараб турсанг, айримлар сал ночор кийинган катта ёшдагиларни ҳам чеккалаб, юқорига ўтиб кетаверади.
Аслида умр бўйи шу жамият, шу халққа хизмат қилган билан улар орасида осмон билан ерча фарқ бор. Гул атрофини чопиб турмаса, ҳамма ёқни бегона ўт босади, гулнинг бўйи, чиройи кўринмай қолади. Бундай ҳолатларда ҳаммамиз бир бўлиб уларга озгина танбеҳ бериб турсак фойдадан холи бўлмайди. Зеро, Яратганнинг олдида ҳазрати инсон баробардир, фақат яхши амаллари уни элу халқ олдида ҳурмат шоҳсупасига олиб чиқади.
Яқинда бир жойдан ўтаётиб уч-тўртта йигитни кўрдим. Ҳар бири ўзининг янги машинасини мақтаяпти. Жамоат жойида зўр дастурхон тузаб, ичкилик ичиб ўтиришибди. Оғзиларидан инсон чидаб бўлмайдиган сўкинишлар, ҳақоратли сўзлар чиқяпти, бу билан ўзларини реклама қилишяпти.
– Ҳой укалар, бу ер жамоат жойи, сал ўзларингни босинглар, – дедим маслаҳат берган бўлиб.
– Э, бобой, йўлингиздан қолманг, – дейишди. – Чўнтагида ҳемири йўғ-у, бизга ақл ўргатишини қаранглар!
Англадимки, булар шайтонлар тоифасидан, уларга панди-насиҳат хайф!
Шунга айтадилар-да, «Кўрмаганнинг кўргани қурсин», деб!
Абдуғаффор Шодмонқулов.
Манба: Xabar.uz
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!