13:20 / 27.10.2023
65

Саманта Пауэр: «АҚШ ҳеч бир давлатни қайсидир позицияни танлашга ундамайди»

Саманта Пауэр: «АҚШ ҳеч бир давлатни қайсидир позицияни танлашга ундамайди»
Фото: Samantha Power

24 октябр куни Самарқандда бўлиб ўтган «C5+1» форматидаги (Марказий Осиё мамлакатлари + АҚШ) минтақавий ҳамкорлик бўйича биринчи вазирлар учрашуви якунида АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID)нинг минтақада амалга оширмоқчи бўлган янги лойиҳалари эълон қилинди.

Йиғилиш якунлари бўйича ўтказилган матбуот анжуманида USAID раҳбари Саманта Пауэр 14,3 миллион доллар ажратилишини эълон қилди, бу маблағ Марказий Осиёда иқтисодий ўсиш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш, барқарор ва «яшил» энергия тизимларини яратиш ҳамда дезинформацияга қарши курашиш учун сарфланади.

Байденнинг топшириғига кўра

«АҚШ Марказий Осиё давлатлари мустақиллигини биринчилардан бўлиб тан олган. Ўшанда президент Жорж Буш «Бугун дунё янги умидлар ва имкониятлар қаршисида турибди», дегани ёдимда. Ўшандан буён Марказий Осиё халқларига ёрдам беришга ҳаракат қилиб келамиз. Соғлиқни сақлаш, таълим соҳасида, даромадларини ошириш масалаларида бирга лойиҳалар амалга оширяпмиз», деб сўз бошлади АҚШ федерал агентлиги раҳбари.

Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистонга АҚШ президенти Жо Байденнинг топшириғи билан келган.

«Президент Байден яқинда минтақа раҳбарлари билан учрашганда «Бу тарихий имконият даври» деб айтди. Мен бу ерга президент Байденнинг топшириғи билан келдим, муносабатларимиз ривожланиб бораётганини таъкидлаш керак. Минтақа аҳолисининг аксар қисмини ёшлар ташкил қилади ва улар дунё билан интеграция қилиши, алоқаларимизнинг ижобий самарасини кўриши лозим.

Биз иқтисодий ўсиш, дезинформацияга қарши кураш, трансчегаравий савдодаги тўсиқларни бартараф қилиш, ёшлар, аёллар бошқарадиган бизнесларга ёрдам бериш каби дастурларда иштирок этишга тайёрмиз. Бундан ташқари, АҚШ минтақа қайта тикланадиган энергияга ўтишини қўллайди. Масалан, Қозоғистонда шундай лойиҳага ёрдам берганмиз. Минтақадаги яшил энергия лойиҳаларини ривожлантириш учун қўшимча 2 миллион доллар ажратамиз. Энергия тежайдиган технологияларга пул ажратиш бу йўналишда айниқса муҳим», деди USAID раҳбари.

Дезинформацияга қарши кураш

Саманта Пауэр минтақа инвесторларни жалб қилиш учун дезинформациядан холи бўлиши кераклигини айтиб, АҚШ бу борада Ўзбекистон ва бошқа Марказий Осиё давлатларига ёрдам беришга тайёрлигини таъкидлади.

«Дезинформацияга қарши кураш ҳам муҳим ҳисобланади. Масалан, мамлакатга келадиган инвестор унинг бизнесини дезинформация ёрдамида йўққа чиқармасликларига ишончи комил бўлгиси келади. Бу борада журналистларга ёрдам бериш керак. ОАВнинг потенциалини ошириш учун керакли техника ва дастурлар тақдим этишга тайёрмиз», деди Саманта Пауэр хоним.

Ғазо ва Афғонистондаги ҳолат ҳақида

Шундан кейин ўзбекистонлик журналистлар ўз саволларини беришди. Хусусан, USAID маъмуридан Украина ва Ғазода жанглар давом этаётган бир вақтда дунё Афғонистонни унутиб қўймадими, деб сўрашди.

«Афғонистон қийин кунларни бошдан кечирмоқда. Масалан, яқинда содир бўлган зилзила сабаб кўплаб одамлар ҳалок бўлди. АҚШ узоқ йиллар давомида Афғонистон учун энг йирик иқтисодий донор бўлиб келмоқда. Ўтган йили ҳам катта пуллар ажратилди. «Толибон» ҳокимият тепасига келиши билан иқтисодий қийин ҳолат юзага келди ва бунинг учун афғон халқи товон тўламоқда.

Ҳозир мамлакатдаги озиқ-овқат билан боғлиқ ҳолатни кузатяпмиз. Биз бераётган ёрдам «Толибон» раҳбарияти қўлига тушмаслигини ҳам назорат қилишимиз керак. Чунки улар мамлакатда кўплаб инсон ҳуқуқларини чеклаб келмоқда. Масалан, қизларни таълим ҳуқуқидан маҳрум қилишяпти», деган Пауэр хоним.

«Газета.uz» мухбирининг Яқин Шарқда янги кескинлашув фонида қандай қилиб тинчликка эришиш мумкинлиги ҳақидаги саволига жавоб берар экан, Ғазо ва Исроил чегарасидаги вазият ҳақидаги саволга USAID маъмури ўз ваколати доирасида ҳудуддаги гуманитар ҳолат ҳақида гапира олишини айтди.

«Биз ҲАМАСнинг ҳужумини қоралаймиз. АҚШ Исроилнинг ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқи бор деб ҳисоблайди. Айни дамда у ердаги энг муҳим масала тинч аҳолига ёрдам беришдир. Президент Байден Ғазога ёрдам юбориш бўйича Миср президенти билан музокараларда шахсан қатнашди. Чунки яраланганлар, тинч аҳоли вакиллари бирламчи тиббий ёрдамни олиши керак. Жо Байден минтақадаги тинчлик узоқ муддатли ва барқарор бўлиши керак деб ҳисоблашини айтди.

Ўз навбатида, Исроил халқи ҳам ҲАМАС ҳужумларига учрамаслиги керак. Президент Байден ва давлат котиби Блинкен вазият тинчлик музокараларига ўтиши учун ҳаракат қилмоқда», деди у.

Украинада уруш бошлангач Россияга қарши санкция жорий қилган Ғарб давлатларида Исроил ва ҲАМАС ўртасидаги низо борасида якдиллик сезилмаётгани ҳақида саволга жавоб берган Пауэр хоним АҚШ ҳеч бир давлатни қандайдир позиция танлашга ундамаслигини айтди.

«АҚШнинг Яқин Шарқдаги позицияси шундан иборатки, Исроил ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга, чунки бундай масштабдаги ва вайронагарчиликка олиб келган ҳужумга учраган ҳар қандай давлат буни амалга ошириш ҳуқуқига эга эмас, балки бунга мажбурдир. Аммо президент [Байден] айтганидек, бу кураш қандай олиб борилиши катта аҳамиятга эга ва Фаластин халқи, оддий аҳоли ҲАМАСнинг шафқатсизлиги учун товон тўламаслиги керак. Ахир Фаластин халқи, шу жумладан, Ғазо аҳолиси, уларнинг аксарияти тирик қалқон ёки ҲАМАС террорчилари туфайли хавф остида, кўп ҳолларда ўзлари ҲАМАСнинг шафқатсизлиги қурбонига айланмоқда. АҚШ узоқ йиллар давомида Исроил ва Фаластин ўртасидаги муаммо бартараф этилиши устида ишлаб келмоқда», деди Саманта Пауэр.

У, шунингдек, Россиянинг Украинага бостириб киришини қоралашга чақириш халқаро ҳуқуқ томонидан белгиланишини таъкидлади.

«БМТ Хавфсизлик кенгашининг доимий аъзоси қўшни давлатга бостириб кириб, Украина шаҳарларини вайрон қилмоқда, минглаб украиналик болаларни ўғирлаб, уларни ота-онасидан айириб, Россияга олиб кетмоқда. Шунингдек, рус босқинчилари қўлидаги одамлар мунтазам равишда жинсий зўравонлик ва қийноққа солинмоқда. Юқорида айтиб ўтганларимдан келиб чиқсак, АҚШ давлатларни бундай шафқатсизлик ва халқаро ҳуқуқнинг қўпол равишда бузилишини қоралаши ва мамлакатларни Россия Федерацияси томонида бўлмасликка чақириши, оммавий тарзда ёки ёпиқ эшиклар ортида бундай ҳаракатлардан чуқур ташвиш ва хавотир билдиришга ундашига ҳайрон бўлмаслик керак, деб ўйлайман», деди у.

Шу билан бирга, барча мустақил давлатлар бу борада ўз қарорларини қабул қилиш ҳуқуқига эга эканини таъкидлади.

«Ҳар бир суверен давлат ўз географияси, тарихи, қадриятлари ва ўз манфаатларини қандай мувозанатда ушлаши бўйича ўзи қарор қабул қилади. Биз ҳаммамиз бошқа давлатлар бизга ҳужум қила олмаслигидан манфаатдормиз. Албатта, ҳар бир суверен мамлакат ва ҳар бир суверен халқ ушбу тамойиллар тўпламини қандай мувозанатда ушлаши бўйича ўзи қарор қабул қилиши керак. Аммо АҚШ ҳеч қачон оғишмайди, саволда айтилгани каби «талаб қилмайди», балки суверенитет, ҳудудий яхлитлик ва халқаро гуманитар ҳуқуқ тамойилларига риоя қилишни ёқлайди. Биз Яқин Шарқда шундай қиляпмиз ва бу тамойилларни бузаётган Россияга нисбатан шуни талаб қилмоқдамиз», деди у.


arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият