date

«Арсенал» юраги Райс учун «Реал» 150 миллион тўлаши мумкин

«Арсенал» юраги Райс учун «Реал» 150 миллион тўлаши мумкин

Англия Премьер-лигасида пешқадамлик қилаётган «Арсенал» жамоаси атрофида сўнгги пайтларда янги трансфер шов-шувлари тинмаяпти. Испаниянинг энг нуфузли клубларидан бири — «Реал» «канонирлар» марказий ярим ҳимоячиси Деклан Райсга жиддий қизиқиш билдирмоқда. Бу ҳақда Fichajes нашри хабар берди.

Манбага кўра, «қироллик клуби» мутасаддилари Райснинг сўнгги мавсумлардаги барқарор ўйини ва жамоа марказидаги салмоқли таъсиридан ҳайратда. Улар уни келгуси мавсумда «Сантьяго Бернабеу»да кўриш ниятида.

Лондонликлар эса бу эҳтимолий битимни рад этмаган. Бироқ уларнинг асосий шарти бор — мадридликлар Райс учун камида 150 миллион евро таклиф қилиши керак. Бу эса трансфер бозори учун улкан сумма ҳисобланади.

Аслида «Арсенал» раҳбарияти 26 ёшли ярим ҳимоячи билан хайрлашишни хоҳламаяпти. Чунки Райс жамоа тактикасининг марказий бўғини, ўйиннинг ритмини белгилайдиган асосий фигура ҳисобланади. Бироқ молиявий жиҳатдан бу каби миқдордаги таклиф клуб учун жиддий имконият бўлиши мумкин.

Деклан Райс ҳозирги пайтда нафақат Англия чемпионатида, балки бутун Европада энг барқарор ўйин кўрсатаётган ярим ҳимоячилардан бири сифатида тан олинган. Унинг «Арсенал» билан амалдаги шартномаси 2028 йилнинг ёзигача амал қилади.

Transfermarkt портали маълумотларига кўра, унинг бозор қиймати 120 миллион еврони ташкил этади. Аммо «Реал»нинг трансфер сиёсатини ҳисобга олганда, мадридликлар жамоа мувозанатини таъминлайдиган ўйинчи учун юқори тўловга тайёр бўлиши мумкин.

Эслатиб ўтиш жоиз, Райс «Арсенал»га 2023 йил ёзида «Вест Хэм Юнайтед»дан 105 миллион фунт эвазига келган эди. Бу трансфер ўша пайтда Премьер-лига тарихидаги энг йирик битимлардан бири бўлган. Унинг келиши жамоанинг ўйин услубига янги нафас олиб кирди — марказдаги барқарорлик, жисмоний устунлик ва ҳужумни бошлашдаги аниқ паслар «канонирлар»га юқори даражадаги рақобатчиликни таъминлаб берди.

Ҳозирда Микел Артета жамоаси Премьер-лигада пешқадамликни сақлаб турибди ва Европа миқёсида ҳам жиддий рақобатчи сифатида қаралмоқда. Шу боис, Райснинг эҳтимолий кетиши жамоа мухлисларини иккилантириб қўйган — бир томондан катта маблағ, иккинчи томондан эса тактик барқарорлик йўқотилиши хавфи.

Томонлар ўртасида музокаралар ҳали расман бошланмаган бўлса-да, мадридликлар бу трансферни 2026 йилнинг ёзги ойларига режалаштираётгани маълум қилинган.

Шу тариқа, келгуси мавсум трансфер бозоридаги асосий интрига «Арсенал» юлдузи Деклан Райснинг тақдири билан боғлиқ бўлиши мумкин.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » «Арсенал» юраги Райс учун «Реал» 150 миллион тўлаши мумкин