08:52 / 03.02.2024
142

Ўтиш даврида болалар билан қандай муносабатда бўлиш керак?

Ўтиш даврида болалар билан қандай муносабатда бўлиш керак?
Ўтиш даври ёки ўсмирлик бу — боланинг катта инсонга айланишининг узоқ ва қийин босқичи. ЖССТ ўсмирларни 10 ёшдан 19 ёшгача бўлган болалар ва ёшлар деб белгилайди. Бу даврда инсон нафақат жисмонан, балки психологик жиҳатдан ҳам ўсади.

Ўсмирлик давридаги болаларнинг характери қандай бўлади?
Ўсмир икки томонлама босимга дуч келади: бир томондан гормонал, иккинчидан, у психологик жиҳатдан улғайиб, оиласидан ажралиб чиқади. Ўсмирлар миясида ҳақиқий инқилоб содир бўлади, бу қуйидаги хатти-ҳаракатларда намоён бўлади.

Улар қарашлардан жуда хижолат тортади
Ўсмирлар тенгдошлари ёки ота-оналари уларни кузатаётганини билса, ташвишланади. Улар ҳатто бирор нарсага диққат қаратганда ҳам терлаши мумкин.

Улар атрофидагилар таъсири остида фойдасиз қарорлар қабул қилади
13-16 ёшли ўсмир ўзи таваккал қилишга тайёр бўлмайди. Аммо тенгдошлари ичида бўлса, бу бошқа масала. Улар бошқалар олдида обрўсини йўқотишдан кўра, ўзларига зарар етказишни афзал кўради. Бундан ташқари, бу хатти-ҳаракат кейинги ёшда ҳам кузатилади – аниқроғи, 21 ёшгача.

14 ёшни энг хавфли ёш деб аташади: ўсмир тенгдошлари таъсирида таваккал қилишга ва нотўғри қарорлар қабул қилишга ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ мойил бўлади.

Уларнинг хотираси ёмонлашади
Баъзи тадқиқотлар шуни кўрсатадики, 12 ёшдан 14 ёшгача бўлган ўсмирлар хотираси сусаяди, натижада ўқишида муаммоларга дуч келиши мумкин. Кўпинча бу гормонал ўзгаришлар билан боғлиқ бўлади.

Уларни жазолаш билан қўрқитиб бўлмайди
Нейропсихологлар 12 -17 ёшдагиларга яхши ўқиш учун энг мақбул рағбат мукофот эканлигини аниқлади. Аммо ўсмирлар 18-32 ёшдаги одамларга қараганда жазога кескин муносабатда бўлади.


Улар ўзини қидиради
Бу даврда ўсмир ўзининг “мен”ини қидиради, шунинг учун ташқи кўриниш билан тажриба қилиш тенденцияси: сочларни бўяш, татуировка қилиш, ноодатий кийиниш кучаяди.

Бундай даврда ўсмир билан қандай мулоқот қилиш керак?
Балоғат даврини ҳеч ким четлаб ўтолмайди. Фарзандингиз улғаймоқда, сиздан узоқлашмоқда ва бу нормал ҳолат. Ўсмирнинг ўзини топиши ва мустақил бўлишга уринишларини рағбатлантириб, уни аста-секин қўйиб юборишга тайёр бўлинг.

Бу ёшдаги ўзингизни эсланг
Албатта, сиз ҳам фаришта бўлмагансиз, сиз ҳам ота-онангизнинг асабларини бузгансиз. Агар ўзингизни ўсмирдек ҳис қилсангиз, гормонлар ва тенгдошларнинг фикри билан бошқариладиган болангиз билан гаплашиш осонроқ бўлади.

Фарзандингизнинг севимли машғулотларини қўллаб-қувватланг
Агар фарзандингиз ўзини қизиқтирган нарса ҳақида сиз билан гаплашишга тайёр бўлса, ажойиб. Бу шуни англатадики, гормонал бўронларга қарамай, орангиздаги алоқа сақланиб қолган. Бундай пайтда унинг танлови ва самимий қизиқишига ҳурмат кўрсатиш кифоя.

Унга янги танаси билан келишишига ёрдам беринг
Ўсмир учун жуда тез ўзгариб турадиган янги танаси билан курашиш осон эмас. Ҳеч қачон унинг ташқи кўринишини танқид қилманг. Аксинча, унга ўзининг янги шахсини қабул қилишига ва севишига ёрдам беринг. Унинг ўз-ўзини қадрлашини қўллаб-қувватланг, бошқа одамлар билан солиштирманг. Спортга рағбатлантиринг, бирга стадионга ёки спорт залига боринг.

​ Саволлар ва маслаҳатлар билан жонига тегманг
Ўсмирлар кўпинча ҳаддан ташқари ғамхўрлик, маслаҳатлар ва сўроқларга ўхшаш суҳбатлардан жаҳли чиқади. Агар бола истакциз жавоб берса, тактикани ўзгартиринг.

Камроқ гапиринг, кўпроқ тингланг ва унга гапириш имкониятини беринг. У билан катталар каби суҳбат қуринг.


Хато қилишга рухсат беринг
Фарзандингизни қаттиқ назорат остида ушламанг, унинг учун ҳамма нарсани ҳал қилишни тўхтатинг. Сиз маслаҳат беришингиз, нотўғри қадамнинг мумкин бўлган оқибатлари ҳақида гапиришингиз мумкин, лекин ўсмирга муаммога дуч келишига имкон беринг. Аксарият ҳолларда у бундан сабоқ олади. Шунчаки уни: “Мен сенга айтгандим” деган жумла билан тугатманг.

Кўпроқ қучоқланг
Ўсмир қанчалик қайсар ва асабий бўлиб кўринмасин, у вақти-вақти билан ота-онасининг меҳрига муҳтож. Бағрига босиш — ғамхўрлик ва хавфсизлик белгиси. Муҳими, уни омма кўз ўнгида айниқса, тенгдошлари олдида эркалаб, қучоқламанг.

Фарзандингизни қандай бўлса, шундай қабул қилинг
Аслида бу қоида нафақат ўсмир билан, балки ҳар қандай одам билан мулоқот қилиш учун қўлланилади. Фарзандингизни ўз муносабатингиз ва қарашларингизга мувофиқ қайта ясашга уринманг. У қандай бўлишидан қатъи назар, меҳр бериш керак бўлган алоҳида одам.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият