21:50 / 24.08.2024
11

Шавкат Мирзиёев: “Озарбайжон — бизнинг муҳим стратегик ҳамкоримиз”

Шавкат Мирзиёев: “Озарбайжон — бизнинг муҳим стратегик ҳамкоримиз”
Ўзбекистоннинг халқаро ҳамжамиятда иттифоқчи дўстлари сафи яна биттага кўпайди. 22—23 август кунлари Озарбайжон президенти Илҳом Алиевнинг Ўзбекистонга давлат ташрифи давомида икки мамлакат ўртасида иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартнома имзоланди.

Бу вақтга қадар Ўзбекистон минтақадаги қўшнилари Қозоғистон ва Тожикистон билан иттифоқдошлик тўғрисида шартнома имзолаган эди. Хўш, иттифоқчилик ва стратегик шерикликнинг фарқи нимада? Иттифоқчи давлатлар зиммасига қандай мажбуриятларни олади?

Сиёсатшунос Фарҳод Толипов ушбу саволга жавоб берар экан, икки мамлакат ўртасидаги муносабатлар жадал суръатлар билан ривожланиб, ўзаро ишончнинг ортиши натижасида иттифоқчилик шаклланишини, иттифоқчи давлатлар биргаликда хавфсизлик ҳамда ҳарбий соҳада умумий сиёсат юритишини таъкидлади.

Шу вақтга қадар Ўзбекистон Марказий Осиёдаги барча мамлакатлар билан стратегик шериклик тўғрисида шартнома имзолаган. Ўзбекистон ҳозирча минтақа давлатларидан фақат Қозоғистон ва Тожикистон билан иттифоқчилик ҳақида шартнома имзоланган. Аслида давлатлар ўртасида стратегик шериклик, дегани 3-4 кўрсаткичлар билан ажралиб турадиган муносабатлар тарзи ҳисобланади. Стратегик шериклар ўзларининг ҳамкорликларини кенг қамровли қилган ҳолда, узоқ муддатни мўлжал қилади.

Шунингдек, стратегик шерик мамлакатлар ўзининг ташқи сиёсатида глобал дунёдаги йирик муаммолар бўйича, позицияларини бир-бирига яқинлаштиради. Яъни стратегик шерик ҳисобланган давлатлар ташқи сиёсатда бир-бирига зид тарзда ҳаракат қилмайди. Бу ҳамкорлик алоқалари янада ўсиб, равнақ топиб боргани сари ўзаро ишонч юқори даражага кўтарилиб, иттифоқдошлик муносабати шаклланади.

Иттифоқчилик тўғрисидаги шартномани имзолаган давлатлар хавфсизлик ва ҳарбий соҳада умумий сиёсат юритади. Агар иттифоқчи давлатларни бирига ташқи таҳдид хавф солса, иккинчи иттифоқдош давлат унга ҳарбий кўмак беради. Яъни ташқи хавфга қарши елкама-елка қарши курашади. Мана шу иттифоқчилик ҳисобланади
”, дейди Фарҳод Толипов.

Бугунги кунда Яқин Шарқ минтақасидаги кескин ҳолат ва Украинадаги уруш натижасида қуруқлик йўлларига бўлган талабни янада оширди. Ўзбекистон Европага чиқиш учун Озарбайжондан ўтадиган Боку—Тбилиси—Карс қуруқлик йўлагидан фойдаланмоқчи.

Ўзбекистон Халқаро алоқалар бўйича ахборот-таҳлил маркази директори Санжар Валиев “Дарё” саволига жавоб берар экан, транспорт йўлакларидан ҳамкорликда фойдаланиш масаласида шундай деди:

Озарбайжон мамлакат ҳудудини Жанубий Кавказдаги транспорт марказига айлантириш учун кўп саъй-ҳаракатларни амалга оширмоқда. Каспий денгизида порт инфратузилмаси ривожланмоқда, Боку—Тбилиси—Карс қуруқлик йўлаги мавжуд, янги коммуникация лойиҳалари ишлаб чиқилмоқда. Шу боис Озарбайжон инфратузилмасидан Европа ва Яқин Шарқ билан савдони ривожлантириш учун ҳамкорлик қилиш Ўзбекистон учун жуда муҳим.

Ўз навбатида биз Марказий Осиёда жуда жозибали йўллар тармоғига эгамиз. Афғонистонга ягона темир йўл Ўзбекистондан ўтади. Бизнинг саъй-ҳаракатларимиз билан Хитой ва Покистонга темир йўл қурилишини бошлаш бўйича ишларнинг чуқур босқичига етдик. Булар дунёдаги иккита йирик истеъмол бозорига – Жанубий (Ҳиндистон билан) ва Шарқий Осиёга (Хитой билан) кириш учун жуда жиддий лойиҳалардир
.

Ўрта йўлак
Фото: “экономстрождом.ru”

Шундай қилиб, ҳар икки давлатнинг мавжуд ва келажакдаги транспорт инфратузилмаси ўзаро манфаатли ҳамкорлик учун қўшимча платформа яратади ва қитъадаги асосий минтақаларнинг ўзаро боғлиқлигини мустаҳкамлайди.

Бошқа бир сиёсатшунос Фарҳод Каримов Озарбайжон президентининг Ўзбекистонга расмий давлат ташрифининг аҳамияти ҳақида тўхталиб, икки мамлакат ўзининг имкониятларидан тўлиқ фойдаланмаётганини айтиб ўтди.

Ўзбекистон ва Озарбайжон муносабатлари тарихий асосларга эга. Мисол учун, Алишер Навоий Низомиддин Ганжавийнинг ‘Хамса’ асаридан илҳомланиб, ўзининг ‘Хамса’сини яратган. Туркий тилни ривож топишида ўзбек ва озарбайжон халқларининг тарихий илдизлари муҳим аҳамият касб этган. Бундан ташқари, савдо-муносабатларида Боку шаҳрида Бухоро карвонсаройлари бўлган. Яъни қариндошлик алоқалари сақланиб қолган.

Озарбайжон билан яхши алоқалар йўлга қўйилган бўлса-да, лекин ҳали имкониятлардан тўлиқ фойдалана олганимизча йўқ. Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги савдо ҳажми бир неча миллион долларни ташкил қилади халос. Яъни, биз имкониятларнинг ўндан бирини ҳам фойдаланмадик
”, дейди сиёсатшунос.

Фото: “Дарё” / Мадина Нурман
Фарҳод Каримовнинг қўшимча қилишича, Ўзбекистон Боку орқали Қора денгиз ва Ўрта ер денгизига чиқиш имкониятига эга бўлади.

2023 йилнинг август ойида Озарбайжон президенти Илҳом Алиевнинг таклифига биноан Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Озарбайжонга давлат ташрифи билан борган эди. Ушбу учрашувда тадбиркорлик ва инвестицион дастурларни алмашиш масалалари кўриб чиқилганди. Ўшанда 400 миллион долларлик шартнома имзоланган.

Ва шу билан бирга, Боку—Тбилиси—Карс йўналишидаги транспорт йўлагидан фойдаланиш масаласи муҳокама қилинган эди. Бу йўл орқали Ўзбекистон Қора денгиз ва Ўрта ер денгизига чиқади. Бу Ўзбекистон учун жуда ҳам муҳим ҳисобланади. Лекин бу ерда ўзига яраша муаммолар мавжуд. Озарбайжон ушбу муаммоларни минтақадаги куч марказлари Туркия ёки Россия орқали ечишга ҳаракат қилмоқда. Ўзбекистон фурсатни қўлдан бой бермасдан шу жараёнда бевосита иштирок этмоқда. Яъни, Ўзбекистон бу ҳудуддан ўтувчи йўлакларни шаклланишида иштирокчи сифатида қатнашмоқчи
”, дейди у.

Расмий учрашувлар якунига етгач, икки қардош мамлакатнинг санъат вакиллари иштирокида концерт дастури бўлиб ўтди. Шундан сўнг Озарбайжон президентининг Ўзбекистонга давлат ташрифи ўз ниҳоясига етди. Илҳом Алиев ва унинг рафиқасини Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов кузатиб қўйди.

Маълумот ўрнида, 1995 йилда Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилган. Шундан бир йил ўтиб, аниқроғи, 1996 йилда Тошкентда Озарбайжон элчихонаси, 1998 йилда эса Бокуда Ўзбекистон элчихонаси очилган.

Ҳайдар Алиев ва Ислом Каримов
Фото: “авcия.аз”

1997 йилда Озарбайжоннинг умумхалқ етакчиси Ҳайдар Алиевнинг Ўзбекистонга ташрифи давомида икки мамлакат ўртасида 19 та ҳужжат имзоланган. 2004 йил Озарбайжон президенти Илҳом Алиев Ўзбекистонга давлат ташрифини амалга оширган. Ташриф давомида давлатлар ўртасидаги стратегик шерикликни янада мустаҳкамлашга доир декларация имзоланган. 2017—2022 йиллар икки мамлакат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 29 млн доллардан 181,2 млн долларга ошган.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Шавкат Мирзиёев: “Озарбайжон — бизнинг муҳим стратегик ҳамкоримиз”