
Тошкент вилояти Оққўрғон туманидаги Қанғқа шаҳарчасида олиб борилган режалаштирилган археологик тадқиқотлар давомида V–VIII асрларга оид деб тахмин қилинаётган ибодатхона мажмуаси қолдиқлари ва металл зирҳлар топилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Фанлар академияси Тарих институтидан маълум қилинди. 
Мазкур тадқиқотлар Қанғқа шаҳарчасини “очиқ осмон остидаги музей” сифатида ташкил этиш бўйича давлат дастури доирасида амалга оширилмоқда. 500 гектарга яқин майдонни эгаллаган ушбу археологик ёдгорлик қадимги Қанғ давлати ва Тошкент воҳасининг илк пойтахти ҳисобланади. 
Баъзи тадқиқотчилар Қанғқани муқаддас “Авесто” матнларида тилга олинган афсонавий Қанғдиз ва “Шоҳнома” достонидаги Қанғдиз билан боғлашади. Топилмалар “Ҳарбий тарих маркази” ва “Қадимги дунё тарихи” бўлими томонидан шаҳарча цитаделининг қуйи маданий қатламларини ўрганиш жараёнида аниқланган. 
Дастлабки тахминларга кўра, зирҳ қолдиқлари диний маросим учун аталган қурбонлик бўлиши мумкин. Қадимда минтақада заргарлар томонидан яратилган энг қимматбаҳо буюмларни ибодатхоналарга ҳадя қилиш одати бўлган. 
Масалан, Бойкент ибодатхонасидаги қазишмалар вақтида ҳам шундай ҳолатлар қайд этилган эди. Мутахассислар бу топилма Марказий Осиёда илк ўрта асрларда яшаган туркий халқларнинг ҳарбий маданияти ва диний амалиётларини янада чуқур ўрганиш учун алоҳида илмий аҳамиятга эга эканини таъкидлашмоқда. 
Қанғқа шаҳарчаси аввал ҳам бу борада муҳим маълумотлар берган. Масалан, 2021 йили мазкур ибодатхона мажмуаси кириш қисмида от жабдуқларининг элементлари топилган эди. 
Янги кашфиётлар ўша давр ҳарбий ҳунармандчилигининг юксак даражада ривожланганини ва диний маросимлар мураккаблигини тасдиқлайди.
Тошкент вилоятида қадимий зирҳлар топилди
Ctrl
 Enter
 Хато топдингизми? 
 Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар
  
  
  
  
  
  
  
  
  
  
  
  
  
  
 