16:06 / 01.09.2024
66

Илк ўзбек маршали. Алихонтўра Соғуний ким бўлган?

Илк ўзбек маршали. Алихонтўра Соғуний ким бўлган?
“Тарихдан ҳикоялар” рукнида бу гал Алихонтўра Соғунийнинг ҳаёт йўли ҳақида ҳикоя қилинади.

Болалик даври

Алихонтўра Соғуний 1885 йилда Туркистон ўлкасининг Тўқмоқ шаҳрида деҳқончилик билан шуғулланувчи ўзбек оиласида туғилган. Бу шаҳар ҳозирги Қирғизистон ҳудудида жойлашган. Алихонтўра ўзининг адабий тахаллусини она шаҳрининг қадимий номи Боласоғун билан боғлаган. Отаси Шокирхонтўра даврининг ўқимишли кишиларидан бўлган. У ўғлининг илм олишига алоҳида эътибор қаратади. Алихонтўра аввалига Бухоро шаҳридаги “Мир Араб” мадрасасида, кейинчалик эса Мадинадаги дорулфунунлардан бирида таҳсил олади. Табиатан заковатли, зийрак, янгиликка ўч бўлган ёш Алихонтўра Туркистонга қайтиб келганидан кейин юртдаги ижтимоий-сиёсий жараёнларга фаол тарзда аралаша бошлайди.

Биринчи жаҳон уруши давом этаётган бир паллада Туркистон халқи фронт ортидаги хизматлар учун мардикорликка олина бошлайди. Мустабид босқинчиларнинг олиб бораётган сиёсатига қарши чиққани учун бўлажак сиёсатчи рус подшоҳининг махфий полицияси назоратига тушиб қолади.

1916 йили халқ қўзғолони шафқатсизларча бостирилгач, қирғинбарот ва зўрлик авж олиб, босқинчилар эркин фикрли зиёли кишиларни ваҳшийларча қириб, қамай бошлайди. Шундан кейин Алихонтўра мамлакатда қолиш хавфлилигини сезиб, Хитой назоратидаги Қашқар шаҳрига кетишга мажбур бўлади. Кейинроқ Шарқий Туркистоннинг бошқа бир йирик шаҳри Ғулжага боради.

Шарқий Туркистон жумҳуриятининг тузилиши

Шарқий Туркистон ҳудудида тарихан уйғурлар ва кам сонли бошқа миллатлар: қозоқлар, қирғизлар, тожиклар ва ўзбеклар истиқомат қилиб келишган. XVI-XVII асрларда бу ҳудудда Уйғур хонлиги, яъни Яркент давлати бўлган. 1759 йилда ўша пайтда Хитойда ҳукмронлик қилаётган Қинг сулоласи Шарқий Туркистонни босиб олиб, ҳудудни мустамлакага айлантиради. Узоқ давом этган қаршилик ҳаракатлари натижасида 1864 йили Манжур-Хитой қўшинлари қувиб чиқарилган ва уйғурлар “Еттишаҳар” номи билан янги мустақил давлатини тиклаган. Лекин бу мустақиллик узоқ давом этмайди. 1876 йилда Хитой қўшинлари яна бостириб киришди. 8 йиллик қонли урушдан кейин Шарқий Туркистон ҳудуди Хитой таркибига қайта қўшиб олинади ва бу ерларга “янги чегара” маъносини англатувчи Синсян ёки Шинжон номи берилади.

“Шарқий Туркистон” номи билан ҳам машҳур бўлган Уйғур автоном вилояти.
Шарқий Туркистондаги миллий озодлик ҳаракатлари ХХ асрда ҳам давом этган. Қайноқ сиёсий жараёнлар кечаётган бир пайтда бу ҳудудга келиб қолган Алихонтўра уйғур халқининг миллий-озодлик ҳаракатига қўшилади. Халқ орасида юртни озод қилиш ғояларини фаол тарғиб қилгани сабабли, 1937 йилда Хитой маъмурлари томонидан ҳибсга олиниб, умрбод қамоқ жазосига ҳукм этилди. Соғуний қамоқда 4 йил бўлади. Бу даврда ҳам у озодлик ҳаракатини ғоявий жиҳатдан фаол тарзда қўллаб-қувватлашни давом эттиради. 1941 йилда адлиявий тафтиш натижасида Алихонтўра озод қилинади.

Алихонтўра Соғуний, 1944 йил
Шундан кейин Алихонтўра бошлиқ шарқий туркистонликлар юртни озод қилиш учун умумхалқ курашини бошлаб юборишади. 1943 йилда “Шарқий Туркистон Озодлик Ташкилоти” тузилади. 1944 йил 7–10 ноябр кунлари Ғулжада бўлиб ўтган қуролли қўзғолон ғалаба қозонади. Чан Кайши ва гоминданчилар армияси кетма-кет жангларда мағлуб этилади ва улар чекина бошлайди.

1944 йил 12 ноябрда Шарқий Туркистон жумҳурияти эълон қилиниб, Алихонтўра Муваққат инқилобий ҳукумат раислигига сайланган. Миллий қўшинни тузиш, уни қуроллантириш ва таркибини мустаҳкамлаш ишларининг ташаббускори сифатида Алихонтўра қўшин бош қўмондони этиб тайинланган ва унга “маршал” олий ҳарбий унвони берилган.

Алихонтўра ҳукумат аъзолари билан, 1945 йил.
Соғунийнинг Тошкентга ўғирлаб келиниши

Шарқий Туркистондаги исённи совет ҳукумати ҳам қўллаб-қувватлаган эди. Лекин жумҳурият ташкил этилганидан кейин кўп ўтмай Алихонтўра ва Сталин ўртасида келишмовчилик юзага келади. Алихонтўра Сталиннинг Урумчига юришни тўхтатиш ҳақидаги буйруғига қарши чиқади, лекин армиядаги аксарият етакчиларнинг фикри билан юришни тўхтатиб, советлар воситачилигида Хитой билан музокараларга рози бўлишдан бошқа иложи қолмайди.

Шарқий Туркистон жумҳурияти тузилганидан 19 ой ўтиб, 1946 йил 10 июнида жумҳурият ва Хитой расмийлари ўртасида Урумчида тинчлик битими имзоланади. Битим тузилганидан кейин саноқли кунлар ичида КГБ Алихонтўрани ўғирлаб кетган. Сиёсатчи яширин ва мажбурий тарзда Тошкентга олиб келиниб, уй қамоғига ташланади. Бу вақтда у 61 ёшда эди.

Чапдан ўнгга; Алихонтўра Сағуний, иккинчи ўғли Асилхон, бешинчи ўғли Қутлуғхон, жияни Юсуфхон (ўнгда) ва катта ўғли Ғаффорхон, 1960 йиллар.
Катта сиёсий ҳаётдан узиб қўйилган Алихонтўра умрининг қолган қисмида ижод билан шуғулланади. Вафотига қадар, 30 йилга яқин вақт давомида бир қанча бебаҳо асарлар ёзади, форс ва араб тилларидаги бир қатор нодир асарларни ўзбек тилига таржима қилади.

Илмий мероси

Алихонтўра Соғуний тарихни, айниқса, ислом тарихи ва Туркистон тарихини ўрганган ўткир зеҳнли олим эди. У 1954–1961 йиллар оралиғида ўзининг кўпйиллик ижодий меҳнати маҳсули бўлган “Тарихи Муҳаммадий” асарини ёзади. Аммо совет тузуми бу асарни босиб чиқаришга рухсат бермайди. Бу китоб фақатгина мустақилликдан кейин, 1991 йилда Алихонтўранинг авлодлари томонидан нашр этилган. Китоб пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам тарихлари билан таништиришга бағишланган. Айни мустақилликнинг илк йилларида бу асарнинг пайдо бўлиши узоқ йиллар диний тақиқлар остида яшаган миллатнинг маънавий юксалишида жуда катта аҳамият касб этади.

Шундан кейин олимнинг етти йил мобайнида ёзилган “Туркистон қайғуси” тарихий-публицистик асари дунёга келади. Асар 1917–1950 йиллар мобайнида Ғарбий ва Шарқий Туркистонда содир бўлган воқеаларнинг кўпчиликка маълум бўлмаган томонларини очиб беради. Хусусан, Алихонтўра Туркистон халқи қандай қилиб мустабид тузумга қарам бўлиб қолганини давлат арбоби сифатида сиёсий ва ижтимоий жиҳатдан таҳлил қилади. Шунингдек, асарда Марказий Осиё халқларининг XIX аср охирларигача бўлган даврдаги давлатчилик тарихи, Амир Темур ва туркий халқларнинг келиб чиқишига доир қимматли маълумотлар ҳам келтирилади. Китобнинг иккинчи қисми эса Шарқий Туркистон Жумҳуриятининг юзага келиши ва пароканда бўлиш сабабларига бағишланган.

Фото: Kitobchi.uz
Бундан ташқари, Алихонтўра шеърий асарларини тўплаб, “Девоний Соғуний” девонини тузди, табобатга бағишланган “Шифаъул-илал” асарини ёзади.

Алихонтўранинг яна бир энг катта хизмати – у советлар томонидан Амир Темур шахсиятига қўйилган қатор айбловлар асоссиз эканини далиллар билан исботлаб берган. Шўро ҳукумати эса саркардани қонхўр ва жоҳил қилиб кўрсатиб келган. 1967 йилда Соғуний “Темур тузуклари” асарини форсийдан таржима қилиб, “Гулистон” журналида чоп қила бошлайди. Аммо адолат юзага чиқаётганидан қўрққан ўша даврнинг айрим раҳбарлари асарни охиригача нашр қилишга қаршилик кўрсатади.

Аҳмад Донишнинг “Нодир воқеалар”, Ҳерман Вамберининг “Мовароуннаҳр ёки Бухоро тарихи”, Дарвиш Али Чангийнинг “Мусиқа рисоласи” каби асарлар ҳам Алихонтўра Соғуний томонидан ўзбек тилига таржима қилинган. Соғуний миллий тилни миллий туйғунинг асосий бўғини деб билади; она тилининг қадри қанчалик баланд бўлса, миллатнинг мавқейи шунчалик баланд бўлади, миллий туйғу сақланиб қолади, деб ҳисоблаган.

Ҳам диний, ҳам дунёвий жиҳатдан катта илмга эга ижодкор ва давлат арбоби Алихонтўра Соғуний 1976 йилда, 91 ёшида вафот этади.

Ўзбекистон мустақилликка эришгач, Соғуний томонидан ёзилган ва таржима қилинган асарларни нашр қилишга қўйилган тақиқ олиб ташланди. Хотирасини абадийлаштириш мақсадида Тошкент шаҳрининг Яккасарой туманидаги ўрта мактаб, Чилонзор туманидаги маҳалла, Шайхонтоҳур туманидаги кўчага унинг номи берилди.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Илк ўзбек маршали. Алихонтўра Соғуний ким бўлган?