15:48 / 10.11.2024
148

Амирларни қўғирчоқ қилган Дониёлбий оталиқ аслида ким эди?

Амирларни қўғирчоқ қилган Дониёлбий оталиқ аслида ким эди?
Канизаклардан бири гўзалликда мисли йўқ маликадан сўрашга зўрға жазм этди:

– Эй, маликаи жаҳон. Уч соҳиби давлатнинг оғушида ором олдинг. Уларнинг ҳар биридин қайси хислат таъбингга мувофиқ бўлиб, сабаби шодмонлиғ бўлди?

Канизаклар даврасидаги турли мавзудаги суҳбатларга ўрганиб қолган Жаҳон подшоҳ ойим бу саволга нозу карашма билан оҳиста шундай жавоб берди:

– Ҳуснни Элбарсхонда кўрдум, хулқи хушни Раҳимхонда кўрдум, лаззати жимоъни Дониёл оталиқдан топдим...

Малика ўша пайтгача уч марта эрга теккан – Хива хони Элбарсхон, Бухоро ҳукмдори Раҳимхон ва Дониёл оталиққа турмушга чиққан, канизагининг саволига эса ҳар бир эрининг хислатини айтиб берган эди. Лаззатни оталиқдан топдим, дея тан бергани эса Бухорода ҳокимият жиловини қўлига олган шахс Дониёлбий эди.

XVIII асрнинг иккинчи ярмида Бухоро хонлигида ижтимоий-сиёсий мувозанат бузилиб, сарой ўйинлари авж олган эди. Тахт учун курашдек сиёсат саҳнига дам у, дам бу гуруҳ вакили чиқиб турган пайтлар...

Шайбонийлар, аштархонийлар сулоласининг заифлашганидан манғит уруғига мансуб бир гуруҳ кишилар ҳокимиятни қўлга олди. Шу тахлит ғайратли ва қаттиқўл сиёсатчи Муҳаммад Раҳимхон 1747 йили Бухоро тахтига чиқиб, амир мақомида давлатни бошқара бошлади. Унинг ҳокимият тепасига келишига ёрдам берган шахс амакиси Дониёлбий оталиқ эди.

Дониёлбий узоқ йиллар давомида Бухоро ҳудудида энг катта таъсирга эга бўлган нуфузли Муҳаммад Ҳакимхон оталиқнинг туғишган укаси бўлиб, манғит уруғига мансуб эди. Ҳакимхоннинг вафотидан сўнг Дониёлбийга, шунингдек, салтанат ишларига таъсирини ўтказиб юришдек сиёсий фаоллик ҳам унга мерос бўлиб қолди.

1758 йили Муҳаммад Раҳимхон 45 ёшида вафот этгач, Дониёлбий унинг олти ёшли Фозилтўра исмли неварасини номигагина тахтга ўтқазиб, ўзи давлатни бошқара бошлади. Аммо олти ёшли амир ва унинг суянчи Дониёлбий оталиқнинг бу тарзда сиёсат юритишидан норози бўлиб, 1758–1760 йилларда Ўратепа, Нурота, Ҳисор ва Кармана беклари ғалаён бошладилар. Вазиятнинг издан чиқишини сезган Дониёлбий исёнкор беклар билан музокара бошлаб, олти ёшли амирни тахтдан тушириб, Қаршига ҳоким қилиб жўнатди. Тахтга юқоридаги сулола ва Раҳимхонлар оиласига мансуб Абулғозини номигагина хон қилиб кўтарди.

Бу пайтда Дониёлбий ўз атрофига садоқатли бўлиб туюлган Давлат қушбеги, Низомиддин қозикалонларни тўплаган эди. Аммо улар ғалаёнлар билан овора бўлиб юрган Дониёлбийнинг Бухорода йўқлигидан фойдаланиб, хазинани ўмаришни бошладилар. Шу туфайли халқ ўртасида Дониёлбийнинг аслида улар билан тили бир, шунинг учун ҳам жазоламаяпти, деган миш-мишлар пайдо бўлди. Кейинчалик Дониёлбийнинг эътиқодли ўғли Шоҳ Мурод бу каби миш-мишларни асосли деб ўйлаб, ҳар иккала нафсхўр амалдорни ўлдириб юборди.

Дониёлбий эса мулоҳазали, ақл-идрокли шахс бўлгани билан қаттиққўллик қилмас, кечиримли инсон эди. У кўпинча Бухорога бўйсунишдан бош тортган Шаҳрисабз ва Кенагас беклари билан музокара олиб бориб, бу интилишлар самараси ўлароқ, амирликда барқарорлик ҳукм сурди.

Фитрат «Амир Олимхоннинг ҳукмронлик даври» асарида ундан олдинги манғит амирлари фаолиятига ҳам тўхталиб, шундай ёзган: «Дониёлбий йигирма етти йил ҳукмдорлик қилиб, шаъбон ойида вафот этди».

Ҳа, у номигагина бошқаларни тахтга ўтқазиб, амалда оталиқ унвони билан давлатни ўзи бошқарган. Шунга қарамай, Бухоро тарихига оид айрим асарларда Дониёлбий амир сифатида қайд этилган. Унинг йигирма етти йиллик ҳукмдорлик даврида тахтда Фозил ва Абулғози исмли қўғирчоқ амирлар ўтирган, улар Дониёлбий оталиқнинг хоҳиш-истагига қараб сиёсат юритганлар.

Дониёлбийнинг амакиси, марҳум амир Муҳаммад Раҳимхоннинг гўзал беваси Жаҳон ойимга уйланиши ўша вақтда катта шов-шувга сабаб бўлди. Жаҳон ойим унгача Хива хони Элбарсхонга ҳам турмушга чиққан бўлиб, Дониёлбий унинг учинчи эри эди. Бундан ташқари, Дониёлбийнинг яна кўплаб хотинлари бўлган. Фарзанди Шоҳ Мурод ўзининг эътиқоди, меҳнаткаш инсонлиги билан донг таратганди.

1785 йили Дониёлбий оталиқ вафот этгач, Шоҳ Мурод отасидек ўзи четда туриб, бошқанинг номи билан давлатни бошқаришни номақбул деб топди. Шу сабаб у ўша йили манғит уруғига мансуб амир сифатида давлатчилик сиёсатини юрита бошлади.

Умид Бекмуҳаммад,
тарих фанлари бўйича фалсафа доктори, доцент.

Манба: Xabar.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Амирларни қўғирчоқ қилган Дониёлбий оталиқ аслида ким эди?