«Уйланиш ва уйланмаслик хусусида», «Нечта хотинга уйланиш мумкин?..», «Уйланмоқ зарур бўлганда қандай хотинни танлаш лозим?..», «Бўлажак эр-хотин биринчи навбатда нималарга аҳамият берсин?...» Ушбу иқтибослар Фитратнинг 1915 йилда чоп этилган «Оила «номли китобидан олинган. Жадидчилик ҳаракати намояндаларидан бири бўлган Абдурауф Фитрат мазкур асарида оиланинг жамиятда тутган ўрнига тўхталиб, бир талай саволларга жавоб берган, мавзуни кенг изоҳлаб ўтган эди...
Савол туғилади: хўш, Фитратнинг ўзи кимга уйланган?
1937 йил 22 июлда тўлдирилган «маҳбуслик анкетаси» да Фитратнинг 1886 йилда Бухорода туғилгани, қамоққа олингунча Тошкент шаҳри, Гулистон кўчаси, 116-уйда яшагани қайд этилган. Оила таркибида 25 ёшли хотини Ҳикматой Фитратова, 70 ёшли онаси, етти ёшли қизи Севара Фитратовалар борлиги ёзилган.
Абдурауф Фитрат чор истибдоди асосида ушлаб турилган, ҳар томонлама қолоқ Бухоро амирлигида, ғоят нуфузли савдогар Абдураҳимбой оиласида таваллуд топган эди. Савдо-сотиқ ишлари билан Қашқар, Эрон, Туркияга қатнайдиган бойнинг Абдурауфдан бошқа яна Абдураҳмон ва Маҳбуба исмли фарзандлари бўлган. Улар орасида тўнғич ўғли Абдурауф ўзига Фитрат тахаллусини танлаб, ўзбек илм-фани, адабиётидаги етук сиймолардан бирига айланди. Шунингдек, кенжа фарзанд Маҳбубанинг ҳам ижодкор бўлгани тарихий манбаларда қайд этилган.
Миллат истиқболини ўйлаган, халқини зулматдан олиб чиқишга бел боғлаган Фитрат 1909–1913 йилларда Истанбул университетида таҳсил олди. У Бухоро жадидларининг тараққийпарвар сардорларидан, Бухоро халқ республикасининг нозири, ўзбеклардан чиққан илк профессори эди. Фитрат 1937 йили халқ душмани сифатида қамоққа олинади. Бир умр эл-юртини ўйлаган зот шўро сиёсатининг найранглари туфайли душманга айланди.
Фитрат 1937 йил 24 апрел куни ҳибсга олинган. Орадан беш ой ўтиб, 22 сентябр куни Ҳикматой Фитратовани ҳам ҳибсга олишди. Ваҳоланки, улар 1936 йилнинг 29 сентябрида расман ажрашган эдилар. Бироқ шўро ҳукумати учун қачонлардир «халқ душмани»нинг хотини бўлган аёлни ҳам қамоққа олиш зарур эди. Чунки, у ўз эри ҳақида, таниш-билишлари тўғрисида кўп маълумотларни билиши мумкин эди.
Ҳикматойнинг қизлик фамилияси Қандова бўлиб, 1912 йили Бухорода савдогар оиласида туғилган. Биринчи эри Нуруллохўжа ҳам бадавлат тижоратчилардан эди. Ҳикматой 1932 йили Абдурауф Фитрат билан турмуш қурган ва Тошкентдаги Чакар мавзесида 1936 йилгача бирга яшаган. Ўша йили 29 сентябрда эса бизга номаълум сабабларга кўра ажрашишган. Бу ҳақдаги ФҲДЁ қайди Фитратнинг паспортига ҳам ёзилган эди. Хуллас, Фитрат билан уч йил бирга яшагани учун Ҳикматой қамоқхонада азоб-уқубат тортишга, терговчиларнинг саволига жавоб беришга мажбур бўлди.
Ҳикматой ҳибсга олинганида, унга тегишли олтмиш саккизта уй буюми, 187 номдан иборат жиҳоз ва анжом, тилла зирак, узуклар ҳам мусодара қилинди. Гарчи Фитрат ва Ҳикматой 1936 йилда ажрашишган ва бу ҳақдаги ФҲДЁ расмий қайди адиб паспортида кўрсатилган бўлса-да, улар Фитрат қамалган вақт, яъни 1937 йил апрелигача бирга, бир уйда яшаб келишган. Хўш, нима учун?
Ҳикматой Фитратнинг 1937 йил 15 октябрда терговчи саволларига берган жавобига кўра, профессор Фитратнинг энг яқин дўсти Файзулла Хўжаев, Мўминжон Аминовлар, улар ажрашишмоқчи бўлганларида орага тушишган. Иккала дўст акасининг уйида яшаётган Ҳикматойни Фитрат билан яраштиришган ва улар яна бирга яшай бошлашган.
Ҳикматой қамоқда ўтириб, терговчининг саволларига жавоб бераркан, Фитратнинг аксилинқилобий фаолияти тўғрисида бирорта ҳам фактни айтмаган. Тўғриси, у уйларига келадиган Чўлпон, Файзулла Хўжаев, Олим Юнусов, Мўминжон Аминовларни шунчаки дўстлар зиёрати, деб тушунганини билдирган.
Хуллас, у 1937 йил 22 сентябрда ҳибсга олинганидан 1938 йилнинг 30 декабригача қамоқ азобини тортди. 1939 йил киришига бир кун қолганида Ҳикматой Тошкентдан четга чиқмаслик шарти билан қамоқдан озод этилди. Бу пайтда қайнонаси, яъни Фитратнинг онаси Ўзбекистондан ташқаридаги ижтимоий таъминот тизими уйларидан бирига бадарға қилинган эди. Қизлари Севара эса болалар уйига жўнатилганди.
Ҳикматой қайтиб келгач, Севарани олиб, Гулистон кўчасидаги уйига борди. Аммо хонадон аллақачон кимгадир сотиб юборилган экан. Шу боис улар уй-жойсиз дарбадар ҳаёт кечира бошлашди. Фитрат эса 1938 йилнинг октябрида отиб ташланган эди. Хотини ва қизи унинг тақдиридан бехабар, ижарама-ижара зўрға кун кўра бошлашди...
Орадан йиллар ўтди. Сталиннинг ўлимидан сўнг, яъни 1956 йилда Ҳикматой опа эрининг тақдирига ойдинлик киритиш ниятида олий судга мурожаат қилди. Олий суд ҳарбий коллегияси, раиснинг ўринбосари, адлия полковниги В.Борисоглебский Фитрат хусусида икки нусхада маълумот тайёрлаб, бирини Ўзбекистон ИИВ бошқармасига, иккинчисини махсус бўлим бошлиғига юборди. Бироқ эрининг тақдирини билмоқчи бўлган Ҳикматойга маълумот берилмади.
Бундан ўкинган, умр йўлдошини сўнгги бор 1937 йилда кўрган Ҳикматой яна тегишли идораларга мурожаат қилди. Ниҳоят, олий суд ҳарбий коллегияси 1957 йилнинг биринчи августида мажлис ўтказиб, Фитрат иши юзасидан бош прокурорнинг хулосасини кўриб чиқди ҳамда 4 Н-07109157 рақамли ажрим чиқарди. Ажримда Фитратнинг «ҳеч қандай жиноят қилмаганлиги аниқланиб», унга нисбатан 1938 йил 5 октябрда чиқарилган ҳукм «бекор қилинади» ва «иш тўхтатилади» дейилган эди.
Қарангки, аёл эрининг машъум тақдиридан 1957 йил 10 ноябрдагина хабардор бўлди. Бу пайтда Ҳикматой ая Тошкент шаҳри, Собир Раҳимов кўчаси, 2-берк кўча, 6-уйда истиқомат қиларди.
Мозийнинг машъум қора кунларида Фитрат ва унинг хотини Ҳикматойнинг тақдири ана шундай кечган эди.
Умид Бекмуҳаммад,
тарих фанлари бўйича фалсафа доктори, доцент.
Манба: Xabar.uz “Замин” янгиликларини “Twitter”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Украиналик аскарлар Россия билан музокаралар олиб боришни исташмоқда
Япон психиатри қийинчиликларни қандай енгиш ва мазмунли яшаш сирларини айтди
Эрдўғон БМТни ислоҳ қилишга чақирди
Шойгу Россиянинг “ядро соябони” кимни ҳимоя қилишини айтди
100 млн сўмгача бўлган кредитлар соддалаштирилган тартибда ажратилади
Қайси навли мандаринлар энг ширин бўлади?
1 декабрдан қонунчиликда нималар ўзгаради?
Германия разведкаси раҳбари: “Россия яқин йилларда НАТОга ҳужум қилиши мумкин”