Аёлларнинг маош тўланадиган ишда ишламаслиги гендер тенгсизлик, эркакларнинг бунга қарши бўлиши каби маданий омиллар билан боғлиқлиги ҳақидаги стереотип кенг тарқалган. Лекин тадқиқотлар камбағал мамлакатларда аёлларнинг меҳнат бозорида фаол эмаслиги соф иқтисодий асосларга эга эканини кўрсатади.
Ўзбекистонда аёлларнинг ишламаслигини изоҳлаганда, асосан гендер тенгсизликка олиб келувчи омиллар, яъни патриархал тузум, оила аъзоларининг аралашуви, "мачо менталитети" каби консерватив тушунчалар сабаб қилиб кўрсатилади.
Кенг тарқалган нарративлар аёлларнинг ишламаслигига, масалан, қуйидагиларни сабаб қилиб кўрсатади:
- Жамият "мачо менталитет"га эга, яъни эркакларга қаратилган кутилмалар жуда кўп. Қолаверса, эркаклар кучли рашк туфайли аёлининг ишлашига қарши бўлади.
- "Аёллар камроқ қобилиятли, шунинг учун уларнинг жойи уйда" каби стереотиплар мавжуд.
- ""Ишлаш аёлнинг аёллик хусусиятларига путур етказади" каби стереотиплар ҳам кенг тарқалгани боис аёллар ҳақ тўланадиган ишларда ишламайди.
Тушунганингиздек, аёлларнинг ишламаслиги гендер тенгсизлиги ёки маданий нормативлар билан изоҳланади: консерватив қарашлар ва патриархал тузум туфайли, эркаклар аёлларнинг ишлашига тўсқинлик қилиши ёки уларнинг уй-рўзғор ишлари билан шуғулланишини талаб қилиши аёлларнинг меҳнат бозоридаги иштирокини чеклайди.
Жаҳон банкининг 2024 йилги "Ўзбекистонда гендер тенглиги таҳлили"га кўра, аёллар ўртасидаги иш ҳақи ва бандликнинг пастлиги иқтисодий ўсишга салбий таъсир кўрсатмоқда ва камбағалликни кучайтирмоқда. Агар хотин-қизлар иқтисодий фаолиятда эркаклар билан бирдек иштирок этса, Ўзбекистонда миллий даромад 29 фоизга ошар экан. Аёлларнинг эркаклар билан бир хил маош олишини таъминлаш эса 700 мингдан ортиқ одамни камбағалликдан чиқаришга ёрдам берар экан.
Сабабми ёки оқибат?
Юқорида санаб ўтилган ижтимоий нормативлар, аслида, иқтисодий шароитларнинг оқибати бўлиши мумкин. Аёлларнинг ишламаслиги, Ўзбекистон каби паст даромадли мамлакатларда, одатда, иқтисодий жиҳатдан “табиий қарор” бўлади. Бошқача қилиб айтганда, аёлларнинг ишлаши кўпинча иқтисодий жиҳатдан самарасиз саналади. Чунки болаларни боғчага бериш, уй-рўзғор ишлари хизматини ёки овқат тайёрлаш хизматини сотиб олиш каби харажатлар аёлнинг ишлашидан келадиган даромаддан кўпроқ бўлиши мумкин. Яъни ҳақ тўланадиган ишнинг муқобил қиймати бўлмиш ҳақ тўланмайдиган ишнинг қиймати анча юқори. Шу туфайли, аёлларнинг ишламаслиги оилага иқтисодий жиҳатдан фойдалироқ ҳисобланади. Масалан, ўзбекистонлик аёлларнинг учдан икки қисми 2 млн сўмгача маош олади. Шу билан бирга, атиги 1 фоизининг ойлик маоши 5 млн сўмдан ошади.
Кўриб турганингиздек, бундай маош билан аёлларнинг ишлаши, оила учун иқтисодий жиҳатдан норационал қарор саналади. Овқат, транспорт, уй юмушлари хизмати ёки бола тарбияси хизматини сотиб олиш харажатлари аёлларнинг ўртача ойлик маошидан анча юқори. Нафақат Ўзбекистонда, балки барча камбағал мамлакатларда шу омил сабаб ҳақ тўланадиган ишларда аёлларнинг улуши эркакларнигига нисбатан кам бўлади.
HeadHunter маълумотига кўра, Ўзбекистонда аёллар асосан тиббиёт, таълим муассасалари, бухгалтерия, ходимларни бошқариш, санъат ва маданият каби хизматлар соҳасида ишга таклиф қилинади. Шу билан бирга, 2023 йил якунларига кўра ЯИМ таркибида хизматлар соҳаси улуши 43,4 фоизни, қурилиш, саноат ва қишлоқ хўжалиги улуши эса 56,6 фоизни ташкил этган. Хизматлар соҳасида Тошкент шаҳрининг улуши 45-50 фоиздан юқори эканини инобатга олсак, бошқа вилоятларда аёллар учун иш таклифи Тошкент шаҳрига нисбатан анча камлигини тахмин қилиш мумкин. Қисқа қилиб айтганда, мамлакатда аёллар ишга таклиф қилинаётган сектор улуши эркаклар таклиф қилинаётган сектор улушидан камроқ.
Маданий нормативларнинг иқтисодий илдизи
Гендер тенгсизлиги ёки консерватив қарашлар – иқтисодий шароитларга мослашган ижтимоий нормативлардир. Иқтисодий шароитлар яхшилангач, бундай нормативлар ўзгариши мумкин.
Масалан, Истер Дюфлонинг "Аёлнинг имкониятлари ва иқтисодий тараққиёт" номли тадқиқотида иқтисодий имкониятлар ошгани сари аёллар меҳнат бозорида фаолроқ бўла бошлаши таъкидланган. Иқтисодий ресурсларнинг кўпайиши, табиийки, уй ишларидаги юкни камайтиради ва меҳнат бозорида аёллар ҳам фаолроқ иштирок эта олади.
Осон сотиладиган жавоблар
Патриархал маданиятни асос қилиб келтириш иқтисодий мантиқни тушунтиришдан кўра осонроқ. Эркаклар аёлларга “ишлама, уйда ўтир” дейиш орқали иқтисодий самарасизликни яширишга уринишлари мумкин. Бошқача қилиб айтганда, ишлаш қимматга тушишини тушуниш ва тушунтиришдан кўра, ўзининг доминант эканини эслатиш енгилроқ жавоб бўлиши мумкин.
Гари Беккернинг оила иқтисодиёти бўйича назариясида гендер роллари ва қарорлар кўпинча иқтисодий фойда ва харажатларга асослангани таъкидланади. Унинг “Оила ҳақида рисола” номли асарида оилалар вақт ва ресурсларни қандай тақсимлаши ва ўзаро келишувга келишини таҳлил қилади. Беккернинг назарияси анъанавий гендер ролларини оила ичидаги ихтисослашувнинг оқибати сифатида тушунтиради. Ҳаммаси оддий: меҳнат бозорида юқори даромад олиш имконига эга шахс (одатда эркак) ишлайди, аёл эса уй хўжалиги ишларига эътибор қаратади. Бундай қарорлар оиланинг умумий фойдасини максимал даражага етказиш мақсадида қабул қилинади. Шу билан бирга, гендер нормативлари иқтисодий ўзгаришларга мослашади, деб таъкидлайди у.
Нима учун аёлларнинг иш ҳақи эркакларникига нисбатан паст?
Камбағал мамлакатларда меҳнат бозорида аёлларга нисбатан дискриминация кенг тарқалган. Бу муаммо ҳам иқтисодий шароитлар билан боғлиқ.
Ривожланмаган иқтисодиётларда, жумладан Ўзбекистонда ҳам, юқорида ёзилганидек кўпроқ қўл меҳнати талаб қилинадиган соҳалар ривожланган бўлиб, улар одатда эркаклар учун мосроқ ҳисобланади. Бу аёлларнинг меҳнат бозорида дискриминацияга учрашига олиб келади.
Бундан ташқари, аёллар фарзандли бўлгандан кейин касбий фаолиятини чеклашга ёки танаффус қилишга мажбур бўлишади. Бу эса уларнинг иш имкониятларини пасайтириши мумкин. Кўплаб иш берувчилар аёлларнинг туғруқ таътили ёки оилавий мажбуриятлари сабабли улар камроқ фойда келтиради деб ҳисоблашади. Бу ҳақда иқтисодчи Чарлз Уилан ҳам ўзининг "Яланғоч иқтисодиёт" китобида ёзиб ўтган.
Хулоса
Аёлларнинг ишламаслиги кўпинча маданий нормативлар ёки гендер тенгсизлигига боғлиқ, деган фикр юзаки ва нотўғри бўлиши мумкин. Асл сабаб камбағал мамлакатлардаги иқтисодий шароитлар билан боғлиқ. Маданий нормативлар ёки биз кўп тилга оладиган гендер тенгсизлиги бу шароитларнинг оқибати бўлиб, улар иқтисодий шароит яхшиланганда ўзгариши мумкин. Иқтисодий ўсиш аёлларни меҳнат бозорига жалб қилади, уларнинг таълим даражаси ҳамда иш ҳақларининг ошишига олиб келади.
Муҳаммад Турниёзов
“Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Хусийлар Исроилга йирик ҳужум ҳақида эълон қилди
Макрон: “АҚШ Россияни Украина бўйича музокаралар ўтказишга кўндириши керак”
Гвардиола “Манчестер Сити”нинг муваффақиятсизлиги сабабчиси ким эканини айтди
5 январда кечаси ва эрталаб бироз қор ёғиши мумкин
Аббосбек Файзуллаевни гранд клуб олиб кетади...
Блинкен: “АҚШ Украинага уруш бошланишидан олдин яширинча қурол беришни бошлаган”
Кўп сув ичиш организм учун қай даражада фойдали?
Японияда Ер юзидаги энг кекса аёл вафот этди