16:30 / 23.01.2025
73

Сенат раиси: “Иқтисодиётни иқлим ўзгаришига мослаштириш зарур”

Сенат раиси: “Иқтисодиётни иқлим ўзгаришига мослаштириш зарур”
Фото: Олий Мажлис Сенати
Танзила Норбоева 2025 йилда мамлакат ривожланишининг устувор ёндашувлари белгиланганини маълум қилди. Сенат раисига кўра, белгиланган ҳар бир мақсад ва вазифа Глобал Барқарор ривожланиш мақсадлари билан ҳамоҳанг.

Сенатнинг учинчи ялпи мажлисида Танзила Норбоева ўтган йил мамлакатда барча соҳаларда барқарор ривожланиш суръатлари таъминланганини қайд этди.

Жорий йилда ҳам катта марралар олганмиз. “Ўзбекистон–2030 стратегиясини Атроф-муҳитни асраш ва яшил иқтисодиёт йилида амалга оширишга оид давлат дастурида жорий йилдаги мақсад ва вазифалар аниқ акс эттирилган.

Давлат дастури лойиҳаси икки ҳафта давомида кенг жамоатчилик, жумладан Сенат қўмиталарида ҳам муҳокама қилинди. Қатор муҳим таклифлар билдирилди. Энди дастур имзоланиши билан унинг ижросида барчамиз – парламент, ҳукумат, маҳаллий кенгашлар бир бўлиб ҳаракат қилишимиз, белгиланган ҳар бир вазифа сўзсиз, ўз вақтида ва сифатли бажарилишини таъминлашимиз зарур
”, дея таъкидлади Танзила Норбоева.

Сенат раисига кўра, 2025 йилда мамлакат ривожланишининг устувор ёндашувлари сифатида қуйидагилар белгилаб олинган:
  • маҳалла, кўчаларда яшиллик даражасини ошириш, экологик жиҳатдан қулай ва фаровон яшаш муҳитини шакллантириш;
  • аҳоли саломатлигини яхшилаш, экологик турмуш тарзини шакллантириш;
  • табиий ресурсларни тежаш ва улардан оқилона фойдаланиш, экологик барқарорликни таъминлаш;
  • ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини асраш, кўпайтириш ва кейинги авлодга етказиш;
  • “яшил иқтисодиёт” тамойилларини кенг жорий қилиш, иқтисодиётни иқлим ўзгаришига мослаштириш;
  • республика энергобалансида қайта тикланувчи энергия улушини ошириш;
  • иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳада замонавий энерготежамкор технологияларни кенг қўллаш;
  • экологик барқарорликка йўналтирилган ҳудудлар ва тармоқлараро мувофиқлаштирувни таъминлаш.

Мажлисда Сенатнинг жорий йил биринчи ярмига мўлжалланган иш режаси шакллантирилгани ҳам маълум қилинди. Қайд этилишича, унда фаолиятнинг энг асосий йўналишларида 100 дан ортиқ чора-тадбирлар ва уларни амалга оширишнинг аниқ механизмлари белгиланган.

Жумладан, Сенатнинг қонун ижодкорлигидаги роли ва ташаббускорлиги кучайтирилади. Жамият ва давлат ҳаётига оид муҳим масалаларни ҳал этиш бўйича қонунчилик таклифлари илгари сурилади.

Бунда экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, иқлим ўзгариши, оила, аҳоли саломатлигини сақлаш, болаларни зарарли ахборотдан ҳимоя қилиш, туризм, қурилиш соҳаларини ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилади.

Парламент назорати доирасида 50 га яқин долзарб ижтимоий-иқтисодий масалалар юзасидан ўрганиш ва таҳлиллар ўтказиш режалаштирилган. Асосий эътибор ҳудудларга, яъни вилоят, туман, шаҳар, маҳаллаларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, инвестиция, тадбиркорлик, камбағалликни қисқартириш, бандлик, таълим, тиббиёт, ижтимоий ҳимоя, инсон ҳуқуқлари, коррупцияга қарши курашиш, ташқи ва ички меҳнат миграциясини тартибга солиш билан боғлиқ муҳим масалаларга қаратилади.

Бунда фақатгина назорат билан чекланмасдан ўрганишлар, таҳлиллар орқали асосланган таклифлар ишлаб чиқилади. Қолаверса, мавжуд муаммоларни ҳал қилишда вазирлик, идора ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларига кўмаклашиб борилади.

arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият